Линклар

Президент Атамбаев мустақиллик кунида янги сиёсий жанжални бошлади


Қирғизистоннинг собиқ президенти Рўза Ўтунбаева Муваққат ҳукумат аъзоси Алмазбек Атамбаев билан иш устида. 2010 йилнинг 26 апрелида олинган сурат.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Рўза Ўтунбаева Муваққат ҳукумат аъзоси Алмазбек Атамбаев билан иш устида. 2010 йилнинг 26 апрелида олинган сурат.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 31 август куни эрталаб ҳарбий парад олдидан нутқ сўзлаётган пайтда мамлакатнинг собиқ президенти Роза Ўтунбаева Бишкек бош майдонини намойишкорона тарзда тарк этди. Кузатувчилар ва 2010 йилдан 2011 йилгача мамлакатни бошқарган Муваққат ҳукумат аъзолари “Атамбаев ўз нутқи билан Қирғизистонни халқаро даражада шарманда қилиб, янги сиёсий жанжални бошлади”, деб ҳисобламоқдалар.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 31 август куни Бишкек марказий майдонида сўзлаган нутқида ўзи аъзо бўлиб турган 2010-2011 йилдаги Муваққат ҳукуматни кескин танқид қилди.

Атамбаев нутқи давомида 2010 йил 7 апрель инқилобидан сўнг Конституцияни ўзгартирилишига қарши чиққанини эслатди, шунингдек. у айни пайтда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш ҳаракатини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

-Конституция ўзгартирилса мени ҳокимиятни узурпациялайди, деб қўрқишаяпти. Ўтунбаева, Текебаев, Бекназаров, Дуйшебаев, Шерниёзов раҳбарлигидаги Муваққат ҳукуматнинг бу борадаги мурожаати менга нисбатан қилинган тухматлардан бири. Улар 2010 йилда ўтган референдумда халқ парламент бошқаруви тизмини ишонч билан қабул қилиб олди, деб ёзишаяпти. Бу ёлғон. Негаки, 2010 йилда парламент бошқаруви жорий этилган эмас. Амалдаги Конституция бизни авторитар режимга етакловчи президентлик-парламент бошқарувига сабаб бўлди. Шунинг учун бу Конституцияни ўзгартириш керак, -деди Алмазбек Атамбаев.

Президент шу сўзларни айтганидан сўнг Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Ўтунбаева Бишкек марказий майдонини намойишкорона тарк этди.

Муваққат ҳукумат аъзоси, парламент депутати Ўмурбек Текебаев президентнинг сўзларига муносабат билдирар экан “Атамбаев Қирғизистонни шарманда қилди”, деб баёнот берди.

-Атамбаев бугун халқнинг бошини бирлаштирадиган сўзларни айтиши керак эди. Бироқ Атамбаевнинг бугунги гапи Қирғизстонни шарманда қилди. Агар давлат раҳбарининг даражаси мана шундай бўладиган бўлса, у ҳолда бундай раҳбарга эга бўлган давлатнинг келажаги мавҳум бўлиб қолаверади, - деди Ўмурбек Текебаев.

Унга кўра, Атамбаевнинг Конституцияни ўзгартиришга ҳаракат қилишини аксилинқилобий уриниш сифатида баҳолаш лозим.

Муваққат ҳукумат аъзси Эмилбек Каптагаев президентнинг нутқини танқид қилар экан, Атамбаев янги сиёсий жанжални бошлаб берди, деб ҳисоблайди:

-Президентнинг нутқи катта сиёсий жанжални бошлаб берди. Бу жуда нотўғри нутқ бўлди. У ўзининг шахсий фикрни билдирди. Бу фикр юзасидан муваққат ҳукумат аъзолари йиғилиш ўтказиб, ўз муносабатини билдиради, -деди Эмилбек Каптагаев.

Қирғизистоннинг амалдаги Конституцияси 2010 йилда умумхалқ референдумида қабул қилинган эди. Конституцияда 2020 йилнинг 1 сентябригача уни ҳукумат ёки парламент ўзгарнтира олмаслиги, фақат халқ ташаббуси билангина айрим моддаларга ўзгартириш киритиш мумкинлиги таъкидланган.

Бироқ жорий йилда парламентдаги президент Алмазбек Атамбаевга мойил бўлган ҳукмрон партиялар Конституцияни ўзгартириш ташаббуси билан чиққан. Таклиф қилинаётган ўзгартишларда Бош вазир ваколатларни кучайтириш назарда тутилади.

Конституцияга бундай ўзгартишлар киритилишга фуқаролик жамияти кескин қарши чиқмоқда. Айни пайтда 2010 йилдаги 7 апрель инқилобидан сўнг бир йил давомида мамлакатни бошқарган Муваққат ҳукумат аъзолари ҳам Конституцияга ўзгартишлар киритилишга қарши чиққан. Уларга кўра, Конституция ўзгартирилса, 2017 йилдан сўнг ҳам Атамбаевнинг ҳокимиятда қолишига, ҳокимият узурпацияланишига замин яратилади.

Бироқ Алмазбек Атамбаев президентлик ваколати якунланадиган 2017 йилдан сўнг президентликка ҳам, бош вазирликка ҳам даъвогар бўлмаслигини айтиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG