Линклар

logo-print

Ҳуқуқбонлар қамоқдаги "Эрк" фаоли Исроил Холдоров билан учрашди


11 сентябрь куни “Эзгулик” жамияти фаоллари Навоий қамоқхонасида жазо ўтаётган, мухолифатдаги "Эрк" партияси аъзоси Исроил Холдоров билан учрашди. Андижон воқеалари иштирокчиси сифатида айбланган Исроил Холдоров 2007 йилдан буён қамоқ жазосини ўтаяпти.

"Эзгулик" фаоллари Навоий қамоқхонасида “Эрк” демократик партиясининг Андижон вилояти бўлими собиқ раиси Исроил Холдоров билан учрашгани ҳақида Озодликка хабар берган Абдураҳмон Ташановга кўра, қарийб бир соат давом этган учрашув колония тезкор ходимлари иштирокида ўтган. Учрашувда Ташановдан ташқари “Эзгулик” раҳбари Васила Иноятова ҳам иштирок этган.

“Эзгулик” Исроил Холдоровга таяниб “унинг аҳволи яхшилиги, қамоқхона маъмурияти ва шарт-шароитлардан шикояти йўқлиги” ҳақида ёзди:

“Мен озодликдан маҳрум қилинишимдан аввал ҳам полиартрит билан иккинчи гуруҳ ногирони бўлганман. Ўртада полиартрит қўзғамай кетганди, яқиндан бери Навоийдаги об-ҳаво таъсир қилибми, бўғимларим шишгандай бўляпти. Қолгани яхши, озодликка чиқсам бўлди, бошқа нарсадан шикоят йўқ. Баъзан худди шу ерда қолиб кетадигандек туюлади менга. Лекин Мурод Жўраев, Мамадали Маҳмудовларнинг озод этилганлигини эшитиб, мен ҳам барибир озод бўламан деган умид пайдо бўлди. Такрор айтаман, шароит канчалик етарли бўлмасин, қамоқ барибир қамоқ, уйга кетишни, невараларимнинг катта бўлаётганини кўришни хоҳлайман”, деган Исроил Холдоров “Эзгулик” фаоллари билан учрашувда.

“Эзгулик” жамияти Исроил Холдоровнинг кексалиги, саломатлиги ёмонлиги ва жазони ўташга қодир эмаслигини инобатга олиб, уни озодликка чиқариш лозимлиги борасида бир неча бор баёнот эълон қилган.

Асли касби ўқитувчилик бўлган Исроил Холдоров 2003 йилдан бошлаб “Эрк”нинг Андижон вилояти кенгашига раҳбарлик қилган.

2005 йил 13 май кунги Андижондаги қонли воқеаларга ойдинлик киритувчи маълумотларни жамоатчиликка ошкор этган. Хусусан, Бобур майдонида ўлдирилган фуқароларнинг Боғишамолда оммавий қабрга кўмилгани ҳақидаги гапни жамоатчилик Исроил Холдоровдан эшитган эди.

Андижон воқеаларидан сўнг мухолифат ва ҳуқуқ фаолларини қамоққа олишлар бошланиб кетгандан сўнг, айрим манбаларга кўра, Холдоров 2005 йил охирларида хориждан бошпана сўраш ниятида қўшни Қирғизистонга ўтган, аммо кўп ўтмай Андижонга қайтган. 2006 йилнинг 10 июлида яна Ўшда ғойиб бўлган.

Расмийларга кўра, 2006 йил 7 сентябрь куни Исроил Холдоров Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, ўзини топширган. Норасмий манбаларга кўра, мухолифатчи 2006 йил 10 июль куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридан ўғирлаб кетилган.

Сўнгра Андижон воқеалари иштирокчиси сифатида айбланган Исроил Холдоров 2007 йилнинг 19 февралида 6 йиллик қамоққа ҳукм қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди Исроил Холдоровни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) ҳамда 244/1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш)да айбдор деб топган.

2012 йилда “Эрк” фаоли Исроил Холдоровнинг жазо муддатига яна уч йил қўшиб берилган. 2015 йилнинг сентябр ойида эса Холдоровнинг жазо муддати яна 3,6 йил муддатга узайтирилган.

Маълум бўлишича, Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш Бош бошқармаси “Эзгулик” фаолларига қамоқдаги 10 нафар фаол билан учрашишга рухсат берган. Исроил Холдоров билан учрашув ушбу рўйхатдаги учинчи учрашувдир.

“Эзгулик”чилар август ойида Жаслиқ қамоқхонасида ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармонов билан июлда эса Зарафшон қамоқхонада сақланаëтган журналист ва сиëсий фаол Муҳаммад Бекжон билан учрашди.

XS
SM
MD
LG