Линклар

Россия президенти Владимир Путин Санкт Петербург шаҳрида Туркия президенти Ражап Таййип Эрдўғон билан учрашди. Учрашув аввалида Путин туркиялик ҳамкасбининг Россияга ташрифини икки мамлакат ўртасидаги мулоқотнинг қайта ўрнатилаётгани белгиси ўлароқ баҳолади. Айни пайтда президент Эрдўғон Путинни "дўстим" деб атар экан Санкт Петербургдаги музокаралар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларда янги саҳифа очишини таъкидлади.

Туркия президенти Ражап Таййип Эрдўғон Санкт Петербург шаҳрида россиялик ҳамкасби билан учрашар экан уни дўстим деб атади:

- Менинг ишончим комил, дўстим Владимир билан музокараларда бизнинг икки томонлама муносабатларимизда янги саҳифа очилади, - деди Эрдўғон.

Ўз навбатида Россия президенти Владимир Путин Туркияда ўтган ой давлат тўнтаришига уриниш бўлганида туркиялик ҳамкасби Эрдўғонга биринчи бўлиб қўнғироқ қилганини таъкидлади.

-Мен биринчилардан бўлиб Сизга қўнғироқ қилиб, мамлакатда юзага келган ички бўхронни бартараф этиш бўйича қўллаб-қувватлов билдирганман, - деди Путин.

Бу Анқара ва Москва раҳбарларининг ўтган йил рус ҳарбий учоғининг турк ҳарбийлари тарафидан уриб туширганидан буёнги илк учрашувидир.

Суриядаги ҳарбий ҳаво ҳужумларида қатнашаётган Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғининг уриб туширилиши ортидан икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашганди.

Москва Туркия мева-сабзавотининг Россияга олиб киритилишига тақиқ жорий этди.

Шунингдек, россиялик сайёҳларининг Туркияда дам олишларини ҳам тақиқлади.

Санкт Петербургдаги 9 август кунги музокараларда президент Путин Туркия ва Россия алоқалари даражасини Су-24 ҳарбий учоғи уриб туширилишидан олдинги даврдаги даражага кўтариш ва санкцияларни босқичма-босқич бекор қилиш ниятини билдирган.

Июнь ойида эса Туркия президенти Эрдўғон рус учоғининг уриб туширилганидан афсусда эканини билдириб, Москвага мактуб жўнатди.

Шундан сўнг, Путин ва Эрдўғон телефон мулоқоти ўтказиб, учрашишга келишиб олишгани хабар қилинганди.

XS
SM
MD
LG