Линклар

Эрдўғон Суриядаги Жабралус шаҳри Анқара дастаклаётган исёнчилар қўлига ўтганини билдирди


Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШ вице-президенти Жо Байден билан, Анқара, 2016 йил 24 августи.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШ вице-президенти Жо Байден билан, Анқара, 2016 йил 24 августи.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз мамлакати томонидан дастакланаётган суриялик исёнчилар Жабралус шаҳрини “Исломий давлат” гуруҳидан тортиб олганини билдирди. Бу баёнотни Туркия президенти чоршанба куни Анқарада АҚШ вице-президенти Жо Байден билан учрашганидан кейин берди. Эрдўғон баёнотидан бир неча соат аввал турк танклари ва қўшинлари Туркия ва АҚШ ҳарбий учоқлари кўмагида Сурия чегарасидан ўтганди.

Хабарларга кўра, Сурия Озодлик армияси жангчилари иштирокидаги амалиёт нишони “Исломий давлат” гуруҳи жангарилари ва Жабралусга ҳужум қилаётган курд кўнгиллилари бўлган.

- Биз турк ҳарбийлари амалиётини тўлалигича қўллаб-қувватлаймиз. Биз уларга ҳаводан дастак бердик. Биз турк чегараси Туркия томонидан назорат қилиниши лозим, деб ҳисоблаймиз, - деди 24 август куни Анқарада чиқиш қилган АҚШ вице-президенти Жо Байден.

Аввалроқ Байден, агар курд жангарилари бундан буён ҳам Вашингтондан ёрдам олмоқчи бўлсалар, улар Фирот дарёси шарқий қирғоғига қайтишлари лозимлигидан огоҳлантирганди.

Туркия бош вазири Бинали Йилдирим Суриядаги амалиёт курдлар Фирот ортига чекинмагунича давом этишини билдирган.

XS
SM
MD
LG