Линклар

Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трампнинг фикрича, унинг рақиби Ҳиллари Клинтон Россия президенти Владимир Путин каби кучли душманларга тенг кела олмайди.

Виргиния штатида чиқиш қилган Трамп “Ҳиллари Россия олдида кучини кўрсатгиси келади. Путин эса унга қараб кулади”, деди.

Бир кун аввал Клинтон Трампни Россияни АҚШ президенти сайловида онлайн ҳужумлар ёрдамида аралашишга чорлашда айблаган эди.

Клинтон ёнида вице-президент лавозимига номзод Тим Кейн Ҳиллари Россия билан мураккаб мунозараларда ҳам бўш келмаслигини исботлай олганини айтди. Кейн Клинтон АҚШ давлат котиби ўлароқ ядровий қуроллар сонини озайтиришга ҳамда Суриядаги биологик қуролларни йўқ қилишга муваффақ бўлганини мисол ўлароқ келтирди.

Кейннинг айтишича, Трамп америкаликлар манфаатлари ҳақида эмас, балки Россия манфаатлари ҳақида қайғурмоқда.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Россия юзасидан Трамп ва Клинтон ўртасида юзага келган тортишувни “аҳмоқона” деб баҳолади.

“Интерфакс” агентлигига 6 сентябрь куни берган интервьюсида Рябков “Улар бизни ноқулай аҳволга соляпти”, деди. Рябков Ғарбий Европадаги айрим давлатлар номзодлардан бирини очиқчасига қўллаётганини, Россия ҳаракатлари эмас, балки айнан шу каби қўлловлар АҚШ сайловларига бурун суқиш эканлигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG