Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:31

Талабалар учун шартнома пули миқдори маълум қилинди


Адлия расмийси Қариндошлар никоҳида нуқсонли чақалоқлар туғилиши кўп учраётганини айтди. талабалар учун шартнома пуллари қанча бўлиши эълон қилинди. Жорий ҳафтада ўзбек матбуоти мана шу мавзуларни ёритди.

Адлия расмийси: Қариндошлар никоҳида нуқсонли чақалоқлар туғилиши кўп учрамоқда

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан аксар ҳолларда ногирон гўдаклар туғилиши кузатилмоқда (“Куч – адолатда”, 2016 йил 32-сон).

“Бегона шахслар ўртасида қурилган оилаларда чақалоқларнинг туғма нуқсонлар билан туғилиши 2,5 фоиз, ақлий заифлик 3 фоизни ташкил этса, қариндошлар ўртасидаги никоҳда бундай ҳолатлар 5-6 фоизни ташкил этади” деб ёзади Фарғона вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умид Шодиев.

Оила кодекси 16-моддасида насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида никоҳ тузиш мақсадга мувофиқ эмаслиги белгиланган.

Адлия расмийси У.Шодиевга кўра, аммо ҳаётда ҳали-ҳануз фарзанди бахтидан кўра ўз орзу-ҳавасларини устун қўяётган ота-оналар учрамоқда.

Талабалар учун шартнома пули миқдори маълум қилинди

2016-2017 ўқув йилида Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўқиш учун тўлов-шартнома қиймати маълум бўлди, деб хабар беради “Даракчи” нашри.

Жаҳон сиёсати, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар ҳамда ҳуқуқ мутахассисликлар энг қиммат ҳисобланади.

Мазкур йўналишларда бакалавриат шартнома пули 9 миллион 850 минг, магистратура шартнома пули эса 10 миллион 830 минг сўмни ташкил этади.

Педагогика, гуманитар фанлар, математика, муҳандислик, қишлоқ ва сув хўжалиги, социология ва психология, ижтимоий таъминот каби йўналишлар эса нисбатан арзонроқ саналади: бакалавриат – 6 миллион 650 минг, магистратура – 7 миллион 210 минг сўм.

Анъанавий равишда катта рақобат кузатилган иқтисод йўналишида ўқиш учун эса 8 миллион 800 минг (бакалавриат) ҳамда 9 миллион 660 минг сўм (магистратура) тўлаш талаб этилади.

Орол суви камайиши ва антропоген таъсирлар туфайли ўсимлик ва ҳайвонот олами зиён кўрмоқда

Орол денгизи сувининг кескин камайиб кетиши оқабатида юзага келган экологик муаммолар атроф-муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот оламига зиён етказмоқда (“Экоҳаёт”, 31 август).

Шунингдек, антропоген таъсирлар туфайли биологик хилма-хиллик зарар кўрмоқда. Қайд этилишича, Ўзбекистон “Қизил китоб”ига балиқларнинг 11, қушларнинг 35, сут эмизувчиларнинг 12, судралиб юрувчиларнинг 4 тури, Халқаро “Қизил китоб”га эса балиқларнинг 4, қушларнинг 20, сут эмизувчиларнинг 4, судралиб юрувчиларнинг 1 тури киритилгани ҳам экологик барқарорликни таъминлаш долзарб вазифа эканини кўрсатмоқда.

Бўлғуси келин-куёвнинг интим туйғуларини кўз-кўз қилиши қораланди

Ўзбек миллий менталитетига “оломон маданияти” унсури саналган love story каби бўлмағур одат суқилиб кирмоқда (“Оила ва жамият”, 2016 йил 34-сон).

Қайд этилишича, бўлғуси келин-куёвнинг ҳар хил жойларда ҳис-туйғуларини кўз-кўз қилиб суратга тушиши ва уларни тўй куни меҳмонларга намойиш этиши мақбул эмас.

“Интим ҳис-туйғулар одамларнинг олдида кўрсатилмайди. Шундай пайтда куёв бўлмишга: “Эй, аҳмоқ, номаҳрамларнинг олдида хотинингни реклама қилишга бало борми?!” дегинг келади” деб ёзади газета.

Мақолада love story тайёрлаш учун 2-3 миллион сўм кетаётгани, демак, бу одат ортиқча дабдаба ва исрофгарлик экани ҳам таъкидланади.

XS
SM
MD
LG