Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:10

Қирғизистонда Россия уюштирган қирғинни геноцид деб тан олиш талаб қилинмоқда


Қирғизистонда 1916 йил қурбонларини хотирлаш маросимлари 5 августдан бошланди.
Қирғизистонда 1916 йил қурбонларини хотирлаш маросимлари 5 августдан бошланди.

Қирғизистонда Марказий Осиёдаги 1916 йил қонли воқелари қурбонларини хотирлаш тадбирлари 5 августда бошланиб, шу кунгача давом этмоқда. 1916 йил воқеаларини хотирлаш бўйича ташкил этилган ҳукумат комиссияси ва мустақил комиссия ўртасида хотира тадбирлари бошланганидан сўнг кўплаб келишмовчилилкар юзага чиқди. Жумладан, мустақил комиссия 1916 йил воқеасини Чор Россияси томонидан уюштирилган геноцид деб баҳолашни талаб қилмоқда, ҳукумат комиссияси эса бунга рози бўлмаяпти.

Чор Россияси томонидан 1916 йилда подшо Николай Иккинчи сиёсчатига қарши кўтарилган қўзғолон иштирокчиларининг қирғин қилинганини хотирлаш тадбирларидаги келишмовчиликлар мустақил комиссия қирғин қурбони сифатида талқин қилинаётган одамнинг ҳокини Бишкекдаги “Ата Бейит” мемориалига дафн қилишни талаб қилгани, ҳукумат комиссияси эса бунга рухсат бермагани ортидан бошланди.

- Бизни шу тарзда қирғин қилгани, манқуртларга айлантириб қўйгани учун Россия подшолигини қоралайман. Ҳукумат “Ата Бейит”да миллионлаган сўм сарфлаб 1916 йил қурбонлари хотирасига ёдгорлик ўрнатаяпти, лекин қирғин қурбони бўлган бир одамнинг ҳокини кўмишга ер бермаяпти. Биз бу одамнинг ҳокини ҳукуматга топширишга ишонмаяпмиз. Чунки ҳукумат экспертлари: “Бу одам қирғин қурбони эмас, бу 25 йил аввал кўчада ўлиб қолган бомжнинг ҳоки”, деган хулосани ҳам чиқариб бериши мумкин. Шунинг учун уни ўзимиз бошқа ерга дафн қиламиз, -деди мустақил комиссия вакили Азимбек Бекназаров.

Баҳсга сабаб бўлган ҳок Чор Россияси томонидан 1916 йилда қирғин уюштирлган жойлардан биридан топилган эди. Қирғинни хотирлаш бўйича ҳукумат комиссияси вакили Султан Раев ҳукумат бу ҳокни “Ата Бейит”га дафн қилишга қарши эмаслигини, фақатгина аввал экспертиза ўтказишни талаб қилаётганини айтди:

-“Ата Бейит” музей комплекси ҳисобланади. Бу ерда ҳамма иш фақат ҳукумат қарорига асосан амалга оширилади. Биз ҳок экспертизадан ўтказилишини талаб қилдик, холос. Бундан аввал 1916 йил қирғини қурбонларининг ҳоклари кўплаб топилган, лекин улар қаердан топилган бўлса, ўша ерга дафн қилинган.бу масалада ҳеч қандай баҳслар ҳам юзага келмаган, -деди Султан Раев.

Қирғизистон президентининг 1916 йил воқеалари қурбонларини хотирлаш бўйича махсус Фармонида қирғин қурбонларининг ҳокини топиб, уларни мусулмончилик шартларига риоя қилган ҳолда қайта дафн этишга ҳам кўрсатма берилган. Бунинг учун ҳукумат бюджетидан 45 минг доллар пул ажратилган.

Ҳуқуқ фаоли Турсунбек Ақун журналистларга ҳукумат комиссияси ва мустақил комиссия 1916 йилги қирғинга сиёсий баҳо беришда ҳам тил топиша олмаётганини маълум қилди. Унга кўра, мустақил комиссия қирғинни геноцид деб баҳолашни талаб қилмоқда, ҳукумат комиссияси эса бунга қаршилик қилаяпти.

Жорий йилда Самарқанд, Хўжанд, Сирдарё ва Фарғона водийсида, замонавий Қирғизистоннинг шимолий вилоятларида 1916 йилнинг 4 июлида кўтарилган халқ қўзғолонлари ва бу исёнларнинг Чор Россияси томонидан аёвсиз бостирилганига 100 йил тўлди. Тарихчиларга таянилса, қўзғолонларни бостириш чоғида камида 500 минг киши қириб ташланган.

Тарихий ҳужжатларда қўзғолонларнинг асосий қисми замонавий Ўзбекистон ҳудудида бўлиб ўтгани айтилади. 1916 йилнинг июлида Самарқандда 25 та, Сирдарёда 20 та, Фарғона водийсида 86 та қўзғолон кўтарилган. Барча исёнлар Россия қўшинлари томонидан аёвсиз бостирилган. Чор ҳукумати исёнларни бостириш учун 1916 йилнинг 17 июлидан бошлаб Туркистон ўлкасида фавқулодда ҳарбий ҳолат жорий этишга мажбур бўлган.

Исёнчиларга қарши 30 минг рус ҳарбийси пулемёт ва замбараклардан ўқ отган. Ёз охирларига бориб Самарқанд, Сирдарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийсидаги исёнлар бостирилган.

Бироқ Ўзбекистонда 1916 йил воқеаларининг юз йиллиги хотирланмаяпти.

XS
SM
MD
LG