Линклар

Г. Каримовага пора берганликда айбланаётган компанияга АҚШ $1,4 млрдли жарима тўлашни таклиф қилди


Telia Company телекоммуникация холдинги (собиқ TeliaSonera) мазкур ширкатнинг 2007 йили Ўзбекистон бозорига кириши билан боғлиқ қўзғатилган коррупцияга қарши тергов юзасидан АҚШ ва Ҳолландия ҳукуматларидан 1,4 млрд. доллар атрофида жарима тўлашга оид таклиф олганини пайшанба куни эълон қилди.

“Олдин ҳам кўп марта айтганимдай, Teliaнинг Ўзбекистонга кириши аҳлоққа ва қонунга зид усуллар билан амалга оширилган ва биз масъулиятни тўла ўз зиммамизга олишга тайёрмиз”. Telia Company раисаси Мари Эрлинг (Marie Ehrling) нинг бу баёнотини Рейтерс ахборот агентлиги тарқатди.

“Бу таклифга дастлабки реакциямиз шуки, жарима миқдори жуда юқори кўринмоқда. Раҳбарият бу таклифнинг барча тафсилотини ўрганади ва охирги жавобини беради"- деди Озодлик радиосига Тelia компаниясининг Евроосиё минтақаси бўйича вакила Александра Аккирман.

Унга кўра, бу таклиф Юсел компаниясининг Ўзбекистондаги жорий фаолиятига таъсир қилмайди. Бироқ шу йил охирига қадар Telia нафақат Ўзбекистон балки бутун Евроосиё минтақасини тарк этиш режасидан қайтгани йўқ, дейди Аккирман.

"Ўзбекистонни тарк этишимиз компаниянинг умуман Евроосиё минтақасидан чиқиб кетишга оид катта қарорнинг бир қисмидир. Раҳбариятимиз компанияни шу йил охиригача сотишни мўлжал қилмоқда."

Бошқаруви Амстердамда жойлашган VimpelCom телекоммуникация оператори жорий йил февралида Ўзбекистондаги коррупцион схемалар юзасидан тергов ўтказаётган АҚШ ва Ҳолландияга 795 млн. доллар ҳажмида жарима тўлаши мумкинлигини билдирган.

Telia Ўзбекистон бозорига 2007 йили (у пайтда TeliaSonera) Coscom акцияларининг 100 фоизини сотиб олиб кирган эди. Мазкур компания Vimpelcom ва МТС билан бир қаторда АҚШ маъмурлари қўзғаган коррупцияга қарши тергов фигуранти бўлган.

АҚШ Адлия вазирлигига кўра, тилга олинган операторлар сохта компаниялар тармоғи орқали ва консультация хизмати кўрсатишга доир қалбаки шартномалар ёрдамида, Ўзбекистоннинг телекоммуникация бозорига кириш учун, шу мамлакат президент қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ структураларга кўп миллион долларли пора берган.

АҚШ Адлия вазирлигига кўра, TeliaSonera Coscom операторини сотиб олиш орқали Ўзбекистон бозорига кирганидан сўнг 2007 йилдан буён Takilant фойдасига пора бериб келган.

Коррупция билан боғлиқ жанжал ортидан TeliaSonera ширкати Ўзбекистон ва Осиёнинг бошқа мамлакатларини тарк этиш режасини жорий йил бошида эълон қилди.

20 апрель куни эса бу режалар доирасидаги биринчи қадам ўлароқ, Telia Company Непалдаги Ncell мобил операторидаги улушини 48 миллон долларга сотганини эълон қилди.

Telia Company бош ижрочи директори Йоҳан Деннелинд Wall Street Journal газетасига берган интервьюсида шу йил охирига қадар Осиёнинг қолган мамлакатлари, жумладан Ўзбекистондан чиқиш жараёнини якунлаш ниятида эканини билдирган.

Айни пайтда...

2012 йили телекоммуникация соҳасидаги коррупция жанжали ортидан, Бош вазир ўринбосари лавозимидан ишдан олинган Абдулла Ниғматович Арипов Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялари масалалари комплекси раҳбари лавозимига тасдиқланди.

Абдулла Арипов 2002 йил май ойидан то 2009 йил октябригача Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг раҳбари бўлиб,. 2009 йилдан 2012 йилгача эса Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг чет эл ширкатларидан Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун пора олгани билан боғлиқ жанжал ҳам ўша пайтда коммуникация соҳасини назорат қилган мулозим Арипов исми билан боғланади.

XS
SM
MD
LG