Линклар

logo-print

Брюс Панниер: Вақт ўтиши билан Каримов ўзбекчани ўрганди


Ислом Каримов ва Нурсултон назарбоев Чимбулоқ дам олиш масканида.

Ислом Каримов ва Нурсултон назарбоев Чимбулоқ дам олиш масканида.

Брюс Панниер

Сўнгги ҳафтада Ўзбекистоннинг вафот этган президенти Ислом Каримов ҳақида жуда кўп ёзилди. Бу мавзуда ҳали кўп мақола ёзилади. Ўзбек матбуоти Каримов ютуқларини бўрттириб келади. Бу ҳаракатлар кейинги кунларда янада авж олди. Ғарбда эса Каримов маҳбусларни тириклайин қайнатган ва 2005 йилнинг май ойида Андижон шаҳрида намойишчиларни оттирган жоҳил диктатор ўлароқ тасвирланди.

Айрим Марказий Осиё етакчилари билан учрашганман, лекин Каримов билан эмас. Ўн йилдан ошиқ муддатдан бери Ўзбекистонда персона нон гратаман. Мамлакатга аср бошидан бери қадам босганим йўқ.

Лекин 1990 йилдан кейинги ўн йил давомида Ўзбекистонни кўп кездим. Ўша ўн йилликда жуда кўп одам билан учрашиб, менга айтган гапларини эслаб қолдим. Каримов бошчилигида ўзгараётган мамлакат бўйлаб саёҳат қилиб, уни яқиндан кузатдим.

Матбуот нашрлари, расмийлар ва журналистлар Каримов ҳаётини эслар экар, президентнинг илк мустақиллик йилларида ўзбекистонликлар унга қандай кўз билан қараганини ҳам унутмаслигимиз керак. Буни мен ўз кўзим билан кузатганман.

1990 йилнинг ёзида Тошкент давлат университетида (ТошДУ) ўзбек тилини ўрганаётган эдим. Ўша ёзда Тошкентда мендан бошқа яна бир неча америкалик талаба бор эди. Маҳаллий талабалар учун биз экзотик жонзотлар эдик. Шундай экан, биз учун одамлар билан танишиш ва дўст орттириш жуда осон кечган.

Каримов 1989 йилнинг июнидан бери Коммунистик партиянинг биринчи котиби, 1990 йилнинг март ойидан бери Ўзбекистон Совет Республикасининг президенти бўлиб келаётган бўлса-да, суҳбатлар давомида ҳеч ким уни эсламасди. Мен Қозоғистон етакчиси Нурсултон Назарбоев эканлигини билардим, чунки уни телевизорда Михаил Горбачёв ёнида кўп кўргандим. Каримовни эса билмасдим.

1990 йилнинг августида Ўзбекистонни тарк этаётганимда ҳам мамлакат етакчиси ким эканлигини билмасдим.

1992 йилнинг мартида Тошкентга қайтиб келдим ва Каримов ҳақида илк бор эшитдим. Бир неча ой аввал Тошкентда талабалар исёни содир бўлган эди. Расмий маълумотларга кўра, 17-18 январь кунлари ошиб бораётган озиқ-овқат нархларига қарши ўтказилган намойиш давомида бир неча одам ҳалок бўлган. Аммо мен учратган одамлар ўлганлар сони 100 дан ёки 200 дан кўп эканлигини айтишди.

ТошДУдаги кўплаб талаба ўз вилоятига қайта жўнатилаётган эди. Одамлар талабалар Каримов буйруғи билан сиқувга олинаётганига ишонардилар. Аммо улар учун бу чоралар Совет Иттифоқига хос жавоб эди.

Қизиғи, Фарғона водийсига борганимда ҳеч ким менга 1991 йилнинг декабрида Каримов Наманган шаҳрида таҳқирланганини айтмади. Ўшанда Ўзбекистон исломий ҳаракатининг бўлажак етакчиси Тоҳир Йўлдош Каримовни ўзининг ҳукуматни қандай бошқариш кераклиги ҳақидаги маърузасини тинглашга мажбурлаган эди. Бу ҳодиса ҳақида 1994-95 йилларда маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларидан эшитиб қолдим.

1992-93 йиллар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда алғов-далғов пайтлар эди. Мустақиллик қандай ишлаши кераклигини ҳеч ким билмасди. Маҳаллий расмийлар тинимсиз алмашар эди. Бунинг асосий сабаби уларнинг ўз вазифасини эплай олмаётгани ёки очкўзлиги эди. Бирор қишлоқ бошчиси билан танишганимдан кейин уч-тўрт ой ўтиб қайтиб келсам, бошқа одамни кўрардим. Водийдаги аҳоли норози, озгина қўрқувда эди ва мустақиллик катта хато бўлгани ҳақида ўйлай бошлаганди.

Каримовни илк бор 1992 йилнинг ёзида кўрдим. Уч ўзбек дўстим билан бир квартирада эдик ва давлат телеканалида парламент сессиясини кўраётган эдик. Дўстларим депутатлар бир-бирига “товарищ” дея мурожаат қилишни бас қилиб, ўзбекчалаб “йўлдош” дейишлари керакми ёки йўқлигини муҳокама қилаётган эдилар. Бу орада Каримов минбарга чиқиб сўзлай бошлади. Мен гангиб қолдим.

“Мен ўзбекчани ўйлаганимдек яхши билмас эканман,- дедим дўстларимга.-Нима деяётгани тушунмаяпман”.

Улар қаҳ-қаҳ уриб кулиб юбордилар.

“Гап сенинг ўзбекчангда эмас, уникида. У ўзбекча гапира олмайди”, дейишди дўстларим.

Кейинроқ ўзбек матбуотида Каримов ўзбек халқини репрессив Совет Иттифоқидан олиб чиққан етакчи ўлароқ тасвирланди. Аммо Каримов бошида ўз халқига фақат рус тилида сўзлай оларди. Вақт ўтиши билан президент ўзбекчани ўрганди, лекин доим унга русча гапириш қулайроқ бўлиб қолди.

1992-93 йилларда Тошкент ёки Самарқандда меҳмонхонада қолганимда теледастурларда армияга борган сари кўпроқ эътибор қаратилаётганини пайқадим. Каримов Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб Россия аскарларини мамлакатни тарк этишга чақириб, бошқа давлатлардаги ўзбек ҳарбийларни ватанларига чақирди.

Каримов ўз мамлакатини Марказий Осиёда ҳарбий жиҳатдан энг кучли мамлакатга айлантирмоқчи эканлиги аён эди. Унга қўшни мамлакатларда Россия аскарларининг борлиги ёқмади, чунки бу Ўзбекистон Каримов хоҳлаганидек ҳудуддаги энг кучли ўйинчи бўлишига йўл қўймади.

Каримов Тожикистондаги фуқаролар уриши қочқинларини Ўзбекистонга киритмаганидан ҳайрон бўлдим. Қирғизистон қочқинларни киритаётган эди. Қочқинларни Олмаота яқинида ва Туркманистонда ҳам кўрдим. Лекин улар у ерларга қандай борганини билмасдим. Аммо Ўзбекистонда қочқин кўрмадим. Ўзбек-тожик чегараси Марказий Осиёда ёпилган илк чегара бўлди, чунки Ўзбекистон ҳукумати айнан шуни истарди.

1992 йил Марказий Осиёнинг бошқа йўлларида чегара постлари йўқ эди. Бир мамлакатдан иккинчисига эркин ўтиб юраверардим. Ўзбекистон биринчилардан бўлиб чегара постларини ўрната бошлади. Бу 1992 йилнинг кузида, Фарғона водийсида бошланди. 1993 йилнинг охирида мамлакатни тарк этаётганимда бошқа мамлакатлардан Ўзбекистонга чегарада тўхтамай ва текширувдан ўтмай киришнинг иложи йўқ эди.

1995 йил қайтиб келганимда одамлар Каримов ҳақида турли қарашларга эга эди. Айримлар Каримовни ҳақоратловчи номларни топганди. Аммо аксар одам Каримов ҳукмронлигини 2000 йилгача узайтирган референдумга қарамасдан, у узоқ президент бўлиб қолмаслигига ишонарди. Бошқа президент мамлакатни яхшироқ йўлдан бошлашига умид бор эди.

1996 йил қайтиб борганимда ҳам вазият ўзгармаган эди.

Кейинги сафар 1998 йил қайтдим. Бу галги сафарим 9 май байрамига тўғри келди. Тошкент атрофида милиция ходимлари кўпайганини кузатдим. Қишлоқ жойларда ҳам милиционерлар сони ошган эди.

Одамлар Каримов ҳақида аввалгига қараганда эҳтиёткорлик билан гапирарди. Ҳеч ким бошқа одамлар қуршовида президент ҳақида салбий оҳангда гапирмасди.

Ташрифим давомида Тошкент шаҳрида Ўзбекистоннинг бош муфтийси билан учрашдим. Унинг ишхонасидаги китоб жавонида Қуръон нусхалари билан Каримовнинг асарини кўрдим.

Эртаси куни “Ўзбекистон” меҳмонхонасини тарк этиб, нарироқдаги кўчага юриб бордим. Кўчанинг ҳар икки томонида савдогарлар турли хил нарсаларни сотаётган эди. Китоб сотаётган дўкон олдида тўхтаб, қандай китоблар борлигини кузатдим. Компьютердан фойдаланиш ва инглиз тилини ўрганиш ҳақида китоблар кўп эди. Чеккада Каримовнинг “Барқарорлик ва ислоҳотлар: Мақолалар ва маърузалар” китоби чанг босиб ётарди. Сотувчи аёлга ўша китобни харид қилишни исташимни айтсам, “Бошингизга урасизми?” дея ҳайрон бўлди.

Ўша китоб ҳалиям бор. Сотиб олганимдагидек чанг босиб ётибди. Бешинчи бетидан нарига ҳеч ўта олмаганман.

1999 йил Ўзбекистон исломий ҳаракати ҳужумини ёритиш учун Қирғизистон жанубига бордим. Бу сафар Ўзбекистоннинг асосий ҳудудига ўтмадим. Лекин Сўхдан бир неча ўн марта ўтдим. 1999 йил қайтиб кетаётганимда мени қўлга олиб, бир неча соат сўроқ қилишди. Ўзбекистон армияси расмийлари ҳамда галстук таққан киши мени ушлаб туришга ҳақлари борлигини, Боткенда нима бўлаётганини айтиб беришим шарт эканлигини таъкидлашди. Улар менга қўпол муомала қилмадилар, лекин мендан барча маълумотни олмагунларича қўйиб юбормасликлари ҳақида жиддий эдилар.

2000 йил Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Қирғизистон ва Ўзбекистонга қилган ҳужумини ёритиш учун қайтиб бордим.

Бу сафар ҳаммаси ўзгарган эди. Мени бу сафар яхши кутиб олишмади. Керакли жойларга бора олганим сабаби бу пайтга келиб Ўзбекистонни яхши билганим эди. Мен учратган ҳар бир расмий мени огоҳлантирди. Тошкентда Термизга авиачипта сотиб олдим, Аммо билетни олишимдан аввал Озодлик радиоси “террорчиларга микрофон бериб қўйгани” ҳақида маъруза ўқишди. (Биз Ўзбекистон исломий ҳаракати матбуот котибидан интервью олган эдик.)

Мен Сариосиё туманига етиб бордим. Бу менинг тўқнашув фронтига энг яқин боришим эди. Тўқнашувлар содир бўлаётган тоғлардан қочиб келганлар учун лагерь қурилганди. Сариосиё яқинидаги болалар лагерига бир неча юз одам жойлаштирилган эди. Уларнинг барчаси этник тожиклар эди.

Қочқинлар уларга керакли ашёларини тўплаш учун бир неча соат берилганини айтишди. Армия улар ҳеч қачон қишлоқларига қайта олмасликларини, ҳудудга бомбалар ўрнатилишини, шунинг учун қайтиб бориш хавфли бўлишини таъкидлаганини айтишди.

Лагерда қиладиган иш кўп эмас эди. Кечқурун кураш уюштириларди, қолган қочқинлар томошага келарди. Ёши етмишдан ўтган икки қария курашга тушишини кўпчилик мириқиб томоша қилди. Бир дақиқа ўтмай ёшлар оқсоқолларни ажратиб олди, уларни томошабинлар қўл узатиб, елкасига қоқиб кутиб олди.

Кейинроқ расмийлар 18-45 ёшдаги барча қочқинни қўлга олиб, қамаганини эшитдим. Жанггарилар қочқинларни уларни овқат ва бошпана билан таъминлашга мажбурлаган эди. Ҳукумат эса қишлоқ аҳлини жанггариларга ёрдам беришда айблади.

Мен қаерга бормай, кетимдан кузатишди. Наманганга Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиси Йўлдошнинг онаси билан суҳбатлашиш учун борганимда кетимдан икки машинада тўрт шахс бориб, бир неча метр наридан мени кузатиб турди. Йўлдошнинг қариб қолган онаси қўрқув ичида эди.

Мени кетимдан ҳеч ким тушмаган пайтларда одамлар билан эркинроқ суҳбатлашишга муваффақ бўлдим. Одамлар қўрқувда эканлигини англадим. Расмийлар жангариларни қўллаётганларни излаётган эди. Диндор бир одам менга бошқалар кўриши учун квартираси киришига ароқ шишаларини қўйганини айтди. Уни хавфсизлик хизмат ходимлари бир неча марта сўроқ қилган, эндиликда у ходимларга ароқ таклиф қилаётганини айтди.

“Ароқни кўриб, мени экстремист эмас, деб ўйлашади”, деди у.

Ўн йилда катта ўзгаришлар содир бўлган эди. 1990 йиллар бошида, маза қилиб юрган дамларимда барча, жумладан, полиция ходимлари ва расмийлар ҳам маза қилганини эсладим. Ўша пайтда келажак ноаниқ эди, аммо имкон топиб вақтичоғлик қилардик. 1990 йиллар якунида эса ноқаниқлик оз эди, аммо яхши дамлар ҳам кўп эмасди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG