Линклар

Ўзбекистонлик милиционер ўн кундан сўнг Қирғизистон қамоғидан озод қилинди


Ўзбекистонда Унгартепа, Қирғизистонда Унгуртоғ деб аталадиган баҳсли ҳудуд.

Ўзбекистонда Унгартепа, Қирғизистонда Унгуртоғ деб аталадиган баҳсли ҳудуд.

Қирғизистоннинг Олабуқа тумани тергов изоляторида 13 августдан бери ҳибсда сақланиб турган Ўзбекистоннинг Косонсой туман Ички ишлар бўлими ходими орадан 10 кун ўтганидан сўнг ватанига депортация қилинди. Ўзбек милиционери Ўзбекистон икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган Унгартепа ҳудудига 7 кишилик милиция десантини ташлагани ортидан ўтказилган музокаралар натижасида ҳибсдан чиқарилган.

Косонсой сув омбори ҳудудида 13 август куни қирғизистонлик ҳамкасблари томонидан қўлга олинган ўзбек милиционери 22 август куни кечга яқин ҳибсдан бўшатилгани ва Ўзбекистонга депортация қилинганини Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Бакит Сейитов тасдиқлади.

Расмийнинг билдиришича, 22 август куни ўзбек милиционери устидан очилган жиноят иши бўйича суд жараёни бўлиб ўтган ва у жарима тўлашга тортилган.

- Бизда мавжуд сўнгги маълумотга қараганда, кеча суднинг қарори билан унга 20 минг сўм (таҳминан 295 доллар -муаллиф) жарима солинган. Жарима тўлангач у депортация қилинган ва ўзбекистонлик ҳамкасблари қўлига топширилган, -деди Бакит Сейитов.

Ўзбекистон матбуотида тарқатилган хабарларга қараганда, ўзбек милиционери Косонсой сув омборини қўриқлаётган пайтда бостириб келган қирғиз милиционерлари томонидан зўрлик билан олиб кетилган. Қирғиз томони эса милиционер Косонсой сув омборини қўриқлаш учун ўзбек милиционерларига ажратилган ҳудудни тарк этиб, қурол билан Қирғизистонга ўтганида қўлга олинганини айтиб келмоқда.

-Наманган вилоят Ички ишлар бошқармаси ходими чегарадан ноқонуний ўтиб, ўзи билан бирга қурол олиб юрганликда айбланиб ҳибсга олинган, -деди Бакит Сейитов.

Қирғизистонда Унгуртоғ, Ўзбекистонда эса Унгартепа деб аталган баҳсли ҳудудга 22 август куни Ўзбекистон икки вертолётда 7 кишидан иборат милиционерлар гуруҳини киритган эди.

Қирғизистон томони ўзбек милиционерларининг баҳсли ҳудудга туширилиши юзасидан изоҳ сўраган ва уларнинг зудлик билан Ўзбекистон ҳудудига қайтарилишини талаб қилган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Қирғизистон ҳудудида аввал ушланган ўзбек милиционерини қайтариб беришни талаб қилган. Мана шу талаб ортидан ўзбекистонлик милиционер бўшатилиб, ватанига қайтарилган.

Сўнгги хабарларга қараганда баҳсли ҳудудда Ўзбекистон ва Қирғизистон Чегара хизматлари расмийлари музокаралар олиб бормоқда. Қирғизистон томони ўзбек милиционери бўшатганидан сўнг Ўзбекистон чегара хизмати вакили қирғизистонлик ҳамкасбларига Косонсой сув омбори атрофидаги милиция постларини олиб ташлаш талабини етказган.

Учрашув чоғида томонлар бу талабларни ваколатли идораларга етказишга келишиб олганлар. Шундан сўнг Ўзбекистон ва Қирғизистон Чегара хизмати раҳбарлари телефон орқали сўзлашган. Бироқ сўзлашув натижалари қандай якунлангани тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.

Ўзбекистон Унгуртепага киритган милиция ходимлари баҳсли ҳудудни тарк этгани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG