Линклар

Сербия суди хорватияликни жосусликда айблаб уч йилга озодликдан маҳрум қилди


Сербия суди жосуслик қилганини тан олган хорватияликни уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Аммо Хорватия расмийлари қамалган шахс Загреб учун ишлаганини рад этди.

Белград шаҳри суди айбланувчи Чедо Чолович ҳамда айбловчилар ўртасида эришилган келишувни қабул қилди.

57 ёшдаги Чоловичда ҳам Хорватия, ҳам Сербия паспортлари бор. У ўтган ҳафтада қўлга олинган эди. Айбловчилар Чолович ким учун жосуслик қилганини очиқламади. Улар айбланувчи 1990 йилгача Хорватияда яшагани, кейин Сербияга кўчиб келганини айтишди холос.

Бу орада Сербия матбуоти Чолович Хорватиянинг 1990 йилги мустақиллик учун курашида қатнашиб, уруш тугаганидан кейин Сербияга қочиб ўтган исёнчи жангарилар сафида бўлгани ҳақида хабар тарқатди.

Матбуот хабарларига кўра, Чолович Хорватияга сербиялик офицерларга қарши уруш жиноятларига оид айбловларни илгари суришда қўл келган ҳарбий маълумотларни юборган.

Аммо Хорватия президенти Колинда Грабар-Китарович Чолович Хорватия учун жосуслик қилганини кескин рад этди.

Хорватия ва Сербия ўртасидаги алоқалар совуб кетган. Икки мамлакат 1991-95 йилларда Хорватияда содир бўлган урушда бир-бирига қарши курашган. Ўшанда Сербия Хорватиядаги этник сербларни дастаклаган эди.

XS
SM
MD
LG