Линклар

Г. Каримованинг пора жанжали ортидан ишдан олинган А. Арипов лавозимига қайта тикланди


Ўзбекистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёв 13 сентябрда имзолаган фармон билан Абдулла Ниғматович Арипов Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялари масалалари комплекси раҳбари лавозимига тасдиқланди.

Бош вазирнинг янги ўринбосари 2012 йили айнан шу лавозимдан, телекоммуникация соҳасидаги корупция жанжали ортидан, ишдан олинган эди.

Таҳлилчилар фикрича, “порахўрлик жанжали фигурантининг ҳукуматга қайтарилиши ëмон сигналдир”.

Абдулла Арипов 2002 йил май ойидан то 2009 йил октябригача Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг раҳбари бўлиб,. 2009 йилдан 2012 йилгача эса Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг чет эл ширкатларидан Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун пора олгани билан боғлиқ жанжал ҳам ўша пайтда коммуникация соҳасини назорат қилган мулозим Арипов исми билан боғланади.

Швеция прокуратураси апелляция судига тақдим қилган TeliaSonera масъул ходимларининг ўзаро ёзишмаларида ширкат масъуллари Ўзбекистонда бизнес бошлашдан аввал Гулнора Каримова билан контакт ўрнатишга уринганига ишора қилади.

Бу ёзишмалардан маълум бўлишича, TeliaSonera ижрочиси Эско Ритконен Ўзбекистон расмийлари билан музокара қилиш учун Тошкентга келиши керак бўлган. Бунда Марказий Осиёда бизнес юритиш тажрибасига эга бўлган Элден Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг ўша пайтдаги раҳбари Абдулла Арипов билан учрашишдан аввал Гулнора Каримова билан келишиб олиш лозимлигини маслаҳат қилади. "Чунки, деб ёзади у, ўта агрессив тип бўлган Арипов рус иневесторлари тарафдоридир".

TeliaSonera собиқ раҳбарига қўйилаётган айбловлар мазкур ширкатнинг Ўзбекистонда бизнес қилиш имконияти эвазига бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганига доир тергов билан боғлиқдир.

Бу ишни тергов қилаётган Швеция прокуратураси Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлернинг Озодликка айтишича¸

"TeliaSonera бўйича тергов билан боғлиқ жараëн Абдулла Арипов раҳбар бўлган даврни қамрайди. Ариповнинг имзосини айни ишга оид кўп ҳужжатларда кўриш мумкин".

Бу ишга оид Халқаро матбот назарига тушган тафсилотлар ортидан 2012 йилда Арипов ишдан олиниб, устидан жиноят иши очилгани ҳақида Ўзбекистондаги Узметроном интернет нашри хабар берган эди.

2012 йилда ўзининг “ишончли манбаларига” таянган ҳолда хабар қилган Узметроном нашрига кўра, Абдулла Ариповга, жумладан, “Ўздунробита” ширкатига қўшимча ретрансляторлар ўрнатиш учун ноқонуний рухсатномалар берганлик айби қўйилган.

2013 йилга келиб Абдулла Арипов устидан жиноий иш тўхтатилди ва собиқ мулозим Тошкент алоқа коллежида оддий ўқитувчи сифатида яна Бош вазир ўринбосари қилиб тайинланган 2016 йилнинг 13 сентябргача ишлаб юрди.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов Озодлик билан суҳбатда ҳукуматга қайтарилган собиқ мулозим ўз вақтида бир имзо билан мамлакат ҳазинасини йиллик бюджетнинг 7 фоизи миқдоридаги пулдан махрум қилганлигини иддао қилди:

- Ўз вақтида "Такилант" ва "Свисдорн" каби номи бору ўзи йўқ оффшор ширкатларга мобил алоқа лицензияси берилишини таъминлаган ва пировардида бу лицензияларни реал мобил операторларига сотиб Ўзбекистон қонунчилигини қўпол бузган мулозим ҳукуматга қайтарилди. Ориповнинг бу қилмиши оқибатида давлат хазинаси бир миллиард АҚШ долларига яқин маблағдан маҳрум бўлди. Бу сумма Ўзбекистон йиллик бюджетининг 7 фоизини ташкил этади. Ëки соғлиқни сақлашга бюджетдан ажратилган пулнинг 50 фоизи демакдир. Бу мулозимни ишига қайта тиклаган Мирзиëев ўз навбатида бу қилмишлар учун маъсулиятни бўлишади. Албатта, Мирзиëевнинг 2012 йили Орипов ишдан олинган вақтда ҳам Бош вазир бўлгани боис¸ у шундоғам бу иш учун қисман жавобгардир. Мирзиëев Абдулла Ариповни ишга тиклагани АҚШ судида кўрилаëтган масалага ҳалақит беради. Ўзбекистон ҳукумати коммуникация ширкатлари тарафидан пора сифатида олиниб ҳозир музлатилган бир миллиард долларни АҚШ суди орқали қайтариб олмоқчи. Пора олди-бердисида исми кечган мулозимнинг яна Бош вазир ўринбосари бўлиши пулни бюджаетга қайтариш шансларини камайтиради¸ дейди Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов.

Шу билан бирга Илҳомов Абдулла Ариповнинг телекоммуниация соҳасида тажрибали мутахассис эканлигини ҳам эътироф қилди.

Арипов билан боғлиқ жанжалларни ëритган ўзбекистонлик журналист Сергей Ежков ҳам уинг касбий маҳорати ҳақида гапириб¸ Мирзиëев уни шу боис бугунгача асраб келганини таъкидлади.

- У Ўзбекистондаги телекоммуникация модернизациясини бошлаб берган эди. Мирзиëев уни мутахассис сифатида қадрлаб келажак учун асраб қўйган эди¸ деди суҳбатдош.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG