Линклар

Москвада Каримов вафотини эшитиб, ишга чиқмаган ўзбекистонликлар ишдан ҳайдалди


Russia - Residence Flamingo in Sanct Petersburg, where 3 migrants died on 14.04.2016

Russia - Residence Flamingo in Sanct Petersburg, where 3 migrants died on 14.04.2016

Президент Ислом Каримов вафот этганини эшитиб, 3 сентябрда иш жойини ташлаб кетган 30 нафардан ортиқ ўзбекистонлик қурувчи Москвада ишдан ҳайдалди. Муҳожирлар ишлаган Туркиянинг “Проконс” ширкати вакилининг Озодликка айтишича, ўзбекистонликлар «президентимиз ўлди, бугун мотам куни, бугун биз ишламаймиз», дея иш ўринларини ташлаб кетганлар.

Ширкат вакилининг айтишича, ўзбек меҳнат муҳожирларининг бу амали меҳнат шартномасини бузиш сифатида баҳоланган.

Орадан бир куни ўтиб ўзбекистонлик қурувчилар ширкатдан кечирим сўраган эсалар-да, «Проконс» маъмурияти улар қайта ишга олинмаслигини билдирган.

Ислом Каримов вафоти муносабати билан иш жойини ташлаб кетган ўзбекистонликлардан бири Абдумажиднинг (исми ўзгартирилган) “Озодликка” айтишича, унинг номи иш ташлаганлар рўйхатига тасодифан киритилмаган.

- Ўтган шанба куни биз ишда эдик. Ислом Каримов ўлганинини эшитиб, мотам сифатида иш ташлаш қилдик. 50 дан ортиқ киши эдик. Фирма бошлиқларимизга “президентимиз ўлди, бугун ишламаймиз, бизга рухсат беринг, деб айтдик. Улар рози бўлишмади. Аввалига қўриқчилар ташқарига чиқишимизга йўл бермади. Биз кўпчилик эдик, бостириб чиқиб кетдик. Ҳар ким, ҳар ерга кетди. Эртасига иш ташлаб кетганларнинг тахминан 30 нафарини ишдан ҳайдашди, - деди Абдумажид.

Ўзбекистонлик муҳожирлар ишдан бўшатилган “Проконс” ширкати менежери Мустафонинг “Озодликка” айтишича, "ўзбек ишчилари меҳнат шартномасини қўпол бузгани сабабли ишдан бўшатилди".

- Иш бошланишидан бир соат ўтгандан кейин бир груҳ ўзбекистонлик ишчилар олдимизга келиб, “президентимиз вафот этди, биз бугун ишламаймиз, ташқарига чиқишимиз керак, ” деб айтишди. Биз уларга бугун тўлиқ ишлашлари кераклиги, аммо эртасига жавоб беришимизни айтдик. Яна агар керак бўлса, бирор маросим ўтказишларига ёрдам беришимиз мумкинлигини ҳам тушунтирдик. Улар гапимизга қулоқ солишмади. Билишимизча, болалар ҳиссиётга берилиб, ораларидаги икки нафар “билимдон” сўзларига кириб, ишни ташлаб кетишди, деди Мустафо.

“Проконс” ширкатидан ҳайдалган муҳожирларнинг кўпчилиги, кечирим сўраб, қайта ишга олишни сўраган.

Мустафонинг айтишича, ишдан бўшатилган ўзбекистонликлар қайта ишга қабул қилинмайди ва ҳозирда улар иш излаб юрибди.

Москвадаги турк қурилиш ширкатида ишлаётган ўзбекистонлик қурувчининг фикрича ҳозирги шароитда ишдан бўшатилган ўзбекистонликлар учун Россияда иш топиш жуда қийин бўлиши мумкин.

- Россияда нима кўп, ҳозир ишлайман деган одам кўп. Ҳайдайман деса, ишдан ҳайдайди-да. Мана йигирмата одамни ишдан ҳайдадими, яна қирқта одам жойига келаяпти. Арзон ишчи кўп. Менимча турклар ҳақ. Уларга шарт қўйиб бўлмайди. Интизом қаттиқ уларда. Лекин ишлаш ва яшаш шароитини муҳаё қилиб берган. Уйдан янги келган муҳожир, молиявий жиҳатдан унча қийналмайди. Рус фирмаларига ишга кирсангиз, улар “кидать” қилишади, яъни ишлатиб пул тўлашмайди,- деди ўзбекистонлик қурувчи.

Россия қатор шаҳарларида кўпқаватли бинолар қуришга ихтисослашган “Проконс” ширкати Туркияга қарашли бўлиб, ширкатда асосан марказий осиёликлар ишлайди.

Ишга ёлланган хорижийлар ҳар икки ҳафтада фақат бир кун дам олишади.

Ишчиларни ётоқ жойи, ишлаш рухсатномаси ва озиқ-овқат билан ширкат таъминлайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG