Линклар

Рио—2016: Руслан Нуриддинов олтин медал соҳиби ва Олимпиада рекордчисига айланди


Руслан Нуриддинов.

Руслан Нуриддинов.

Душанба оқшомида 105 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги оғир атлетикачилар мусобақасида ўзбекистонлик штангачи Руслан Нуриддинов барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлди.

У даст кўтаришда 194 кг, силтаб кўтаришда 237 кг тошни ўзига бўйсундириб, Олимпиада чемпиони унвонини қўлга киритди. Руслан силтаб кўтаришда Олимпиада рекордини янгилашни ҳам уддалади. Бу борада аввалги рекорд (236 кг) Пекин Олимпиадасида беларуслик Андрей Арамнау томонидан ўрнатилганди.

Руслан Нуриддинов Ўзбекистон тарихида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони бўлган энг биринчи спортчидир. Бу муваффақиятга у 2013 йил октябрида Польшада ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида эришганди. Шундан сўнг спортчига «Ўзбекистон ифтихори» унвони берилган.

Руслан Нуриддиновнинг ғалабасидан кейин Ўзбекистон делегацияси медаль жамғариш рейтингида 25-ўринга кўтарилди. Шу кунда ўзбек спортчилари ҳисобида 2 та олтин ва 4 та бронза медали бор.

XS
SM
MD
LG