Линклар

Роза Ўтунбаева: Каримов давлат манфаатларини ҳимоя қила оладиган одам эди


Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Ўтунбаева.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Ўтунбаева.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Озодлик радиосига суҳбат берган Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Ўтунбаева Тошкент расмийлари Бишкек билан сиёсий диалогни жонлантириши ва тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишига умид билдирди.

Қирғизистоннинг собиқ президенти, 2010-2011 йилдаги Муваққат ҳукумат етакчиси Роза Ўтунбаева Озодлик радиосига берган суҳбатида, марҳум президент Ислом Каримовни “Ўзбекистон манфаатларини ҳар қандай шароитда ҳам мустаҳкам ҳимоя қила олган шахс эди”, деб хотирлади.

- Ислом Абдуғаниевич, албатта, қаттиққўл раҳбар эди. Айниқса ўз ватандошлари учун кўплаб эркинликлар имкониятини ёпиб қўйгани ортидан дунёнинг бир қисмига ёқмас эди. Лекин у олдига қўйган мақсадига етиш йўлини аниқ биладиган одам эди. Ҳар қандай кучли ёки буюк давлат олдида ҳам ҳайиқмай, ўз мамлакати манфаатларини ҳимоя қила оладиган шахс эди. Оқибатда бугун ўз тараққиёт йўлини танлаб олган Ўзбекистонни кўриб турибмиз. Албатта, бу танлаб олинган йўл ҳаммага ёқмаслиги мумкин. У Ўзбекистонда барқарорликни таъминлашга ҳаракат қилди. Балки бу барқарорлик қурбонлар эвазига бўлгандир, лекин бу давлат шаклланди, - деди Роза Ўтунбаева.

Қирғизистон собиқ президентининг айтишича, Ислом Каримовдан сўнг Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларида ҳал қилиниши лозим бўлган кўплаб муаммолар қолди. Роза Ўтунбаева сўнгги йилларда Тошкент билан сиёсий ва иқтисодий муносабатлар совуқлашганини таъкидлар экан, Ўзбекистон ва Қирғизистон бу муаммоларни ҳал қила олишига умид билдирди.

Ўз сўзи давомида Роза Ўтунбаева 22 август куни икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган Унгартепа ҳудудига ўзбек милиционерлари десанти киритилгани ва бу ерда ишлаётган тўрт нафар қирғиз ватандошининг қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб кетилгани вазиятни кескинлаштираётгани ҳақида гапирди. Унгартепани Қирғизистонда Ункур Тоо деб атайдилар.

-Ункур Тоодан тўрт нафар қирғизистонликнинг Ўзбекистонга олиб кетилиши ортидан Қирғизистонда кескинлик юзага келди. Бу ҳолат Ўзбекистон билан ҳал қилинмай келинган муаммоларнинг акс-садосидир. Чегаралар муаммосини ҳал қилишимиз лозим. Чегараларнинг ёпиб қўйилгани ортидан эса асрлардан бери бир-бири билан савдо қилиб келган халқларимиз ўзаро товар айирбошлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Бу муаммолар юки босими остида Ўзбекистон ва Қирғизистон бир-бирларидан “ажралиши”га, иқтисодий алоқаларни бузишига тўғри келди. Бугунги кунда Қирғизистон Ўзбекистондан ҳеч нарса сотиб олмаяпти, аммо бунинг ортидан оддий ўзбек ва қирғиз халқнинг муаммоларини ҳал қилиш йўлига катта тўсиқларни ўрнатиб олаяпмиз, -деди Роза Ўтунбаева.

Унинг айтишича, Ўзбекистон билан муносабатларни тиклаш осон бўлмайди:

-Бунинг учун Қирғизистон у ёки бу муаммо юзасидан экспертиза ва билим нуқтаи назаридан кучлироқ қуролланган бўлиши лозим. Чунки олдимиздаги муаммоларни ҳал қилишнинг дипломатик ва сиёсий диалогдан бошқа йўли йўқ. Ўзбекистон бу ишга масъулият билан ёндошиб келаётганини айтиш лозим. Тошкент муаммоларни ҳал қилишда кар ёки соқов бўлиб олмайди, балки уларни ҳал қилишга интилади. Лекин ҳар икки давлат, албатта, ўзининг манфаатлари учун курашади, -деди Роза Ўтунбаева.

Қирғизистон мустақиллигининг дастлабки йилларида Қирғизистон ташқи ишлар вазири, БМТ бош котибининг ўринбосари, элчи лавозимларида ишлаган Роза Ўтунбаева 2010 йилги 7 апрель инқилобидан сўнг бир ярим йил давомида ўтиш даври президенти лавозимини эгаллаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG