Линклар

Шимолий Корея Тошкентдаги элчихонасини ëпди


Шимолий Корея дунëдаги энг ëпиқ мамлакат ҳисобланади.

Шимолий Корея дунëдаги энг ëпиқ мамлакат ҳисобланади.

Шимолий Корея Ўзбекистон пойтахтидаги ўз элчихонасини ëпди. Жанубий Корея нашрларининг ëзишича¸Тошкентдаги Пхенъян дипломатлари мамлакатни тарк этган¸ элчихонага оид бўлган мулк сотувга қўйилган.

Айрим дипломатик манбалар бу ëпилиш Шимолий Корея ҳукуматининг МДҲдаги ўз дипломатик ваколатхоналарини реструктуризация қилиши билан боғлиқ эканини айтмоқда. Бу жараëн натижасида Пхенъян постсовет ҳудудида фақат Россиядаги элчихонасини сақлаб қолишга қарор қилган.

Шимолий Корея элчихонаси ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай расмий билдириш эълон қилмади.

Айни пайтда¸ Жанубий Корея нашрларининг ëзишича¸ Шимолий Корея дипломатлари Сеул ҳукуматининг Тошкентга ўтказган босими остида Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Айтилишича¸ жорий йил январида Пхенъян ҳукумати ядровий қуролларини синовдан ўтказганидан сўнг¸ Жанубий Корея Тошкентдан Шимолий Корея дипломатларини чиқариб юборишни сўраган.

Жанубий Корея ҳозирга келиб Ўзбекистондаги асосий сармоядорлардан бирига айланган ва мамлакатдаги аксар йирик лойиҳалар айнан Сеул маблағи ҳисобига амалга оширилмоқда.

Шимолий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган.

Пхенъян элчихонасининг ëпилиши Ўзбекистон ва Шимолий Корея ўртасидаги дипломатик муносабатлар тўхтатилганини англатмайди.

XS
SM
MD
LG