Линклар

Болаларини тиланчилик қилишга мажбурлаган ўзбекистонлик аёл судланди


Иллюстрация. Лавҳада тилга олинган воқеага суратдаги аёлнинг алоқаси йўқ.

Иллюстрация. Лавҳада тилга олинган воқеага суратдаги аёлнинг алоқаси йўқ.

Доғистондаги Хасавюрт шаҳри ҳудудидан ўтадиган “Кавказ” федерал трассасида 4 боласини тиланчилик қилишга мажбурлаган ўзбекистонлик аёл судланиб, 1 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди.

Республика прокуратурасидан Озодлик олган маълумотга кўра, Г. Ғуломова исмли аёл 2006, 2008, 2010, 2013 йилларда туғилган фарзандаларини “Кавказ” федерал трассасидан ўтадиган автомашиналар ҳайдовчиларидан пул сўрашга мажбурлаган.

Айтилишича, аёлнинг ўзи ҳам 2015 йилда туғилган яна бир фарзанди билан шаҳар кўчаларида ўтган-кетгандан пул сўраб, кун кечириб келган.

Доғистон республикаси прокуратураси расмийси Татьяна Голубованинг айтишича, ўзбекистонлик аёл устидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 151- моддаси, 2- қисми (“Вояга етмаганни аксилижтимоий ҳаракатларга жалб этиш”) моддаси бўйича иш қўзғатилган бўлиб, суд уни 1 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Ғуломовага тайинланган жазони ижро этиш муайян муддат кейинга қолдирилди.

- Унга нисбатан жазони ижро этиш кейинга сурилди. У депортация қилингани йўқ, озодликда юрибди, билишимча. Жазони ижро этиш инспекцияси назоратида қолмоқда, у ерда фақат қайддан ўтиб туради. Инспекция ходимлари унинг болаларни яна тиланчиликка жалб қилинмаслиги устидан кузатиб бормоқда. Кечиктирилган муҳлат давомида у ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаса, одатга кўра, у қамоқ жазосини ўтамайди, деди Доғистон прокуратураси юристи Татьяна Голубова.

Бироқ, аниқланишича, суд ҳукмида судланган аёл жазони энг кичик фарзанди 14 га кирганда ўташни бошлаши белгилаб қўйилган.

Татьяна Голубова маҳаллий васийлик қилувчи ташкилотлар томонидан тиланчи аёл болаларини вақтинча онадан тортиб олиш масаласи кўрилгани, аммо фарзандлар куни кеча отаси ҳамроҳлигида Ўзбекистонга юборилганини маълум қилди.

- Бешала бола отаси билан бирга ўз юртига жўнаб кетишди, аёл қолди. Чунки унинг жазо муддати тугамаган. Ишонаманки, бироз вақтдан кейин унга ҳам болалари олдига кетишга рухсат берилади, дея ишонтирди Доғистон прокуратураси расмий вакиласи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG