Линклар

logo-print

Рио 2016: Боксчи Бектемир Мелиқўзиев кумуш медалга сазовор бўлди


Рио Олимпиадасининг 75 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги финал учрашувда ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиев Куба вакили Арлен Лопезга мағлуб бўлиб, кумуш медалга соҳибига айланди.

Ўта шиддатли ўтган муштлашув сўнгида уччала ҳакам ҳам ўрта вазндаги бокчилар ўртасида жорий жаҳон чемпиони 23 яшар Арлен Лопезни ғолиб деб топди.

Айнан шу кубалик боксчи ўтган йил октябрида Доҳада ўтган Жаҳон Чемпионати финалида 20 яшар Бектемир Мелиқўзиев устидан ғалаба қозонганди.

Икки иқтидорли боксчига ярим финалда мағлуб бўлган озарбайжонлик Камран Шахсуварли ва мексикалик Мисаел Родригес бронза медаллари билан тақдирланди.

Бектемир Мелиқўзиевнинг кумуш медали ҳисобга олинганда, Ўзбекистон боксчиларининг Рио Олимпиадасида тўплаган медаллари сони ҳозиргача бештага етди.

Битта олтин, иккита кумуш ва иккита бронза медал билан тақдирланган ўзбекистонлик боксчилар, умумжамоа натижаларига кўра, кубалик рақиблари ортидан иккинчи ўринда бормоқда.

Ушбу мусобоқанинг сўнгги кунида яна тўртта жуфтлик ўртасида олтин медал соҳиби аниқланади.

Икки финал учрашувда ўзбекистонлик боксчилар рингга чиқади: 52 килограмгача бўлган вазнда Шахобиддин Зоиров россиялик Мишан Алоянга, 64 килограмгача бўлган вазнда Фазлиддин Ғойибназаров озарбайжонлик Лорензо Сотомайор Коллазога қарши жанг қилади.

XS
SM
MD
LG