Линклар

Қирғизистонда террорчиликда гумонланаётган шахс ўзининг айбсиз эканини айтмоқда


Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати эълон қилган сурат. Кўзи қора чизиқ билан беркитилганлар қўлга олинган ватандошлар. Пастки қаторда ўнгдан учинчи мақола қаҳрамони Бурҳониддин Жантўрўев.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати эълон қилган сурат. Кўзи қора чизиқ билан беркитилганлар қўлга олинган ватандошлар. Пастки қаторда ўнгдан учинчи мақола қаҳрамони Бурҳониддин Жантўрўев.

Бишкекда Хитой элчихонасидаги портлашга алоқадор деб қидирувга берилган 4 одамдан бири, Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидан бўлган Бурҳониддин Жантўрўев Озодликка мурожаат қилиб, ўзининг бегуноҳ эканини айтди. Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси 30 августда Бишкекдаги Хитой элчихонасига террор ҳужуми уюштирганлар аниқланганини маълум қилган ва гумонланувчилар суратларини очиқлаганди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тарқатган расмий маълумотда айтилишича, 30 август куни Хитой элчихонасига террор ҳаракатини уюштирганликда гумонланган 9 одамдан 5 нафари қўлга олинган, 4 одам эса қидирувга берилган.

Қидирувга берилганлардан бири, Жалолободнинг Сузоқ туманида яшаган, ҳозирда Истанбулда ўзбек таомлари кафесини бошқараётган Бурҳониддин Жантўрўев Озодликка ўзи ва қариндошларини бу ишга қандай аралашиб қолганини айтиб берди.

" 6-7 ой олдин менинг кафемга ўзбекистонлик Бахтиёр деган бола келган эди. “Ака, оилам билан Истанбулда яшайман. Тирикчиликка қийналаяпман. Мени ишга олинг”, деганди. У бола қўлимда бир ҳафтача ишлади. Лекин қўл-оёғи чаққон бўлмагани учун у одамни ишдан бўшатдим”, -дейди Бурҳониддин Жантўрўев.

Унга кўра, Бахтиёр ишдан кетганидан кейин ҳам баъзида келиб овқатланиб кетган.Бурҳониддин Бишкекдаги Хитой элчихонасидаги портлаш ортидан қариндошларини қўлга олиниши ва ўзини қидирувга берилганини эшитиб шок ҳолатига тушган.

“Бир ой, бир ярим ой аввал ўша Бахтиёр менга 5000 доллар олиб келиб: "Ака, шу пулни Бишкекка юбориш керак, сиз ёрдам берсангиз. Ҳар ҳолда қирғизистонликсиз. У ерга қандай жўнатишни яхши биласиз", деган. “Ўзингиз боринг”, десам. “Ака, алдаб қўйишлари мумкин мени”, деганди. Мен у пулни Истанбулдаги "Ҳалол тур" фирмасига бирга олиб бориб”, - дейди Бурҳониддин Жантўрўев.

Унга кўра, тахминан 20 кун аввал Бахтиёр яна 1000 доллар олиб келиб, буни ҳам Қирғизистонга юборишни илтимос қилади. Лекин ўша пайтда ўзида моддий қийинчилик бўлгани учун у пулни ўзи олиб қолиб, Жалолободдаги қайин опасидан қарз беришни сўраб, Бахтиёр айтган Бишкекдаги Искандар деган одамга жияни орқали пулни беради.

Бурҳониддин акага кўра, унинг Туркиядаги кафесига Қирғизистондан гўшт етказиб бериш билан шуғулланувчи қайин акаси бор. Кунлардан бир кун Бахтиёр тожикистонлик бир одамни Ўшга бирга олиб кетишини сўраб келади ва у қайин акаси билан бирга Ўшга кетади.

Бурҳониддин Жантўрўев ўз қариндошлари қўлга олинганини эшитгач 7 сентябрь куни Бахтиёрни чақиради ва ўзи юборишни сўраган тожикистонликни топиб беришни талаб қилади. Бахтиёр топиб беришни ваъда қилиб кетганидан сўнг телефонларини ўчириб олади.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг тарқатган маълумотида, сузоқлик 49 ёшли аёл террорчиларга молиявий ёрдам кўрсатганликда, қидирувдаги Бурҳониддин Жантўрўевнинг қариндоши терактни амалга оширадиган одамни топишда ёрдам берганликда гумонланиб қўлга олингани айтилади.

Расмий хабарда Хитой элчихонаси олдида портловчи модда ўрнатилган машинада ўзини портлатган худкуш Зоир Ҳалилов номига берилган тожик паспортига эга 33 ёшли уйғур миллатига мансуб шахс бўлган. У "Туркистон исломий ҳаракати" аъзоси бўлган. У 20 - августда Қирғизистонга келган.

Бурҳониддиннинг айтишича, террорчиликка алоқдаорликда гумонланиб Қирғизистондан Истанбулга гўшт етказиб берган қайнағаси, қарз олган қайни опаси ва Бахтиёр берган омонат пулни Бишкекка етказиб берган таксист жияни, шунингдек, пулни Истанбулдан Қирғизистонга юборган "Ҳалол Тур" фирмасининг икки ходими ҳам қўлга олинган.

Эслатиб ўтамиз, 30 август куни ҳудкуш "Мицубиси Делика" автомашинасида эрталаб 9дан 40 минут ўтганда ўзини Бишкекнинг Хитойдаги элчихонаси олдида портлатиб юборган.

Портлаш оқибатида уч нафар элчихонанинг қирғизистонлик ходими ярадор бўлган, элчихона биноси ва атрофдаги уйларгага зарар етказилган.

Қидирувга берилганлар орасида бўлган“Ҳалол Тур” ширкатида ишлаган 29 ёшли Муборак Турганбаев ҳам бор.Унинг Истанбулда экани айтилади.

Бироқ бундан аввал Муборак Турганбаев Озодликнинг қирғиз хизматига Қирғизистон ва Туркия ўртасида ватандошлар пулларини ташиб, қонуний ишлашини ва ўзининг айбсиз эканини маълум қилганди.

“7 ёки 8 сентябрь куни консулни телефон номерини топдим. Руслан деган йигит экан. Унга “Мен Бурхониддин Жантўрўевман. Бу ишларга мени ва яқинларимни алоқаси йўқ. Нима қилсам бўлади. Сизларга қандай мурожаат қилиш мумкин, дедим. У “Ккелинг, кўришиб гаплашайлик”, деди. Боргандим у телефонини кўтармагани учун қайтиб келдим”, - Бурхониддин Жантўрўев.

Бурхониддин аканинг айтишича элчихона ходимлари ҳозир байрам кунлари муносабати билан Қирғизистонда экан. Улар ишга қайтгач Бурхониддин ва адвокати улар билан учрашмоқчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG