Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:51

Россияда андижонлик йигит қулликдан қочди


Тула вилояти Тарус туманидаги “Интерсталь” корхонасида қулликда қарийб ярим йил ушлаб турилган ўзбекистонлик муҳожир, ҳужжатсиз Москвага қочди. Ўзбекистонлик йигит ҳимоя сўраб, Россия ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилмоқчи. Кузатувчиларга кўра, Россияда қуллик шароитида ишлаётган ўзбеклар сони кўпайиб бормоқда.

Андижонлик Саидаҳмад (номи ўзгартирилган) Тула вилояти Тарус туманидаги“Интерсталь” корхонасида қарийб ярим йил қуллик шароитида ишлаганидан сўнг, танишлари яшаётган Москвага қочганини Озодликка сўзлаб берди.

Саидаҳмаднинг айтишича, 50 нафардан ортиқ марказий осиёликлар, жумладан ўзбекистонликлар ишлайдиган корхонада муҳожирлар деярли қуллик шароитида яшашади.

Мигрантлар паспортларини корхона эгаси йиғиб олади. Улар корхонада ишлашади, шу ерда қўйилган вагончикларда яшашади. Кеча-кундуз шу ерда, ташқарига чиқиш йўқ. Агар корхона территориясидан ташқарига чиққанлар қўлга тушса,жарима солинади. Баъзида дўпослашади ҳам. Завод қўриқчилари томонидан дўппослашганини ўз кўзим билан кўрганман. Менга ваъда қилган ойликни беришмади. Қарийб ярим йил ишладим. Охири корхона эгасига “майли, пулимдан воз кечаман, паспортимни беринглар, кетаман уйга“ десам, беришмади. Яна ишлашни талаб қилишди. Шундан кейин мен қочишга мажбур бўлдим,” дея ҳикоя қилади Саидаҳмад.

Саидаҳмад илгари сурган даъволар юзасидан Озодлик "Интерсталь" корхонасидан муносабат ололмади.

Аммо андижонлик муҳожир сўзларини, ҳозирда “Интерсталь” корхонасида ишлаётган ўзбекистонликлардан бири Озодликка тасдиқлади.

Корхонада қонун шунақа - рабочий кўчага чиқмайди. Паспортлар бошлиқда туради. Кейин ойлик йил охирида берилади. Бирор “нарушение” ё бошқа нотўғри иш қилса, пул бермайди. Лекин 6-7 ойда ойлик бериши ҳам мумкин, бермаслиги ҳам мумкин. Ҳеч ким гарантия бермайди бунга,” деди ҳозирда корхонада ишлаётган ўзбекистонлик муҳожир.

Бирор ҳужжатсиз Москвага қочиб келган Андижонлик муҳожир маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларига ёкиҳуқуқ тартибот органларига шикоят қилмоқчи.

Москвадаги “Мигрант Меҳнаткашлар Касаба Уюшмаси” раиси Ринат Каримовнинг Озодликка айтишича, Россияда қулликка кўпинча Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошлари тушади.

Ўзбекистонлик Саидаҳмад йўлиққан вазиятни, замонавий қуллик, тўғрироғи яримқуллик деган бўлардим. Қулликдан фарқи шуки, агар бир йил ишлаб беришга тоқати етса, йил охирида ишлаган пулини олиши мумкин. Ҳар ким ҳам бундай шароитга чидай олмайди. Саидаҳмадга ўхшаган муҳожирларнинг ўз маошларини иш берувчига ҳадя қилишлари кўпайиб бормоқда. Чунки Россияда инқироз боис, аксар корхоналар, молиявий жиҳатдан жуда қийин аҳволда қолган. Бундан ташқари муҳожирларни қуллик шароитда тутилгани маҳкамада тасдиқлаш ўта мушкул. Яна Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошлари кўп ҳолларда иш берувчи билан ёзма равишда шартнома тузмайди”, деди Ринат Каримов.

Москвадаги Миграция бўйича Халқаро ташкилот (МОМ) маълумотига кўра, сўнги икки ҳафта давомида Тверь,Ёқутистон ва Волгоград вилоятларидаиш берувчи томонидан алданган қарийб 70 нафар марказий осиёлик, жумладан ўзбекистонлик муҳожирлар деярли қуллик шароитидан қутқазилган.

2016 йил майида “Озод Бўл” халқаро жамғармаси чоп қилган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон замонавий қуллик турлари қўлланадиган мамлакатлар ичида дунёда иккинчи ўринда туради.

Ўзбекистон аҳолисининг 3,97 фоизи замонавий қулдорчилик қурбонларидир.

XS
SM
MD
LG