Линклар

logo-print

Шимолий Кавказ муфтиси россиялик аёлларни хатна қилишга чақирди


Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштирувчи кенгаши раиси Исмоил Бердиев.

Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштирувчи кенгаши раиси Исмоил Бердиев.

Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштирувчи кенгаши раиси Исмоил Бердиев россиялик барча хотин-қизларни хатна қилиш тарафдори эканлиги тўғрисида баёнот берди.

Бу ҳақда хабар қилган Интерфакс.руга кўра, муфтий чоршанба куни агентлик мухбирига бундай деган:

“Ер юзида бузуқлик бўлмаслиги, аёлларнинг ҳирси озайиши учун уларнинг ҳаммасини хатна қилиш керак”.

Бу сўзларни айтган Исмоил Бердиевга кўра, Доғистоннинг баъзи аҳоли пунктларида хотин-қизларни хатна қилиш амалиёти қўлланилиб келмоқда.

Айни пайтда, Бердиевнинг айтишича, Ислом дини аёлларни хатна қилишни буюрмаган.

“Лекин аёлларнинг сексуал иштаҳасини пасайтириш лозим. Агар бу амал барча аёлларга нисбатан қилинса, жуда яхши бўларди. Аёлни Худо бола туғсин, уни тарбияласин, деб яратган. Хатнанинг туғишга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бундан улар туғмас бўлиб қолмайди. Бузуқлик эса, камроқ бўлган бўлар эди”, деган Интерфакс.ру мухбирига муфтий.

Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштирувчи кенгаши раиси Исмоил Бердиевнинг чоршанба кунги баёнотидан олдин "Правовая инициатива" Инсон ҳуқуқлари жамғармасининг расмий сайтида Доғистонда қизлар хатна қилинишига оид ҳисобот эълон қилинган ва бу публикация жамоатчилик орасидаги баҳс-муноазаралар объектига айланган эди.

Ҳисобот муаллифлари хатна қилинган аёллар ва эксперт врачлар билан ўтказилган суҳбатларга таяниб, хатна қилинган хотин-қизларнинг сезгилари ўтмаслашиши, уларнинг сексуал майли пасайиши тўғрисида ёзган.

"Правовая инициатива" Инсон ҳуқуқлари жамғармасига кўра, қизларни хатна қилиш амалиёти Доғистоннинг 4 туманидаги тоғли қишлоқларда мавжуд. Айтилишича, қизлар, асосан, ёши 3 гача бўлган пайтда, баъзи ҳолатларда эса, 12 ёшгача бўлган қизлар хатна қилинади.

Ҳисоботда айтилишича, хатна қилиш ашаддий камситиш ва ашаддий зўравонлик бўлиб, қизлар ва аёллар ҳуқуқларининг халқаро даражада бузилишидир.

Хатна қилиш амалиёти аксарият ҳолатларда махфий ўтказилади ва амалиётдан сўнг қизларнинг хатна қилинган жойи газаклаб кетади, улар кўп қон йўқотади.

Хатна қилинган аёллар ўз бошидан кечирган оғриқ азоби ва стрессни бир умр эсидан чиқармайди, кўпчилик ҳатто бу амалиёт нима учун қилинганини ҳам тушунмайди, дейилади ҳисоботда.

Юқоридаги лавҳа эълон қилинганидан бир неча соат ўтгач, Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштирувчи кенгаши раиси Исмоил Бердиев россиялик барча хотин-қизларни хатна қилиш лозимлиги ҳақидаги гапидан қайтди.

18 август кунги янги баëнотида Кавказ муфтийси ўзининг фақат нимадир қилиш лозим бўлган бузуқлик муаммоси ҳақида гапирганини иддао қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG