Линклар

logo-print

Қирғизистонда ГЭСга яширинча киришга уринган тожикистонликлар қўлга олинди


Қирғизистондаги Тўқтўғул ГЭСи иншоотларидан бири.

Қирғизистондаги Тўқтўғул ГЭСи иншоотларидан бири.

Қирғизистонда стратегик объект сифатида қаттиқ қўрқиланадиган Курпсой ГЭСига 1 сентябрь куни яширинча киришга уринган Тожикистон ватандошлари қўлга олинди. Бу хабарни Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги тасдиқлади. Тожикистон паспортига эга бўлган икки фуқаро ГЭС ҳудудига киришга нега урингани ҳозирча номаълум қолмоқда. Бундан аввалроқ, 30 август куни Хитой элчихонаси олдида худкуш ҳужум уюштирганлардан икки нафари ҳам Тожикистон ватандоши паспортига эга бўлгани хабар қилинган эди.

Жалолобод вилоятидаги Курпсой ГЭСи стратегик объект сифатида Миллий Гвардия аскарлари томонидан қўриқланади. Миллий Гвардия матбуот котиби Тўлқунбек Раимжонов аскарлар ГЭСга яширинча ўтишга ҳаракат қилган икки одам қўлга олинганини маълум қилди. Унга кўра, бу воқеа 1 сентябрда, яъни Бишкекдаги Хитой элчихонаси олдида худкуш ўзини портлатганидан сўнг икки кун ўтиб содир бўлган.

-Бизнинг аскарлар уларни қўлга олиб, тинтув қилганида, уларнинг олдидан Тожикистон ватандоши паспортлари топилган. Шундан сўнг уларни Ички ишлар вазирлигига топширдик. Улар қаттиқ қўриқланадиган объектга ноқонуний киришга ҳаракат қилгани учун ҳибс қилинди, -деди Тўлқунбек Раимжонов.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Эрнис Осмонбаев бу маълумотни тасдиқлади. Ички ишлар вазирлиги тезкор суриштирув ишларини амалга оширганидан сўнг, ҳибс қилинган тожикистонликларни Миллий хавфсизлик қўмитасига ўтказиб берган.

-Сўроқ пайтида тожик ватандошлари “Россиядан Қирғизистон орқали уйимизга қайтаётиб, йўлдан адашиб қолдик ва ГЭС ҳудудига кириб кетдик”, деб тушунтириш берган. Бироқ бу ҳақиқатми ёки ёлғонми тергов давомида аниқ бўлади. Ўша куниёқ уларни Миллий хавфсизлик хизмати дастлабки тергов натижалари билан бирга олиб кетган. Тергов ишларини ҳозир Миллий хавфсизлик хизмати олиб бораяпти, -деди Эрнис Осмонбаев.

30 августда Хитойнинг Бишкекдаги элчихонаси олдида худкуш ўзини портловчи модда юкланган автомашинада портлатиб юборган, бунинг оқибатида худкушнинг жасади парча-парча бўлиб атрофга сочилиб кетган ва Қирғизистоннинг уч ватандоши яраланган эди.

Миллий хавфсизлик хизмати тарқатган маълумотда айтилишича, террор ҳаракатини уюштирганликда гумонланган 9 одамдан 5 нафари қўлга олинган, 4 одам эса қидирувга берилган.

Хитой элчихонаси олдида портловчи модда ўрнатилган машинада ўзини портлатган худкуш Зоир Ҳалилов номига берилган тожик паспортига эга 33 ёшли уйғур миллатига мансуб шахс бўлган. Хавфсизлик хизмати бу шахс “Туркистон исломий ҳаракати” аъзоси бўлган, деб билдирмоқда.

Шунингдек, қидирувга берилганлар орасида ўшлик 25 ёшли Иззатилло Сатибаев Қирғизистонда Тожикистон ватандоши Ф. Бабажанов номига берилган паспорт билан юргани маълум бўлган.

Хавфсизлик бўйича эксперт Талант Раззаков Қирғизистон жанубидаги ГЭСлар террорчилар назарига тушган бўлиши мумкин, деган таҳминни эҳтимолдан соқит қилмайди. Унга кўра, мазкур ГЭСларнинг ишдан чиқарилиши ортидан бутун Фарғона водийси сув остида қолиши мумкин.

-ГЭСларда жуда катта миқдорда сув бор, бу сув омборларда сақланади. Шунинг учун бу объектлар кучайтирлган тарзда қўриқланади. Агар ГЭСларга таҳдид қилинса бутун Марказий Осиё, жумладан, Фарғона водийси хавф остида қолади. Бишкекда худкуш ҳужум уюштирилгани бу бир огоҳлантириш бўлди. Шунинг учун ГЭСлар ва сув омборлари назоратини янада кучайтириш лозим, -деди Талант Раззаков.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати тожик ватандоши паспорти билан қўлга олинган шахслар иши юзасидан ҳозирча маълумот беришдан тийилмоқда. Тожикистоннинг Бишкекдаги элчихонаси ҳам шу кунгача ўз ватандошлари ҳибс қилинганига ўз муносабатини билдирган эмас.

XS
SM
MD
LG