Линклар

logo-print

Мустақилликка байроқ илаётган ишчиларни ток уриб ўлдирди


Хавфдан огоҳлантириш белгиси

Хавфдан огоҳлантириш белгиси

Мустақиллик байрами арафасида Тошбулоқ шаҳарчасини безатишга сафарбар этилган Наманган тумани ободонлаштириш бўлимининг икки нафар ишчиси электр токи уриши оқибатида ҳалок бўлди. Яна бир ишчи оғир жароҳат билан касалхонага ётқизилди.

Наманган вилояти ҳокимининг мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш ҳақидаги қарорини бажариш Наманган тумани ободонлаштириш бўлимининг уч нафар ишчиси учун фожиали якун топди.

Наманган тумани маркази Тошбулоқ шаҳарчасидаги автомобиль айланма йўли ўртасидаги панони байроқлар билан безаётган ишчилар ушлаган нарвон юқори кучланишдаги электр симига бехосдан тегиб кетган ва ишчиларни ток урган.

Воқеа гувоҳларидан бири, Наманган электр тармоқлари идорасининг ўзини таништирмаган ишчиси 8 август кунги воқеани эслайди.

“Колцевой автомобиль йўлининг ўртасидаги баланд панода Агробанк рекламаси бор. Байрамга тайёргарлик кўриш учун улар ўшандан колцевойга айлантириб лента, байроқчалар тортадиган бўлган. Бунинг учун улар баланд нарвонни йўлнинг ўртасидан кўтариб ўтаётганда, тепада тортилган уч фазали электр симга тегиб кетган ва уларни қаттиқ ток урган”, деди воқеа гувоҳларидан бири.

Гувоҳнинг айтишича, фалокат оқибатида ишчилар 47 яшар Боситхон Қобилов ва Қобилжон Комиловлар воқеа жойининг ўзида ҳалок бўлган. Яна бир ишчи, 41 яшар Абдурасул Турсунов эса оғир аҳволда касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Наманган тумани ҳокимлигининг ободонлаштириш бўлим бошлиғи Комил Нуриддинов Озодлик билан суҳбатда, қурбон бўлганлар эҳтиётсизлик оқибатида ҳалок бўлганини айтди:

“Ҳа, катта фалокат юз берди. Нарвон механически бўлган, ишни битиришгандан кейин тепасини туширмасдан олиб чиқмоқчи бўлишган эканда. Бу йигитлар техника хавфсизлиги дарсларидан ўтгану, эҳтиётсизлик қилишган. Шунақа бўп қолди, энди. Имкони борича қурбон бўлганларнинг оилаларига моддий ёрдам беряпмиз. Суғурта ҳам анча ёрдам қилади экан”, деди Комил Нуриддинов.

Ўзбекистонда корхона ва ташкилотлар ишчиларининг техника хавфсизлигига риоя қилмаслиги оқибатида фалокатлар тез-тез содир бўлиб туради.

Жумладан, ўтган ҳафтада "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси таркибидаги корхона - Ғаллаорол Магистрал газ қувурлари бошқармаси ишчи-хизматчиларидан 10 нафари 20 август эрталаб бошқармага қарашли Канализация насос станциясидаги сув моторларини таъмирлаётиб заҳарли газдан ўлган, яна 3 киши вилоят касалхонаси жонлантириш бўлимига ётқизилган эди.

2015 йилнинг декабрь ойида “Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг тўрт нафар ходими Фарғона шаҳридаги газ қувури қудуқларидан бирига тушиб, ишлаётган пайти газдан заҳарланиб ўлган. Тўрт газчининг ўлимига ҳам техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмагани сабаб бўлгани айтилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG