Линклар

Ўзбекистон президенти вафотидан кейин ҳукумат тепасига келадиган етакчи ким бўлишидан қаъти назар, у учун глобал жиҳодчи гуруҳлар сафига қўшилган исломий жангариларни назорат қилиб туриш осон бўлмайди.

Ўзбек жангарилар Сурия ва Ироқда “Исломий давлат,” Афғонистонда толиблар сафларида жанг қилади. Қолаверса, ўзбек радикаллар Россиянинг йирик шаҳарларига ўрнашиб олган ҳамда Пекин ҳукмини тан олмайдиган хитойлик уйғурларни дастаклайди.

Ўтган ҳафтада инсультдан вафот этган Ислом Каримов Ўзбекистонда 1990 йиллардаги исломий ғалаён келтириб чиқарган жангари ҳаракатларни хавфсизлик хизматлари ёрдамида шафқатсизлик билан бостириб турган.

Каримов вафоти ортидан Шавкат Мирзиёев муваффақ президент этиб тайинланган бўлса-да, ким президент этиб сайланиши ҳамда мамлакат хавфсизлик кучларининг исломий тармоқларни назорат қилиб тура олиши ёки йўқлиги номаълум бўлиб қолмоқда.

Глобал жиҳод ҳаракатида ўзбек жангарилар бошқа гуруҳлардек ном чиқаргани йўқ. Ироқлик, тунислик, россиялик ҳамда ғарбий европалик жангарилар орасида қўмондонлар ҳамда худкуш ҳужумлар уюштирувчилари кўп, лекин ўзбеклар асосан оддий жангари вазифасини бажаради.

Шундай бўлса-да, Reuters агентлиги хавфсизлик хизматлари расмийлари, жангарилар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан ўтказган суҳбатлар ўзбек жангариларнинг сони бир неча минг кишидан иборат эканлигини, улар жангларда тажриба орттирганини ҳамда бошқа жиҳодчи гуруҳлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишини кўрсатади.

Бу жангарилар Ўзбекистон расмийларини жоҳил кучлар деб билади ва асосан хорижда жиҳод қилади.

Аммо International Crisis Group ташкилоти ўтган йилда эълон қилган ҳисоботда “Агар ушбу радикаллашган муҳожирларнинг аксари ўз ватанига қайтса, улар Марказий Осиёдаги барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид соладилар”, дейилади.

Марказий Осиёдаги исломий жангариликнинг ўчоғи Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон республикалари ҳудудида жойлашган Фарғона водийсидир.

57 ёшли ўшлик ўзбек Абдурасул Йўлдошев Россияда ишлаб юрганида ўзидан узоқлашиб кетган аёли икки қизи ва ўғли билан Сурияга кетганини ҳикоя қилиб берди.

19 га тўлган ўғил Муҳаммадислом “Исломий давлат” экстремистик гуруҳига қўшилган.

Йўлдошевнинг айтишча, кимдир номаълум номердан унга чалиб, ўғли шаҳид бўлганини айтиб табриклаган. Йўлдошев суҳбатдошига бақирган, суҳбатдоши эса ўз навбатида уни кофир деб атаган.

41 ёшли ўшлик ўзбек Малоҳат Маматожиева ҳам 9 июль куни фарзанди Нурмуҳаммад тақдири ҳақида худди шундай хабар эшитган.

Маматожиеванинг айтишича, ўғли Россиянинг Владимир шаҳрига ишлагани борган, аммо 2014 йилнинг ноябрида Россиянинг чекка жойига бир ҳафтага кетаётганини айтган. 2015 йилнинг мартига келиб ўғил Суриядан чалган.

Кейинроқ Маматожиевага ўғли Сурияда жангларда ҳалок бўлгани ҳақида хабар келган.

БМТ эълон қилган қидирувдаги жангарилар рўйхатига кўра, Афғонистон ва Покистондаги жангари гуруҳлар сафларида ўзбеклар кўп.

Хавфсизлик хизматлари расмийларига кўра, ўзбек жангарилар Хитойдаги уйғурлар билан ҳам алоқададир. Қирғизистон хавфсизлик хизматлари тарқатган маълумотларга кўра, Бишкекдаги Хитой элчихонасига ўтган ойда қилинган ҳужумни уйғурларлар амалга оширган, уларга бир неча этник ўзбек ёрдам берган.

Сурияда жангларда иштирок этган россияликнинг айтишича, Сурияда ўзбеклар ўз жангари гуруҳларига эгалар.

Ўтган йилда Ўш шаҳрида хавфсизлик хизмати ходимлари Сурияда жанг қилганликда гумонланган бир неча шахсни қўлга олган. Ўш милицияси етакчиси Қиличбек Жолдошевнинг айтишича, 2016 йилда Сурияга кетган 16 одам аниқланган, у ерга йўл олган камида беш одам қўлга олинган.

“15 одам қайтиб келди. Уларнинг етти нафари қамоқда. Саккизтаси эса жазо муддатини ўтаб бўлди”, деди Жолдошев.

Reuters агентлигига кўрсатилган видеода сўроқ қилинган айбланувчининг 2013 йилнинг октябрида уч ойга Сурияга кетгани, ўша пайтда “Ал-Қоида”га кирган “Жабҳатан-Нусра” гуруҳи сафида жанг қилганини айтганини кўриш мумкин.

Миллати ўзбек бўлган айбланувчига Марказий Осиёга қайтиб келиб, ҳужумларни уюштириш буюрилган. Бу шахс ўз айбига тазйиқ остида иқрор бўлгани ёки йўқлигини аниқлаб бўлмади.

Сурия ва Афғонистондаги ўзбек жангарилар ёппасига Ўзбекистонга қайтиб келиб, ҳужум уюштиришни режалаштираётганини кўрсатувчи далил йўқ. Аммо “Исломий давлат” жангарилари Сурия ва Ироқдан сиқиб чиқарилса, ўзбек экстремистлар ўз ватанларига қайтиб келишлари мумкин. Бу эса Ўзбекистон ҳукумати ҳамда хорижий давлатлар учун муаммо бўлади.

Дмитрий Соловьёв мақоласи

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG