Линклар

Путин Киевни “террорсеварлик”да айбламоқда


Россия президенти Владимир Путин.

Россия президенти Владимир Путин.

Россия президенти Владимир Путин Украина ҳукуматини тинчликдан кўра террор йўлини маъқул кўраётганликда айблади ва Москва Қрим яримороли хавфсизлигини таъминлаш учун “жиддий чоралар” кўришидан огоҳлантирди.

Путин бу изоҳни Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ўзининг икки ходими Қримдаги икки турли эпизодда ҳалок бўлганига оид баёнотидан кейин берди.

ФХХ бу ҳодисалар чоғида Қрим инфратузилмасининг ҳаётий жиҳатдан муҳим объектларида Украина разведкаси ва Мудофаа вазирлиги томонидан ҳозирланган саботаж акцияларининг олди олинганини иддао қилмоқда.

Украина президенти Петро Порошенко бу айбловларни “хаёлот” ва янги ҳарбий таҳдидлар учун баҳона, деб атади. Украина Мудофаа вазирлиги Россия ФХХ иддаосини “тажовуз ҳаракатлари”ни оқлаш ҳамда Қримга ҳарбий бўлимларни қайта жойлаштиришга уриниш ўлароқ баҳолади.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Дмитро Кулеба эса Twitter микроблогидаги ўз саҳифасида: “Путин уруш давом этишини хоҳламоқда. Россия тарангликни кучайтираяпти, жон-жаҳди билан казус белли (“уруш учун баҳона” маъносида – таҳр.) излаяпти, Ғарб реакциясини текшираяпти”, деган ёзув қолдирди.

Сўнгги пайтларда Украина шарқида ҳукумат кучлари ва Москва томонидан дастакланаётган айирмачилар ўртасида тўқнашувлар кучайди.

XS
SM
MD
LG