Линклар

Экс-президент Мустақиллик байрами ўтаётган майдонни намойишкорона тарк этди


Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 31 август куни Бишкек марказий майдонида сўзлаган нутқида ўзи аъзо бўлиб турган 2010-2011 йилдаги Муваққат ҳукуматни кескин танқид қилди ва шундан сўнг мамлакатнинг собиқ президенти Роза Ўтунбаева Бишкек бош майдонини намойишкорона тарзда тарк этди.

Қирғизистоннинг амалдаги Конституцияси 2010 йилда умумхалқ референдумида қабул қилинган эди. Конституцияда 2020 йилнинг 1 сентябригача уни ҳукумат ёки парламент ўзгартира олмаслиги, фақат халқ ташаббуси билангина айрим моддаларга ўзгартириш киритиш мумкинлиги таъкидланган.

Бироқ жорий йилда парламентдаги президент Алмазбек Атамбаевга мойил бўлган ҳукмрон партиялар Конституцияни ўзгартириш ташаббуси билан чиққан. Таклиф қилинаётган ўзгартишларда Бош вазир ваколатларни кучайтириш назарда тутилади.

Конституцияга ўзгартишлар киритилишга фуқаролик жамияти кескин қарши чиқмоқда. Айни пайтда 2010 йилдаги 7 апрель инқилобидан сўнг бир йил давомида мамлакатни бошқарган Муваққат ҳукумат аъзолари ва улар қаторида собиқ президент Роза Ўтунбаева ҳам Конституцияга ўзгартишлар киритилишга қарши чиққан. Уларга кўра, Конституция ўзгартирилса, 2017 йилдан сўнг ҳам Атамбаевнинг ҳокимиятда қолишига, ҳокимият узурпацияланишига замин яратилади.

Бироқ Алмазбек Атамбаев президентлик ваколати якунланадиган 2017 йилдан сўнг президентликка ҳам, бош вазирликка ҳам даъвогар бўлмаслигини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG