Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:27

Тошкентда энергия ашёлари қимматлагани боис иссиқлик ва иссиқ сув нархи ошди


Тошкентда энергия ашёлари қимматлагани боис иссиқлик ва иссиқ сув нархи ошди. Фарғона бўйича 201 нафар чет эл фуқароси паспорт тартибини бузгани учун мамлакатдан чиқариб юборилди. Маҳаллий матбуот мана шундай воқеаларни ёритди.

Фарғона бўйича 201 нафар чет эл фуқароси паспорт тартибини бузгани учун мамлакатдан чиқариб юборилди

Фарғона вилоятида ўтказилган паспорт тартиби текширувларида 201 нафар чел эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қоида бузгани аниқланди ва мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилди (“Постда”, 10 сентябрь).

Қайд этилишича, текширувлардан 23 мингдан зиёд қоидабузар шахс аниқланиб, уларга нисбатан чора кўрилган. Жумладан, аниқланган камчиликлар юзасидан давлат идоралари раҳбарларидан 158 нафарига чора қўлланилган.

Қайд этилишича, янги биометрик паспортнинг жорий этилиши кўплаб жиноятларнинг тез фурсатда фош этилиши ва қидирувдаги шахсларнинг қисқа пайтда қўлга олинишига замин яратмоқда.

Айни пайтда Фарғона вилоятининг 75 фоиз аҳолиси янги биометрик паспорт олиб бўлгани хабар қилинган.

Тошкентда энергия ашёлари қимматлагани боис иссиқлик ва иссиқ сув нархи ошди

Жорий йил 1 октябрдан Тошкент шаҳри аҳолиси учун марказлашган иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти нархи оширилди (“Тошкент оқшоми”, 14 сентябрь).

Марказий иситишнинг янги нархи 1 метр квадрат майдон учун 1263,35 сўм этиб белгиланди (айни пайтда 1169,7 сўм).

Бир кубометр иссиқ сув баҳоси эса 3459,9 сўмдан 3736,92 сўмга чиқарилди.

“Тошиссиққуввати” корхонаси тариф қимматлашувини энергия ташувчи муҳит ва ашёлар нархи ошгани билан изоҳлади.

Тошкентда жорий йил 1 октябрдан электр энергияси, совуқ сув ва газ тўлови ҳам оширилмоқда.

Ҳафта саволи: Нега раҳбарлар журналистдан ўзини олиб қочади?

Айрим раҳбарлар орасида фикр айтишдан ўзини четга олиш, сиёсий баҳсдан ҳайиқиш ҳоллари ҳамон учраб турибди (“Ҳуррият”, 14 сентябрь).

Баъзи бошлиқлар эса матбуот саволига жавоб беришга мажбур эмасман деган кайфиятда юради. Газетага кўра, журналистни менсимаслик, у билан “битим” тузиш, қўшиб ёзиш ва буюртма эвазига танқидий ёки мақтов мақолалар тайёрлаш соҳанинг жиддий масалалари бўлиб қолмоқда.

“Дейлик, газета мухбири бирор муассасада бўлаётган тадбирни ёритиш учун келади. Раҳбар унга яхши муомалада бўлади, бир пиёла чой дегандек ёки уни бошқа йўллар билан рози қилиш – ҳарқалай, мухбирнинг кўнглини овлаш билан банд бўлади. Раҳбар ушбу тадбир, муассаса ҳақида фақат яхши гаплар, ютуқларнинг ёзилишини жуда хоҳлаши табиий. Мухбир нима қилади, “бир кун туз еган жойингга қирқ кун салом бер” мақолига таяниб иш тутадими?” деб ёзади муаллиф.

Қайд этилишича, гоҳида журналистлар мақтаса – Асқартоғдан ошириб юборади, танқид қилса – Абу Муслимнинг зарби ҳам ип эшолмай қолади.

XS
SM
MD
LG