Линклар

Олимпиададаги эҳтирослар спортчиларнинг ватанларига кўчди


Рио 2016 Олимпияданинг энг кучли эҳтироси ҳакамлар қароридан норозилик сифатида Монголия мураббийсининг рингда ечиниши бўлди

Рио 2016 Олимпияданинг энг кучли эҳтироси ҳакамлар қароридан норозилик сифатида Монголия мураббийсининг рингда ечиниши бўлди

Рио-де-Жанейрода ўтказилган XXXI Ёзги Олимпиада якунига етиб, Олимпия Ўйинлари эҳтирослари спортчилар билан бирга уларнинг ватанларига келди.

Олимпия эҳтирослари, айниқса, постсовет мамлакатларида фавқулодда ёрқин эканлиги кузатилмоқда: бир мамлакатда спортчилар ютуғи миллат ютуғи сифатида нишонланаётган бўлса, бошқасида спортчилар мағлубияти миллат мағлубияти сифатида баҳоланиб, спорт расмийлари танбеҳ олишга улгурди.

Туркманистонда Спорт қўмитаси бошлиғи танбеҳ эшитди

Президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов туркманистонлик спортчилар Олимпиададан медалсиз қайтгани учун мамлакат спорт вазирини жамоатчилик олдида танқид қилди ва унга жиддий ҳайфсан берди.

Ашхободдаги Олимпия шаҳарчасида қурилган Спорт меҳмонхонаси

Ашхободдаги Олимпия шаҳарчасида қурилган Спорт меҳмонхонаси

– Шунча шароитлар, шунча спорт иншоотлари бўла туриб, сен давлатимиз берган ишончни оқламадинг, - деб танбеҳ берди Бердимуҳаммедов Туркманистон спорт қўмитаси бошлиғи Какабай Сеидовга.

Шунча шароитлар, шунча спорт иншоотлари бўла туриб, сен давлатимиз берган ишончни оқламадинг

​Риодаги Ёзги Олимпиадада туркманистонлик тўққиз спортчи қатнашди ва уларнинг ҳаммаси квалификация босқичидан ўтолмади.

Бундан ташқари Туркманистон ҳали шу пайтгача бирон Олимпиадада медаль олган эмас.

Туркманистон ҳукумати дунё андозалари даражасидаги спорт иншоотлари қурилиши учун миллиардлаб доллар сарфлаган.

Қозоғистон. Кузатиб қўйган президент ҳали кутиб олмади

Спортчилар учун зарур барча шароитлар яратиб қўйилганини Қозоғистон президенти Олимпиада олдидан спортчилар билан учрашаркан, айтган эди.

Дзюдо бўйича Қозоғистон терма жамоаси вакиллари Риода

Дзюдо бўйича Қозоғистон терма жамоаси вакиллари Риода

Қозоғистонлик олимпиячилар Риодан 3 та олтин, 5 та кумуш ва 9 та бронза – жами 17 та медаль билан қайтди ва ҳозирча, Нурсултон Назарбоевнинг бу натижага муносабати маълум эмас.

Бразилиядан қайтаётган спортчилар улар яшайдиган шаҳарлар: Астана, Чимкент, Талдиқўрғон ва Қустанайда тантана билан кутиб олингани хабар қилинди.

Халқаро мусобақаларда Қозоғистон номидан иштирок этишини таъминлаш учун чет эллик спортчиларга фуқаролик бераётгани учун Қозоғистон ҳукумати кейинги йилларда кўп айтилмоқда.

Маълумотларга қараганда, Риода асли озарбайжонлик, хитойлик, туркиялик ва мўғулистонлик спортчилар Қозоғистон номидан иштирок этган. Масалан, таэквондочи Жансель Дениз туркиялик қозоқ бўлиб, шу пайтгача 8 марта Туркия чемпиони бўлган.

Аслида, Қозоғистон ҳукумати юқори натижалар спортини (Олимпиадалар, деб ўқинг) ривожлантириш учун 2015 йили 14 219 488 минг танга ажратган (тақрибан $41 млн.) Бу пул умуман спорт ва жисмоний тарбия учун ажратилган 31 900 033 минг танганинг қарийб ярмидир.

Ўзбекистон. Ҳамма аэропортга!

Олимпиячиларни кутиб олишни Тошкент “қотирди”, демоқда шу кунда кўпчилик. Риодан 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза билан қайтаётган спортчиларни кутиб олиш ҳукумат томонидан уюштирилди.

Ўзбекистон ооимпиячилари Тошкент аэропортида

Ўзбекистон ооимпиячилари Тошкент аэропортида

Ғалабадан руҳланган спорт мухлислари ўз ихтиёри билан спортчиларни кутиб олишга тайёр эканлигига қарамай, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 22 август куни Тошкент шаҳрида жойлашган олий ўқув юртлари ректорларига спортчиларни кутиб олишга талабаларни жалб этишни буюрди.

Натижада бу воқеага мутлақо қизиқмаганлар ҳам кутишга чиқишга мажбур бўлдики, бу “оламшумул воқеа” мана бундай шикоятларни пайдо қилди:

Биз йўл четида соат 6.30дан 11гача турдик. Юнусобод¸ Сергелидан келган қизлар бор эди. 11дан кейин эса на Юнусободга¸ на Сергелига автобус бор. На овқат¸ на сув¸ на транспорт беришди

"Бизга телефон қилишди ва парадний формада келинглар дейишди. Ҳеч ким ҳеч нарса ҳақида огоҳлантирмади. Соат 6да бизни йиғишди ва олимпиа чемпионларини кутиб оламиз дейишди. Соат 8да учиб келишади ва соат 8.30да ўтишади¸ шу билан уйга кетасизлар¸ дейишди. Биз йўл четида соат 6.30дан 11гача турдик. Юнусобод¸ Сергелидан келган қизлар бор эди. 11дан кейин эса на Юнусободга¸ на Сергелига автобус бор. На овқат¸ на сув¸ на транспорт беришди”, деб ёзди Озодликка спортчиларни кутишга мажбурланганлардан бири.

Спортчиларни кутиб олишга шахсан Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ўзи чиқди. Бир кун ўтиб улар президент Каримов қабулида бўлди. Умумий ҳисобда уларга бир ярим миллион доллар мукофот бериладиган бўлди.

Тожикистон ва Қирғизистон. Парвоздаги спортчилар

Ушбу сатрлар ёзилаётган дақиқаларда тожикистонлик ва қирғизистонлик спортчилар ҳали ватанига етиб келгани йўқ эди.

Тожикистонлик Олимпия чемпиони Дилшод Назаров (чапда)

Тожикистонлик Олимпия чемпиони Дилшод Назаров (чапда)

Тожикистонлик олимпиячиларга олий даражадаги эътибор президент Имомали Раҳмоннинг 20 август куни олтин медални қўлга киритган тош отувчи Дилшод Назаровни телефон орқали табриклаганида кўринди.

Дилшод Назаров Олимпиадада медаль олган ягона спортчидир.

Шу соатларда Қирғизистон спорт делегациясининг Бишкекка учиб келиши кутилмоқда. Хабарларга қараганда, делегация Қирғизистонга етиб келибоқ, матбуот анжумани уюштирмоқчи ва унда допинг масаласи, Олимпия Ўйинлари ҳакамларининг холислик қилмагани ва шу каби бошқа масалаларни тилга олмоқчи.

Қирғизистонлик оғир атлетикачи Иззат Артиков

Қирғизистонлик оғир атлетикачи Иззат Артиков

Гап шундаки, 10 август куни қирғизистонлик оғир атлетикачи Иззат Артиков бронза медали билан мукофотланган эди. Бироқ орадан бир неча кун ўтгач, "қон анализларидан допинг топилгани учун" қирғизистонлик олимпиячилар орасидаги ягона медаль соҳиби мукофотдан маҳрум қилинган. Медалдан маҳрум қилинган спортчи журналистларга ҳеч қачон допинг истеъмол қилмаганини айтган.

Россиянинг допинг жанжали

Россия-спорт-олимпиада-допинг сўзлари биргаликда у ёки бу шаклда кейинги ойларда жуда кўп ишлатилди.

7 август куни Халқаро паралимпия қўмитаси Россиянинг терма жамоасини Рио-де-Жанейрода 7 сентябрда бошланадиган Паралимпия Ўйинларидан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мазкур қарор мустақил эксперт Ричард Маклареннинг ҳисоботига биноан қабул қилиндики, унда допинг қўллаш Россияда давлат даражасида рағбатлантирилади, дейилган. Россиянинг Паралимпия қўмитаси қарор устидан Спорт арбитраж судига шикоят қилган эди. Бироқ 23 август куни Россиянинг шикояти қондирилмади.

Россия терма жамоасининг якунига етган Олимпиадада иштироки ҳам узоқ вақт савол остида тургани кўпчиликка маълум.

Россия ҳукумати ва спорти расмийлари допинг билан боғлиқ можарони Қримнинг аннексия қилиниши ва умуман Кремлнинг Украинага нисбатан сиёсатига Ғарбнинг реакцияси сифатида баҳолаб келади.

Олимпиада ва пул

Россия расмийлари допинг ёрдамида спортчиларининг юқори натижаларга эришишини кутаётган бир пайтда, айнан шу ва бошқа постсовет мамлакатларида яна бир “допинг”дан ҳам фойдаланмоқчи бўлаяптиларки, у ҳам бўлса, Олимпиадага борадиган спортчиларга мукофот пули ваъдасидир.

Хусусан, Россия ҳукумати Риода олтин медаль оладиган спортчига 4 млн. рубль мукофот ваъда қилган.

Ўзбекистон президенти 23 август куни Олимпиада ўйинларида ғалаба билан қайтган спортчиларни мукофотлаш тўғрисида фармойиш берди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган фармойиш матнига кўра, Олимпиадада олтин медалга сазовор бўлган 4 спортчининг ҳар бирига 200 минг АҚШ доллари, кумуш медаль олган спортчиларга 100 минг, бронза медаль олган спортчиларга 75 минг доллар миқдорида мукофот пули берилади ва солиқ олинмайди.

Ўзбекистонлик спортчилар Олимпиададан 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медали билан қайтди. Демак, уларга ҳаммаси бўлиб1 525 000 АҚШ доллари тўланади.

Қиёслаш учун: Ўзбекистонда мактаб ўқитувчисининг ойлик маоши қора бозор курсида АҚШ долларига алмаштирилганда 150 доллар атрофида бўлишидан келиб чиқилса, олтин медаль соҳибига бериладиган мукофот пулига тенг пулни маош қилиб олиши учун бир ўқитувчи 100 йил атрофида ишлаши лозим.

Президент фармойишда мукофот пуллари тўлаш масъулияти Молия вазирлигига юклатилган, лекин пул қайси манбадан олиниши айтилмаган.

Айни пайтда Ғарбдаги ривожланган давлатлар спортчиларни пул билан рағбатлантиришга постсовет давлатларидай эътибор бермайди. Масалан, АҚШда Олимпиаданинг олтин медалини олган спортчига 25 минг долларли мукофот берилади, холос. 1980 йилда белгиланган бу миқдор ҳанузгача ўзгаришсиз қолмоқда.

Шаклан миллий, мазмунан советча спорт сиёсати

“Олимпия ўйинларидаги ғалаба бизлар учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир”.

Худди шундай жаранглаган бўлар эди постсовет давлатлари раҳбарлари тилида XIX аср охири XX аср бошларида яшаб ўтган ўзбек маърифатпарвар адиби, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлонийнинг тарбия тўғрисидаги ўгити.

Озодлик суҳбатлашган экспертлар фикрича, олимпиадалардаги ғалабалар Совет раҳбарияти учун “чириб бораётган” Ғарб билан мафкуравий курашда ёрқин қуроллардан бири эди ва бу қуролдан эндиликда постсовет мамлакатлари раҳбарлари ўзларининг эффективлигига далил ўлароқ фойдаланишга уринмоқда. Бир сўз билан айтганда, постсовет мамлакатлари раҳбарларининг юқори натижалар спорти соҳасидаги сиёсати миллий шакл касб этдию, лекин мазмуни советча қолиб кетмоқда.

Олимпияда мавсумида кундалик ҳаётида спорт билан қизиқмайдиган миллионлаб одамлар беэҳтиёр ўз спортчиларининг фаол мухлисларига ва ўз юртларининг патриотларига айланади. Спортнинг ҳақиқий мухлислари ҳар бир ғалабани конкрет спортчининг шахсий ютуғи деб билади. Ривожланган Ғарб давлатларида ҳам алоҳида сиёсатчиларнинг Олимпияда эҳтиросларидан ўз пиари мақсадида фойдаланишга уриниши кузатилади бироқ одамларининг бу спорт мусобақасига ёндошуви постсовет давлатларникидан кескин фарқ қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG