Линклар

Туркия Россия билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш режаси тўғрисида баёнот берди


Россия ва Туркия президентлари 9 август куни Санкт-Петербургда учрашди.

Россия ва Туркия президентлари 9 август куни Санкт-Петербургда учрашди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Анқаранинг Россия билан “ҳамкорликдаги мудофаа, разведка ва дипломатия механизмлари”ни ишга тушириш режалари тўғрисида баёнот берди. Вазирнинг сўзларига кўра, ҳар иккала давлатнинг Суриядаги можаро ечимига оид қарашлари ўхшашдир.

Бу ҳақда хабар қилган Reuters агентлигига кўра, Чавушўғли Туркия Россиянинг озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан жорий этган эмбаргосини бекор қилишини ҳамда Москвадан “Турк оқими” газ қувури бўйича қўшимча келишувларни кутмоқда. Туркия ташқи ишлар вазири, шунингдек, Россия билан алоқаларнинг яхшиланиши Анқаранинг Ғарб билан муносабатлари белгиси эмаслигини таъкидлаб ўтган.

Россия ва Туркия президентлари 9 август куни Санкт-Петербургда ўтган учрашувдан сўнг икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни муносабатлар бузилгунига қадар бўлган даражага олиб чиқиш асосий вазифа экани тўғрисида баёнот бергани тўғрисида олдинроқ хабар қилинган эди.

Президент Владимир Путин Россия Туркияга нисбатан жорий этилган санкцияларни босқичма-босқич қисқартириб боришини таъкидлади.“Олдинда бизни савдо-иқтисодий ҳамкорликни жонлантириш каби оғир вазифа кутиб турибди”, деди Путин.

Бунга жавобан президент Режаб Тоййиб Эрдўғон икки давлат аввалги муносабатларни тиклашга муваффақ бўлишига ва ҳамкорлик аввалгисидан ҳам яхшироқ бўлишига ишонишини айтди.

Бу Анқара ва Москва раҳбарларининг ўтган йил рус ҳарбий учоғининг турк ҳарбийлари тарафидан уриб туширганидан буёнги илк учрашувидир.

Суриядаги ҳарбий ҳаво ҳужумларида қатнашаётган Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғининг уриб туширилиши ортидан икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашганди.

XS
SM
MD
LG