Линклар

Шоир Усмон Азим марҳум Ислом Каримовни “Худо берган авлиё” деб атади


Усмон Азимнинг "Даракчи" газетасида чоп этилган хотираси.

Усмон Азимнинг "Даракчи" газетасида чоп этилган хотираси.

Ички ишлар ходими порахўрлик туфайли 6 йилга қамалди. Марказий банк расмийси маҳсулот карточкага қимматроқ сотилаётган ҳолатларни банклар назорат қилишга ҳақли эмаслигини маълум қилди. Жорий ҳафта матбуот мана шу мавзуларни кўтарди.

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим: Ислом Каримов – Худо берган авлиё

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим жорий йил 2 сентябрь куни вафот этган Президент Ислом Каримов ҳақидаги хотирасини эълон қилди (“Даракчи”, 8 сентябрь).

“Ислом Каримовга бўлган иззат-ҳурматимни ҳамиша – у зот билан илк бор учрашганимдан буён юрагимда сақлайман. Аммо бу эҳтиромимни ҳаётликларида баралла ёзишга қўлим бормади. Ҳар ҳолда, тўрт қатор шеър ёзиб, ишларини битириб кетадиган адабий “савдогар”лар қаторига тушиб қолишдан уялдим”, дея сўз бошлайди муаллиф.

Мақолада қайд этилишича, мустақилликнинг илк йилларида Андижонда зилзила рўй беради ва Ислом Каримов вилоятга бориб, вазият билан танишиб қайтади.

Ўша пайтда Президент девонида фаолият юритган У.Азим Андижондан қайтган И.Каримов қабулига киради. Суҳбат асносида И.Каримов зилзила бекорга рўй бермагани, қаердадир одамларнинг гуноҳи кўпайиб кетгани ва шу боис Парвардигор офат юборганини сўзлайди.

Муаллифнинг ёзишича, И.Каримов суҳбат асносида ҳозир яна зилзила рўй беришини айтади ва маълум дақиқалар ўтиб, дарҳақиқат, Тошкентда ер силкинади. Башорат тўғри чиққанидан У.Азим жуда ҳаяжонланади.

“Мўъжизага дуч келганим аниқ эди. Қаршимда Президентгина эмас, Худо берган одам – авлиё ҳам ўтирганини аниқ билиб турар эди”, деб ёзади шоир У.Азим.

Ички ишлар ходими порахўрлик туфайли 6 йилга қамалди

Бухоро вилояти Пешку туман ички ишлар бўлими катта инспектори порахўрлиги туфайли 6 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 8 сентябрь).

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Оққўрғон туман суди Пешку туманида яшовчи фуқарога 2 йил синов муддати тайинлаган.

Исми ошкор этилмаган милиция катта инспектори эса судланувчини жазодан озод этиш эвазига унинг танишидан пора сўраган.

Қайд этилишича, тама қопқонига тушган ички ишлар ходими 400 минг сўм пора олаётганда жиноят устида ушланган. Суд ҳукмига кўра, ички ишлар ходими 3 йил мансабдорлик лавозимларида ишлан ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган.

Марказий банк расмийси: Маҳсулот карточкага қимматроқ сотилаётган ҳолатларни банклар назорат қилишга ҳақли эмас

Айрим дўконларда маҳсулот нархи нақд ёки пластик картага қараб турлича: нақдга арзон, картага эса қимматроқ бўлиб қолмоқда.

Марказий банк пул муомаласи департаменти бошқарма бошлиғи Рустамбек Абдураҳмонов мазкур ҳолатга “Оила даврасида” газетаси орқали муносабат билдирган.

“Чакана савдо ва пулли хизмат кўрсатиш шохобчаларида тўловларни пластик карталар орқали қабул қилишдан бош тортиш, нархларни ошириш, тўлов терминалини атайлаб ишлатмаслик ёки яшириб қўйиш ҳолатларини назорат қилишга тижорат банклари ҳақли эмас”, дейди Р.Абдураҳмонов.

Қайд этилишча, банк пластик карталари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича терминалларнинг мавжудлиги ва улардан мажбурий равишда фойдаланиш устидан назорат солиқ органлари зиммасига юкланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG