Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:22

Жиззахда икки мардикор ўзи қазиган чуқурда ҳалок бўлди


Жиззах вилоятида канализация қазиш ишларини олиб бораётган икки нафар ишчи тупроқ остида қолиб ўлди. Меҳнат хавфсизлигини таъминламаган ҳолда ишчиларни ишлатгани гумон қилинаётган давлатга қарашли “Файз” коммунал-қурилиш ширкати раҳбарияти бу юзадан жавобгарликка тортилган.

9 август куни Жиззах шаҳрининг Олмазор маҳалласида канализация учун хандақ қазиш пайтида икки ишчи кўчки тагида қолиб ўлган.

Ҳодиса жойига зудлик билан етиб келган қутқарувчилар ишчиларнинг жасадларини чуқурлиги 5 метр бўлган ўпирилган траншеядан чиқариб олган.

Воқеа гувоҳлари ҳалок бўлганлар “Файз” коммунал-қурилиш ширкатига ёлланган, малакаси бўлмаган ва техника хавфсизлиги қоидаларини билмайдиган мардикор ишчилар бўлишганини айтишди:

“Канализация техника хавфсизлиги чоралари кўрилмасдан қазилаётган бўлган. Оқибатда хандақ деворлари ўпирилиб, ер остида ишлаётган икки мардикорни тупроқ босиб қолди”, деди исми сир қолишини истаган жиззахликлардан бири.

Ҳозирда Жиззахда ишчиларнинг ўлими юзасидан шаҳар ички ишлар бошқармаси суриштирув олиб бормоқда.

“Файз” коммунал-қурилиш ширкатининг техника хавфсизлигига масъул раҳбарлари жавобгар сифатида сўроққа чақиртирилмоқда.

Жиззах ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбасига кўра, ўлган йигитлардан бирининг исми-шарифи аниқланган ва у 1978 йилда туғилган Бегмонов Ихтиромдир.

Яна бир ишчининг шахси ҳозирча аниқланмаган.

Жиззах шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийлари воқеа юзасидан жиноят иши очилгани ва прокуратурага оширилганини тасдиқлашди.

Жиззахдаги масъулияти чекланган “Файз” коммунал-қурилиш ширкатидагилар суриштирув давом этаётгани сабаб ҳодиса юзасидан изоҳ беролмасликларини айтишди.

Ширкат ҳалок бўлганларнинг оила-аъзоларига товон пули тўлайдими, деган саволга ҳам ширкат раҳбариятидан аниқ жавоб бўлмади.

Ўзбекистода мардикорларнинг меҳнат ҳақи анча арзон. Шунинг учун ҳам маҳаллий иш берувчилар арзон ишчи кучи бўлган мардикорларни ёллашни афзал кўради.

Техника хавфсизлиги қоидаларини билман ишчиларнинг ишга ёлланиши сабаб эса бахтсиз ҳодисалар рўй беради.

Ўтган йили Ўзбекистондаги Бекобод цемент заводида икки ишчини тупроқ босиб қолган эди.

Ундан олдин Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг Кўчбулоқ қишлоғи яқинида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг ташландиқ конидаги портлаш оқибатида ўнлаб одам тоғ тагида қолиб кетган эди.

XS
SM
MD
LG