Линклар

Ўзбек ва қирғиз расмийлари бир-бирлари олдига талаблар қўймоқда


Унгуртоғ (Унгуртепа).

Унгуртоғ (Унгуртепа).

Унгуртоғ, айрим манбаларда эса Унгуртепа деб аталган баҳсли ҳудудда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида душанба куни бўлиб ўтган учрашув томонларнинг бир-бирлари олдига талаб қўйиш билан якунланди.

Қирғиз нашрлари хабарига кўра, Қирғизистон томони 22 август куни ўзбек милиционерларининг баҳсли ҳудудга туширилиши юзасидан изоҳ сўраган ва уларнинг зудлик билан Ўзбекистон ҳудудига қайтарилишини талаб қилган. Ўз навбатида, Ўзбекистон Қирғизистон ҳудудида аввал ушланган ўзбек милиционерини қайтариб беришни талаб қилган.

Шунингдек, Ўзбекистон чегара хизмати вакили қирғизистонлик ҳамкасбларига Ўртатўқай сув омбори атрофидаги милиция постларини олиб ташлаш талабини етказган.

Учрашув чоғида томонлар бу талабларни ваколатли идораларга етказишга келишиб олганлар.

Кечга яқин Озодликнинг қирғиз хизмати ички ишлар идораларидаги ишончли манбаси сўзларига таянган ҳолда 13 август куни чегара бузганликда айбланиб қўлга олинган ўзбек милиционери қўйиб юборилгани ҳақида хабар тарқатди. Манбага кўра, ўзбек милиционерининг иши Олабуқа туман судида кўриб чиқилиб, унга 20 минг қирғиз сўми ёки тақрибан 290 АҚШ доллари миқдорида жарима солинган. Икки томоннинг бошқа талаблари бажарилгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG