Линклар

Қирғизистон Москвадаги ёнғинда ҳалок бўлган аёллар ва қизлар учун мотам тутмоқда


Бишкекдаги Урқия Салиева ҳайкали пойида Москвадаги ёнғинда ҳалок бўлган қирғизистонилкарнинг исмлари ёзилиб, гуллар олиб келинмоқда.

Бишкекдаги Урқия Салиева ҳайкали пойида Москвадаги ёнғинда ҳалок бўлган қирғизистонилкарнинг исмлари ёзилиб, гуллар олиб келинмоқда.

Президент Фармони билан 29 август Қирғизистонда мотам куни деб эълон қилинди. Мотам 27 августда Москвада юз берган ёнғинда 14 нафар қирғизистонлик меҳнат муҳожири ва Ўш –Бишкек йўлидаги автоҳалокатда 9 ватандошнинг ҳалок бўлгани муносабати билан тутилмоқда.

Президент Алмазбек Атамбаев имзолаган Фармонга биноан 29 август куни Қирғизистонда барча кўнгилочар тадбирлар бекор қилинади, мамлакат бўйлаб ва хориждаги элчихоналарда Қирғизистон байроқлари туширилади.

Мотам куни 27 августда Москвада юз берган ёнғинда 14 нафар қирғизистонлик меҳнат муҳожири ва Ўш –Бишкек йўлидаги автоҳалокатда 9 ватандошнинг ҳалок бўлгани муносабати билан эълон қилинди.

Москвадаги ёнғинда ҳалок бўлган муҳожирларнинг барчаси аёллардир ва уларнинг кўпчилиги 20 ёшга етиб-етмаган қизлар бўлган.

Қирғизистон ҳукумати ҳалок бўлганларнинг жасадларини уйларига етказиш учун Москвага махсус самолёт жўнатган. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига дафн маросимларини ўтказиш учун керакли моддий кўмак кўрсатилади.

Мотам куни Бишкек ва бошқа шаҳарларда фаоллар хотира тадбирларини ўткизмоқдалар. Бишкекдаги Урқия Салиева ёдгорлиги пойига Москвадаги ёнғинда ҳалок бўлган қизлар ва аёлларнинг исмлари ёзилиб, шаҳарликлар бу ерга гуллар олиб келмоқда.

-Бизга бу воқеа сабоқ бўлиши керак. Бу оддий фалокат эмас, бу катта миллий фожеадир. Ҳукумат бу воқедан тегишли хулосаларни чиқариб, хорижда юрган ватандошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хафвсизлигини таъминлаш йўналишида реал тадбирларни ишлаб чиқиши керак, -деди мотам йиғилишида иштирок этган парламент депутати Ўмурбек Текебаев.

Қирғизистонликлар ижтимоий тармоқларда ва мотам тадбирларида ҳукуматдан қирғизистонлик қиз-аёлларнинг ҳаётига зомин бўлган ёнғин сабабларини аниқлаш, бу ёнғиннинг олдини олмаган ва ёнғин пайтида аёлларни қутқариш ўрнига ҳаракатсизлик қилган ўт ўчирувчи ҳамда қутқарувчиларни жавобгарликка тортишни талаб қилаётир.

Фаолларнинг айтишича, ёнғин пайтида Россия телеканаларида жонли тарзда намойиш этилган лавҳаларда қутқарувчилар ҳамда ўт ўчирувчилар қирғизистонлик қизларни қутқаришга ҳаракат қилмагани ва ўз ишига лоқайд бўлганини кўриш мумкин.

Бишкекдаги мотам тадбирида иштирок этган Қирғизистон президенти маъмурияти раҳбари Фарид Ниёзов фаолларнинг бу борадаги саволларини жавобсиз қолдирди.

-Бу ҳолатларни тергов ўрганиб чиқсин. Бизнинг ҳуқуқ органларимиз ҳам Россиядаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда бу воқеани ўрганади, деб ишонаман. Ҳаммамиз ёнғин пайтида олинган видеоларни кўрдик, расмийларнинг шарҳлари ва гувоҳларнинг гапларини эшитдик. Шунинг учун бу иш бизнинг назоратимизда бўлади, -деди Фарид Ниёзов.

29 августда Москвадаги ёнғинда қирғиз ватандошлари ҳалок бўлган бир пайтда Бишкек-Ўш йўлида ҳам автоҳалокат юз берди. Бу аварияда 9 нафар қирғизистонлик вафот этди. Ҳалок бўлганларнинг уч нафари ҳали беш ёшга ҳам тўлмаган болалар бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG