Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:34

Қашқадарёга Мирзиёевнинг “десанти” ташланаяпти


Қарши шаҳри
Қарши шаҳри

Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари, солиқ, молия ва бошқа вазирликлар ходимларидан ташкил этилган 200 кишилик махсус гуруҳ Қашқадарё вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари, халқ хўжалиги соҳаларини текшириш учун эрта-индин Қарши шаҳрига келиши кутилмоқда. Вилоят ҳокимининг буйруғи билан Қарши давлат университетининг иккита ётоқхонасидаги хоналар гуруҳ аъзолари учун бўшатилиб, сочиқ, тиш чўткаю совунгача тайёрлаб қўйилди. Текширувчилар учун уч маҳал иссиқ овқат ҳам ташкил қилинади.

Текширувчилар учун чойшаб ва совун

Ўзбекистон Бош вазирининг топшириғи билан МХХ, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа вазирликлардан текширувчилар катта гуруҳи келаётганини вилоят ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими тасдиқлади:

“Икки юздан ортиқ текширувчилар гуруҳи келяпти. Улар учун Қарши давлат университетининг иккита талабалар ётоқхонаси тайёрлаб қўйилди. Ҳамма хоналар тиш пастаси, чўткаси, совун, сочиқ, янги оппоқ чойшаблар билан жиҳозлаб қўйилди. Текширувчиларга уч маҳал иссиқ овқат ташкил қилинади. Қарши туманига борадиганларига эса, кечки овқат ўша ернинг ўзида ташкил қилинади”, деди мулозим.

Унинг айтишича, текширувчиларга яхши шароит тайёрлаб бериш учун барча идоралар сафарбар этилган:

“Ҳокимнинг топшириғи билан ҳамма меҳмонларни камчиликсиз кутиб олишга ҳаракат қиляпмиз. Ташкилотлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Ҳокимият ҳам, ички ишлар ҳам ёрдам бермоқда”, деди ҳокимлик мулозими.

Расман тасдиқланмаган маълумотга кўра, Бош вазирнинг махсус гуруҳи Қарши шаҳри, Қарши тумани ва Чироқчи туманларида комплекс текширув олиб боради.

Қашқадарё вилояти тиббиёт бирлашмасининг исми сир қолишини сўраган шифокорларидан бирининг айтишича, текширувчилар ҳаражатларини қоплаш учун ташкилотларга солиқ солинган:

“Меҳмонларнинг озиқ-овқати, уларни олиб юрадиган автомобилларга бензин пули ва бошқа харажатлар ташкилотлар раҳбарлари зиммасига юкланган. Масалан, меҳмонларнинг соқол олиши учун станоклар, сочиқ, совун, шампунь каби харажатлар учун туман касалхонасининг бўлим бошлиқларидан пул йиғилмоқда”, деди шифокорлардан бири.

“Текширувчилар амалдордан эмас, халқдан сўрасин!”

Қарши туманида яшайдиган 63 яшар Қурбон Бозорбоев текширувчиларнинг оддий одамлар билан ҳам суҳбатлашиб, уларнинг дардларига қулоқ солишидан умидвор эканлигини айтади:

“Текширувчилар ҳеч бўлмаса одамлардан газ ҳақида сўрасин. Ёқилмаган газ учун қарздорликни халқнинг бўйнига миллион-миллион сўм қилиб уриб ташлаган. Ҳисоблагичи бор хонадонларга ҳам қарз ёзган. Ҳозир 22 та қишлоқни газдан узиб ташлаган. Мана шуларни текширсин. Пенсиялар неча ойдан бери берилмаяпти, ана шуларни сўрасин”, дейди Қурбон Бозорбоев.

Махсус гуруҳ нималарни текширади?

Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари ва вазирликлар ходимларидан ташкил топган махсус гуруҳ вилоятда комплекс текширув олиб бориш учун юборилгани айтилади.

Бу гуруҳга Вазирлар Маҳкамасидан ва ёки бирор вазирликдан катта лавозимдаги шахс раҳбарлик қилади.

Гуруҳ ҳуқуқ-тартибот идоралари ва халқ хўжалигининг барча соҳаларини текшириб чиқади ва унинг натижаларини Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевга тақдим этади.

Илгари ана шундай текширувчилар гуруҳида бевосита иштирок этган журналист Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, бундай текширишларга жойлардан борган хабарлар сабаб бўлиши мумкин:

“Планли текшириш ёки сигналлар кўпайгани сабабли махсус уюштириладиган текширишлар ҳам бор. Илгари бундай текширишлар натижалари фаоллар йиғинида муҳокама қилинган. Энди эса бу текширишларда шаффофлик йўқ. У ёки бу текширишнинг якуни бирор бир жойда муҳокама қилинганини мен кўрмайман. Текшириш натижаси юқорида ўтирган тўртта одамнинг ўртасида муҳокама бўлганидан кейин, қанақа шаффофлик ҳақида гап бўлиши мумкин? Шунинг учун текширувчиларнинг тепасида ким турган бўлса, у кишининг кайфияти, у кишининг муносабати ҳамма нарсани ҳал қилади”, деди Шароф Убайдуллаев.

Ўзбекистонда Бош вазир ташкил этган текширувчилар "десант"ининг у ёки бу вилоятларга ташланиб турилиши тез-тез кузатилади.

Текшириш натижаларига кўра, айрим вилоят ҳокимларининг ишдан олингани ёки қаттиқ ҳайфсан билан жазоланиш ҳолатлари бўлган.

XS
SM
MD
LG