Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:21

Ўшда қўлга олинган “Яқин Инкор” оқими вакиллари тез орада қўйиб юборилди


"Яқин Инкор" оқимининг иссиқкўллик вакиллари (иллюстратив сурат).
"Яқин Инкор" оқимининг иссиқкўллик вакиллари (иллюстратив сурат).

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорағулжа туманида милиция ходимлари аҳоли орасида рухсатномасиз даъват ишларини олиб борган “Яқин Инкор” диний оқими вакиллари қўлга олинди. Улар орасида вояга етмаган ўсмир ҳам бўлгани айтилмоқда.

Қорағулжада қўлга олинган даъватчилар бир муддат Ўш шаҳридаги вақтинча сақлаш изоляторида тутиб турилган, бироқ маъмурий баённома тузилганидан кейин қўйиб юборилган. Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Аширбаев Озодликнинг қирғиз хизматига етти кишидан иборат гуруҳ муфтиятнинг махсус рухсатномасисиз даъват ишлари билан шуғуллангани учун қўлга олинганини айтди.

- Текширилган пайтда уларнинг ёнида шахсни тасдиқловчи гувоҳнома ҳам, муфтият томонидан даъват учун берилган рухсатнома ҳам бўлган эмас. Улар сочлари ўсган, покистонча кийим кийиб олган эканлар. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўз ваколати доирасида савол берганларида улар терс жавоб қайтаришган. Тушунтириш хати ёзиб беришдан ҳам бош тортишган. Улар Хитой билан чегара яқинида даъват қилиб юришган экан. Шунинг ўзиёқ шубҳа уйғотган, - деди Жениш Аширбаев.

“Яқин Инкор” “Таблиғи Жамоат”дан ажраб чиққан оқим бўлиб ҳисобланади. Бу оқим фаолияти Қирғизистонда тақиқланган эмас. Айни пайтда Ўш вилоят қозиёти вакили Нурғази Эрматов “инкорчилар” уларга бўйсунмаслигини айтади:

- Агар ёш бўлса, ота-онасидан рухсат олган бўлиши керак, оилали бўлса, оиласидан рухсат олиши керак, кейин у ўзи яшаган ердаги участка нозиридан ҳам қоғоз олиб келиши шарт. Шулар асосида биз даъватга рухсат берамиз. Афсуски, “инкор”чиларнинг айримлари бизга бўйсунмаяпти. Бундан ташқари, айримлари оиласини нафақасиз ташлаб чиқиб кетаяпти. Биз уларни бу борада огоҳлантираяпмиз. Уларнинг даъватларидан жамият учун хавф йўқ, бироқ яқинларига зиёни тегиши мумкин, - деди Ўш қозиёти вакили.

Оллоҳдан бошқа ҳар нарсани инкор қилишни ўзига шиор билган “Яқин Инкор” оқими аъзолари, ўз иддаоларича, пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом давридаги каби яшашга интиладилар. Улар соч-соқолини ўстириб, узун либослар кийиб юришади, замонавий техника ютуқларини рад этишади. Бу ҳаракат мансублари бир-икки йил муқаддам Қирғизистон шимолидаги Иссиқкўл ва Чуй вилоятларида, кейин эса Норин вилоятида пайдо бўлган. Энди эса улар Қирғизистон жанубида ҳам даъват ишларини бошлагани аён бўлди. Айрим таҳлилчилар бу оқимни зарарли деб билиб, уни тақиқлаш керак, деган фикрдалар. Ўшлик эксперт Азамат Асатулла ўғли ҳам ана шундай фикрловчилардан.

- “Яқин Инкор” Қирғизистонда экстремистик ҳаракат, деб топилган эмас. Шунинг учун милиция уларни ушлаганидан кейин ҳам ҳеч нарса қилолмайди. Нари борса, 500 ёки 1000 сўм жарима солиб, қўйиб юборишади. Бу борада қонун қабул қилиб, уларнинг фаолиятини чеклаш керак. Чунки улар ватандошларимизни нотўғри йўлга даъват қилишаяпти. Инкорчилар “пайғамбар давридагидек яшаш керак” деб, одамларнинг бошини айлантираяпти, - деди Азамат Асатулла ўғли.

Қирғизистонда “Яқин Инкор” оқими аъзоларининг сони аниқ эмас. Уларнинг аксарияти шимолдаги Иссиқкўл вилоятида яшаши тахмин қилинади. Инкорчилар қиз ва ўғил болаларни мактабда алоҳида ўқитиш, телефон ва телевизорлардан бош тортиш каби ғояларни тарғиб қилиб келадилар.

XS
SM
MD
LG