Линклар

Озарбайжон марказий банки манат яна девальвация қилиниши ҳақидаги миш-мишларни рад этди


Бакудаги валюта алмаштириш шохобчаси.

Бакудаги валюта алмаштириш шохобчаси.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Молиявий барқарорлик кенгашини тузганидан беш ҳафтагина ўтиб мамлакат банклари хориж валютасига бўлган талаб ошиб бораётганига гувоҳ бўлмоқда. Озарбайжон пул бирлиги майдан бери 9 фоизга қадрсизланган бўлишига қарамасдан, 22 август куни мамлакат марказий банки манат бошқа девальвация қилинмайди, деди. Ўтган йилнинг февраль ойидан бери Oзарбайжон пул бирлиги аллақачон икки марта девальвация қилинди.

“Кавказ тугуни” янгилик портали тарқатган хабарда ёзилишича, Давлат нефть жамғармаси банкларга кунига 50 миллион доллар сотмоқда. Хорижий валютага бўлган талаб эса бундан 12 марта кўп бўлиб, 600 миллион долларга етмоқда. Натижада айрим банклар хорижий валюта сотишни тўхтатиб қўйди, бошқалари эса бир мижоз олиши мумкин бўлган валюта миқдорига чек қўйди. Бу чекловлар бир кишига 100-500 долларни ташкил этмоқда.

Марказий банк 2015 йилнинг февралида манатни АҚШ долларига нисбатан 33,5 фоизга арзонлатган эди. 2015 йилнинг декабрида манат яна 47 фоизга қадрсизланди. Ўша пайтда бир доллар 1,56 манатга тенг бўлган бўлса, ўн ой аввал бир доллар 0,78 манатга сотилган эди.

Март ойи ўртасида Bloomberg ширкати Озодлик радиоси озарбайжон хизматига таяниб, манат яна 10 фоизга қадрсизланиши мумкин, дея башорат қилган эди. Июнда манат яна қадрсизланди. Май ойи охирида 1 доллар 1,48 манатга тенг бўлган бўлса, 24 августга келиб бу кўрсаткич 1,64 манатга етди.

Озарбайжон иқтисоди дуч келган муаоммонинг асосий сабабчиси сўнгги икки йил ичида пастлаб келаётган нефть нархларидир. Ҳукумат даромадининг асосий манбаси нефть эканлигини инобатга олинса¸ бу ажабланарли ҳол эмас.

Февраль ойида мамлакат парламенти 2016 йил бюджетини ўзгартиришга мажбур бўлди. Бюджет бир баррель нефть 50 долларга сотилади, деган қараш билан тайёрланган эди. Аммо бундан кўп ўтмай бир баррель нефть нархи 25 долларга тушди.

Пастлаб бораётган нефть нархларининг иқтисодга таъсирини озайтириш учун Алиев Молиявий барқарорлик кенгашини тузди. Кенгашга бош вазир Артур Расизода етакчи этиб тайинланди ва унга иқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда “молиявий соҳада салбий ўзгаришлар содир бўлиши олдини олиш вазифаси” юкланди. Аммо таҳлилчилар вазирлар маҳкамасига ўхшаш идоранинг молия вазирлиги, иқтисод вазирлиги ҳамда марказий банкнинг бир-биридан фарқ қилувчи режаларини мувофиқлаштириш қобилиятиига шубҳа билдирмоқдалар.

Ўтган йилги девальвация аллақачон мамлакат банкларига ўз таъсирини кўрсатди. Intellinews.com хабар агентлигига кўра, ҳукумат мамлакатдаги энг йирик банк бўлмиш “Озарбайжон халқаро банки”ни қутқариб қолишга, кичикроқ олти банк эса ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.

XS
SM
MD
LG