Линклар

Қирғизистонда Ҳайит намози хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган вазиятда ўқилди


Бишкек марказий майдонида Ҳайит намозини ўқиш кўп йиллик анъанадир.

Бишкек марказий майдонида Ҳайит намозини ўқиш кўп йиллик анъанадир.

Қурбон Ҳайити намози Қирғизистонда биринчи марта хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган тарзда ўқилди. Жумладан, Бишкекдаги барча масжидлар ва у ерга кираётган намозхонлар қаттиқ текширувдан ўтказилди. Бишкек бош майдонида ўқилган намозга ҳам диндорлар махсус ускуналар воситасида текширувдан ўтказилганидан сўнг киритилди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Бишкекда Ҳайит намози ўқиладиган бош майдон ва масжидлар жорий йилда уч мингта милиция ходими томонидан кучайтирилган тарзда назорат қилинди. Махсус хизматларнинг оддий киймдаги юзлаб ходимлари ҳам масжидларни ва у ерга келган намозхонларни назоратга олди.

Милиция ва махсус хизмат ходимлари ҳар бир намозхонни махсус ускуналар ёрдамида текширганидан кейингина намоз ўқиладиган жойларга киришига рухсат берди.

Ҳар йили биргина Бишкек бош мадонига Қурбон Ҳайити намозини ўқиш учун камида 15-20 минг одам келишини ҳисобга оладиган бўлсак, кучишлатар тузилмалар ходимларининг қўли қўлига тегмай текширув ўтказганини тасаввур қилиш мумкин.

Айтиб ўтиш жойизки, жорий йилда Бишкекда биринчи марта мана шундай текширув ўтказилди ва намоз назорат кучайтирлган бир вазиятда ўқилди.

Хавфсизлик чораларининг кучайтирилишига 30 август куни Бишкекдаги Хитой элчихонаси олдида худкуш томонидан уюштирилган портлаш, Бишкек яқинидаги мавзелардан бирида террорчи гуруҳга мансуб шахснинг отишма пайтида жисмонан йўқ қилингани ва бошқа шу каби ҳолатлар сабаб бўлгани айтилмоқда.

Бир неча кун аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Бишкекдаги Хитой элчихонасига террор ҳужуми уюштирган 9 одам аниқланганини маълум қилганди.

Расмий хабарда портлашни амалга оширганлар Суриядаги жангларда иштирок этаётган, таркибига уйғурлар ҳам кирган “Жабҳад-ул-Нусра” ва“Жамоат Тавхид ва жиҳод” гуруҳлари аъзолари экани иддао қилинган эди.

Аммо махсус хизмат томонидан халқаро қидирувга берилганлардан икки нафари ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўзлари Туркияда яшашларини, бу ерда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишларини, ҳеч қандай террорчилик ташкилотларига мансуб эмасликларини ва қирғиз махсус хизмати уларга нисбатан тухмат қилаётганини айтиб чиққан.

Бишкек бош майдонида ўқилган намозда бош вазир Сўўрўнбай Жээнбеков, пойтатхт мэри ва бошқа расмийлар иштирок этди. Бишкек бош майдонида кўп йиллардан бери икки ҳайит намозини ўқиш анъанага айланган. Намоздан олдин бош вазир президенининг байрам муносабати билан Қирғизистон халқига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Президент Алмазбек Атамбаев ҳар йили Ҳайит намозларини ўзи туғилиб ўсган Бишкек яқинидаги Арашан қишлоғидаги масжидда ҳамқишлоқлари билан бирга ўқийди. Бу йил ҳам у бу анъанани давом эттирди.

Қирғизистоннинг бошқа вилоятларида ҳам Ҳайит намози пайтида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани, бу ишга милиция, махсус хизмат ходимларидан ташқари кўнгилли ватандошлар ҳам жалб қилингани хабар қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG