Линклар

Европа Иттифоқи Ҳарбий амалиётлар қўшма штабини тузмоқчи


Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер

Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер

Европа Иттифоқи Ҳарбий амалиётлар қўшма штабини тузишни режалаштирмоқда. Бу Иттифоқнинг НАТОга қўшимча равишда Қўшма қуролли кучларини шакллантириш йўлидаги биринчи қадамдир, деб баёнот берди Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер Европарламентнинг чоршанба куни Страсбургда ўтган сессиясида.

Еврокомиссия раисига кўра, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг армиялари ёлғиз ҳолда радикал исломчилар ва Россия агрессиясига қарши тура олиш қудратига эга эмас.

Жан-Клод Юнкернинг айтишича, Европа Иттифоқи Ҳарбий амалиётлар қўшма штабини тузишни Буюк Британия Иттифоқдан чиқиб кетганидан сўнг бошлайди. Жорий йил охиригача Еврокомиссия Европа мудофаа фондини тузади.

Май ойида Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Федерика Могерини Иттифоқнинг қўшма қуролли кучларини тузиш ғоясини рад этган эди. Кейинроқ у Иттифоқнинг ташқи сиёсат соҳасидаги янги стратегиясини эълон қилган, унда мудофаа соҳасида ҳамкорлик назарда тутилган эди.

XS
SM
MD
LG