Линклар

logo-print

Озодлик билан Россиядан боғланган самарқандлик меҳнат муҳожирининг даво қилишича, унинг паспортини топиб олган маҳаллий яшовчи ундан 100 доллар талаб қилмоқда.

Паспортини сотиб олиш учун пули етмаётганини айтаётган 20 ёшли Алишер бу ҳолатда қандай йўл тутиш мукинлиги билан қизиқди.

Аввал Алишер ҳикояси билан танишинг.

Самарқандлик Алишер бир неча ойдан буён Москва вилоятида ҳаммол бўлиб ишлайди.

У шу йилнинг 12 августида у паспортини йўқотиб қўйди.

- Ишдан кейин, магазинга сигарет олгани киргандим. Бу ерда сигарет олаётган ёшлардан паспорт сўрашади. Чўнтагим қўл солсам, паспорт йўқ. Роса қидирдим, топилмади. Орадан 2 кун ўтгандан сўнг, менга бир рус йигити телефон қилиб, паспортиб топилганини айтди. Мен хурсанд бўлиб, қачон бориб олишим мумкинлиги сўрасам, “6 минг рубл ёки 100 доллар берсанг, кейин паспортингни бераман. Акс ҳолда паспортингни полицияга топшираман” деб пўписа қилди. Мен унга яқинда Ўзбекистондан келганим, бунча пулим йўқлиги, фақат қарз қилиб 3000 рубл беришим мумкин деб айтдим. Кейинги кун паспортни топиб олган кишини олдига ҳам бориб, илтимос қилдим. Барибир кўнмади, деди паспортини йўқотиб қўйган Алишер.

Алишернинг сўзларига кўра, у ҳозирда миграция қайдидан ўтишга ҳам улгурмаган ва “нолегал”га айланган. Озодлик Алишердан паспортини олиб қўйиб, пул талаб қилаётган россиялик билан телефон орқали уланишга муваффақ бўлди. 25-30 ёшларда бўлган бу шахс мигрантдан 6 минг рубль ёки 100 доллар миқдорида “суюнчи” пули талаб қилганини инкор этмади:

- Мен сизларга айтдимку, нарх ўзгармайди,6 минг рубл келтирасан, кейин паспортини оласан. Қандай инсон сизлар? Паспортни текинга олмоқчимисизлар? Нима русларни шундай ахмоқ деб ўйласизларми? Мен ҳам пул ишлашни хохлайман. Агар пул бермасангиз, мен паспортни полицияга топшираман. Уйга жўнаб кетаверасизлар, деди ўзини таништирмаган маҳаллий.

Озодлик Радиоси ушбу вазиятда Алишер қандай йўл тутиши мумкинлигини билиш мақсадида Москвадаги мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Тонг Жаҳони” ташкилоти раҳбари Валентина Чупикка мурожаат қилди.

- Паспорт топган ҳар бир шахс, паспортни полицияга топшириши керак. Ўз навбатда полиция топилган паспортни Ўзбекистон элчихонасига топшириши лозим. Қонун бўйича шундай бўлиши керак. Пул бериб паспорт олиши нотўғри. Паспортни топган шахснинг пул талаб қилаётгани бу жиноий жавобгарлик ҳисобланади. Шахс ҳужжатини ноқонуний ушлаб тутиш бўйича Россия қонунчилигида жавобгарлик кўрсатилган. Алишер ишлаш рухсатномаси, патент олган бўлмаса, ноқонуний, нолегал ҳисобланади. Унинг паспорти бўлиш бўлмаслигидан қатъий назар, полиция тўхтатиб депортация қилади. Пул харажат қилиб ўз паспортини олгандан кўра, полицияга бориб, пасрпортини йўқотганини айтиб, ариза ёзгани маъқулроқдир. Полиция паспорти йўқолгани борасида ҳужжат ёзиб беради ва ушбу ҳужжат билан у Ўзбекистон элчихонасига келиб, “справка о возвращение на родину”, яъни “ватанга қайтиш” ҳужжатини олиши керак бўлади. Ундан кейин Ўзбекистонга кетиши лозим бўлади, деди Валентина Чупик.

Россия қонунчилигига биноан, ўзга шахснинг паспортини ушлаб туриш, ўрнига пул талаб қилиш катта жарима, уч ойгача қамоқ ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш билан жазоланади. Шунингдек, бундай шахс товламачилик моддаси асосида ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG