Линклар

logo-print

Халқаро теннис федерацияси (ITF) ўзбекистонлик икки теннис ҳакамини ҳакамликнинг аҳлоқий қоидаларини бузгани учун умрбод дисквалификация қилди.

ITFга таяниб қатор ахборот агентликлари, хусусан ТАССнинг хабар қилишича, федерация ўтказган суриштирув Шерзод Ҳасанов ва Архип Молотягинлар ўйинлар натижалари билан боғлиқ ғирромлик қилганини аниқлаган.

Айтилишича, 2015 йилнинг 7- 9 сентябрь кунлари Исроилда бўлиб ўтган турнирда ўзлари ҳакамлик қилган ўйиндаги ҳисобни учинчи шахсларга телефон орқали айтган. Бундан ташқари улар учинчи шахслар ўйин натижаларига пул тикишларига имкон яратиш мақсадида ўйин натижаларини компьтерга киритишни кечиктирган – яъни учинчи томон букмекерлик ўйинларида манфаат кўриши учун ғирромлик қилган.

Шерзод Ҳасанов ва Архип Молотягинлар, шунингдек, етти ой давомида ”фьючерсларда” ҳисобни киритишни кечиктириб турган ва/ёки нотўғри ҳисоб киритган ва мавжуд бўлмаган ўйинларни киритган.

Айтилишича, Ҳасанов, шунингдек, бундай фирибгарликка Молотягиндан ташқари бошқа ҳакамларни ҳам жалб этган. Ўзбекистонлик икки ҳакам бошқа ҳакамлар амалга оширган қоидабузарликлар ҳақида хабар бермаганликда айбланган.

Ўзбекистонлик икки теннис ҳаками - Шерзод Ҳасанов ва Архип Молотягинлар умрбод дисквалификация қилинди, лицензиясидан маҳрум қилинди. Бундан буён бу икки ҳакамга ITF, ATP, WTA ва “Катта шлем” турнирларида ўйинларга ҳакамлик қилиш тақиқланди. Бундан ташқари улар турнирларга аккредитация берилиши тақиқланганлар рўйхатига киритилди.

XS
SM
MD
LG