Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:33

Ўзбекистонда бир боланинг мактабга бориши ўртача 450 минг сўмга тўғри келмоқда


Бу ҳақда Озодлик мухбири суҳбатлашган мактаб ўқитувчилари маълум қилдилар. Ўқитувчиларга кўра, мактабларда дарсликлар ва айрим предметлар бўйича ўқитувчилар етишмаслиги кузатилмоқда. Бу йил ҳам аввалги йиллардаги каби рус тилида ўқитиладиган мактабларга биринчи синф ўқувчилари кўпроқ келмоқда.

Ўзбекистонда 15 кундан кейин янги ўқув йили бошланади. Мазкур сана арафасида Ўзбекистоннинг икки тумани ва пойтахт Тошкент шаҳридаги мактаб ўқитувчилари билан суҳбатлашиб, мавжуд муаммоларни аниқлашга ҳаракат қилдик.

Бўка тумани маориф бўлими расмийси Ҳилола Жўрабоева жорий йилда бошланғич синфлар учун ўтган йилдаги каби китоблар етишмаслиги муаммоси бўлмаслигини, барча дарсликлар тўлиқ олиб келинганини маълум қилди.

-Биринчи синфдан тўртинчи синфгача бўлган барча дарсликлар тўла олиб келинди. Инглиз тили дарсликлари ҳам келди. Ҳозир китоблар мактабларга тарқатилаяпти. Формани оқ-қора кофта –юбка қилдирдик. Биринчи синфга президент совғаси сифатида барча дарсликлар, ўқув қуроллари, сумкалар бепул берилади. Ота-оналар фақат форма сотиб олади, - деди Ҳилола Жўрабоева.

Унга кўра, 2-синфдан бошлаб ўқувчиларга дарсликлар ижарага берилади. Бир комплект дарсликнинг йиллик ижара ҳақи 15 минг сўмни ташкил қилади. Ҳилола Жўрабоева туманда ўқитувчилар етишмаслиги муаммоси борлигини, айниқса рус тилида ўқитиладиган мактабларга эҳтиёж кучли бўлаётганини таъкидлади:

-Мени ўзимда бошланғич синфларда 566 ўқитувчим бор. Бошланғич синфлар учун ўқитувчилар етишмаслиги муаммоси йўқ. Лекин юқори синфлар учун ўқитувчилар анча етишмайди. Биздаги асосий муаммо рус синфлари учун ўқитувчиларнинг етишмаслигидир. Ҳозир рус синфларига эҳтиёж жуда кучли бўлаяпти, ота-оналар болаларини рус синфларга беришга ҳаракат қилаяпти, аммо рус синфлари учун ўқитувчилар етишмаяпти, -деди Ҳилола Жўрабоева.

Сариосиё туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси бўлган Гулбаҳор ўзи яшаётган ҳудуддаги мактабларнинг энг асосий муаммоси дарсликлар етишмаслиги эканини айтди. Унга кўра, дарсликлар жуда эскирган, йиртилиб-титилиб кетган, янги дарсликлар жуда оз. “Айниқса,иккинчи синфдан юқорилар учун дарсликлар етишмаслиги долзарб муаммога айланган”, дейди ўқитувчи.

Гулбаҳор мактабдаги йиғимлар масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

-Мен ўз ўғлимдан мисол қилиб айтсам, ремонтга, спорт фондига, китоб ижарасига, обунага пул тўлайман. Бу йиғимларни ўқитувчилар йиғиб олади. Китоб ижараси йилига 15 минг сўм. Ремонт пули 15 минг сўм. Ўтган йили мен бир боламнинг ўзига мактабга 30 минг сўм пул бердим, -деди у.

Гулбаҳорнинг бир фарзанди мактабга боради. Ундан фарзандини мактабга тайёрлаш учун неча сўм кетганини ҳам суриштирдик.

- Қиз боланинг кийим-кечаги 200 мингларга боради. Ўғил болаларники қимматроқ. Масалан, мен ўзимнинг ўғлимга бир ҳафта аввал 300 минг сўмга кийим қилдим. Бу пулга битта костюм-шим, бир жуфт пойафзал ва битта шапка берди. Ҳали сумкасини ва оқ қўйлагини олиб берганим йўқ. Яна юз минг сўм пул кетади, деб турибман. Чунки сумкасининг ўзи 35 минг сўм экан.ҳаммаси бўлиб 400 минг сўм пул кетади, -деди Гулбаҳор.

Тошкентлик ўқитувчи Гуласал Турсунбоеванинг айтишича, пойтахтда ҳам ота-оналар кўпроқ фарзандларини рус синфларига беришга интилмоқда, лекин Тошкентда ҳам рус тили дарсликлари тақчиллиги сезилмоқда.

-Она-оналар болам рус синфига боради, деб туриб олишаяпти. Уларга биз: “Болангиз рус тилини билмаса, мулоқот қила олмаса, ўқишга қийналади. Бу унга руҳан ва ақлан таъсир қилади”, деб тушунтириш бераяпмиз. Рус синфига талабгорлар кўп, лекин дарсликлар етишмайди. Ўтган йили ҳам ўқувчилар сони жуда кўп бўлган, шунинг учун учинчи ва тўртинчи синфларга рус тили дарсликлари етмай қолди, -деди Гуласал Турсунбоева.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Тошкент мактабларининг ҳар бири Маориф вазирлиги белгилаб берган тартиб асосида ўз мактаб формасини жорий этган. Шунинг учун мактаб кийим-кечаги учун кетадиган пул миқдорини аниқ айтиб бўлмайди:

-Ҳар бир мактабнинг ўзида жорий этилган форма бор. Масалан, бизда қизлар учун кўк сарафан жорий этилган. Бу форманинг андозасини олиб, ота –оналар тикувчиларга тиктиришаяпти, -деди Гуласал Турсунбоева.

XS
SM
MD
LG