Линклар

​Президент Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистонда ҳокимиятнинг янги қўлга ўтгани Россия истеблишментида Ўзбекистонга нисбатан баёнотларнинг янгича риторикада янграшига сабаб бўлди. Озодлик радиоси ўзининг янги "ГОВОРИТ МОСКВА" рукнида бу баёнотларни савол остига олади.

«Ўзбекистонда Россия бизнеси аҳволи ёмонлашади»

Қатор рус экспертлари ва соҳа мутахассислари билдираётган бу фикрлар маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилмоқда.

Владимир Рижков

Владимир Рижков

- Сибирь ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар мавжуд. Ўзбекистондан корхоналаримизга хом-ашё, озиқ-овқат ва мева-полиз экинлари етказилиши давом этмоқда. Ўзбекистон эса Россия буғдойи ва уни учун энг йирик бозордир. Шу сабабли Ўзбекистондаги ҳар қандай жанжал-тўполон, қон тўкилиши ва қирғин бевосита Омск, Олтой, Оренбург, Қўрғон, Саратов вилоятларига, бошқа жойларга ўз таъсирини ўтказади, дейди «Выбор России» жамоатчилик ҳаракати етакчиси Владимир Рижков.

Расмий маълумотларга кўра, Россия-Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2 миллиард 837 млн долларни, жумладан Ўзбекистондан Россияга чиқарилган товарлар ҳажми 602 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Аммо, рус тадбиркорлари ва расмийлари Ўзбекистонда фаолият юритиб келган Россиянинг «МТС», «Вимм-Билль-Данн» каби ширкатлари фаолияти тўхтатилганини ҳам ёдга олмоқда.

Улар биргина Россиянинг Лукойл ширкатининг Ўзбекистон газ-нефть соҳасига ҳозиргача 55 миллиард доллардан зиёд маблағ ётқизгани, Газпром эса сотиб олинаётган ўзбек гази ҳажмини йилдан йилга ошириб бораётганини унутмасликка чақирмоқда.

Россияда кенг тарқалиб бораётган фикрга кўра, Ўзбекистондаги ҳокимият алмашинуви, ҳокимиятга келган янги кланлар ва бунинг ортидан ошиб бориши тахмин қилинаётган коррупция даражаси рус компанияларининг фаолиятига жиддий тўсқинлик қилиши мумкин.

Яна бир қанча хавфлар, москваликлар фикрича, янги ўзбек ҳукуматининг Ислом Каримов даврида ўрнатилган иқтисодий ҳамкорликка қарши сиёсат юргизиши мумкинлиги билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Айни пайтда, Россия оммавий ахборот воситаларида жамоатчилик фикрини яратаётган бошқа мутахассислар Россия бизнеси учун энг катта хатарни "Ўзбекистон жамиятининг радикал қисми" дан кўраётганини англаб олиш мумкин.

Улар шу аснода ҳатто "демократия ўйинлари" ни вақтинчалик йиғиштириб қўйишни ҳам тавсия этишдан қайтмаётир.

- Демократия билан боғлик экспериментлар аҳоли орасидаги тўқнашувларга олиб келади, бу ҳол эса иқтисод келажагини йўққа чиқаради. Мен демократия сиёсий тузум сифатида иқтисодий фаровонликка олиб келишига шубҳа билдираман. Мисол учун Хитойни келтираман, деди "Вести" канали эфирида Ўзбекистондаги вазиятга баҳо берган политолог Сергей Михеев.

«Россия бизнеси сукут сақламоқда»

Россия –Осиё Саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқининг сиёсий консалтинг департаменти вакили Григорий Трофимчук Озодлик билан суҳбатда рус бизнесменлари учун ҳозирча ҳавотир билдириш учун ўрин йўқ, деган фикрни билдирди.

У Ўзбекистон масаласида рус тадбиркорлари орасида ҳукм сураётган мулоҳазаларни бундай ифода этди:

- Биз истаймизки, бу давлатда ҳаммаси Конституциявий йўл билан амалга ошсин. Конституцияда эса ваколатлар аввалига парламент спикери Ниғматулла Йўлдошевга ўтиши ва кейин сайловлар ўтказилиши белгиланган. Айнан шундай қонуний ўзгаришлар рўй бергандагина бизнес буни ижобий қабул қилади. Акс ҳолда тадбиркорлар бироз хавотирга тушиши турган гап: Конституциянинг бир жойи бузилса, колган жойлари ҳам бузилиши мумкин, деган фикр пайдо бўлади. Ҳозирча ҳамма вазият қайси томонга ўзгаришини кутмоқда, деди Григорий Трофимчук.

Бундай вазиятда Кремлга яқин экспертлар ва кўплаб Россия расмийлари томонидан Ўзбекистонда барқарорлик ва тинчликни сақлаш учун Россия қўл остидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш мумкинлиги ғояси илгари сурилмоқда.

"Говорит Москва" рукнидаги ушбу дастлабки мақолани ёзиб бўлар эканмиз, Ўзбекистондан Бош вазир Мирзиёевнинг Конституция талабига зид равишда муваққат Президент этиб сайлангани ҳақида хабар келди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG