Линклар

Словакия бош вазири яна бир бор Россияга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди


Belgium - Slovakia's Prime minister Robert Fico arrives for an EU summit meeting, at the European Union headquarters in Brussels, on February 18, 2016

Belgium - Slovakia's Prime minister Robert Fico arrives for an EU summit meeting, at the European Union headquarters in Brussels, on February 18, 2016

Ўтган ҳафтада президент Владимир Путин билан Москвада учрашган Словакия бош вазири Роберт Фико яна бир бор Европа Иттифоқини Россияга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди.

Европа Иттифоқининг ҳар йили алмашувчи президентлиги бу йил Словакиядадир. Кейинги ҳафтада мамлакатда иттифоқнинг ташқи ишлар вазирлари йиғини бўлиб ўтади. Фико Россияга қарши санкциялар бекор қилинишига чақириб келаётган бир неча Европа Иттифоқи етакчисининг биридир.

Москва 2014 йилнинг мартида Украинанинг Қрим яриморолини аннексия қилиб олиши ортидан Европа Иттифоқи Россияга қарши энергетика, молия ҳамда мудофаа соҳаларида санкцияларни жорий қилган. Бир неча марта узайтирилган санкцияларнинг кейинги йилнинг январь ойи охирида тугаши кутилмоқда.

26 август Фико ўз Facebook саҳифасида “Мен шахсан санкцияларни ақл-идрокка асосланиб кўриб чиқиш вақти келди ва улар ҳам Европа Иттифоқи, ҳам Россияга зиён келтиради, деб ўйлайман. Биз Владимир Путин билан умумий мақсадимиз ўзаро савдони тиклашдан иборат, деб келишиб олдик”, дея ёзди.

Словакия деярли барча нефть ва газини Россиядан импорт қилади. Қолаверса, мамлакат икки ядровий электростанцияси учун Россиядан ядровий ёқилғи олади. Ўз навбатида мамлакат Россияга автомобиль экспорт қилади.

Можаристон етакчилиги ҳам Фико қарашларини қўллайди. Бундан ташқари, Чехия президенти Милос Земан ҳам Москвага қарши жорий қилинган санкцияларни бекор қилишга чақириб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG