Линклар

Интерпол Ғафур Раҳимовни қидирувдаги шахслар рўйхатидан олиб ташлади


Ғофур Раҳимов Ғаарб матбуотида жиноий гуруҳ етакчиси дея тилга олинади

Ғофур Раҳимов Ғаарб матбуотида жиноий гуруҳ етакчиси дея тилга олинади

Ўзбекистон ватандоши Ғафур Раҳимов исми Интерполнинг Ўзбекистондаги миллий ваколатхонаси қидирув лентасидан жорий йилнинг 15 сентябрь куни олиб ташланди.

АҚШ Молия вазирлиги 2012 йилда Ғафур Раҳимовни уюшган халқаро гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига киритган эди.

65 ёшли Ғафур Раҳимовнинг исми ҳозир ҳам мазкур рўйхатда қолмоқда.

"Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғафур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири ва у Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда," дейилади АҚШ Молия вазирлиги расмий сайтидаги ҳужжат матнида.

АҚШ Молия вазирлиги қора рўйхати

АҚШ Молия вазирлиги қора рўйхати

Унда "Биродарлик халқаси" деб аталган мазкур гуруҳ аъзоларининг Европа, Яқин Шарқ, Африка ва Лотин Америкаси давлатларида фаолият юритиб келаëтгани таъкидланган.

Санкцияга тортилган гуруҳнинг етти аъзоси орасида Ғафур Раҳимовдан ташқари яна бир Ўзбекистон ватандоши - Лазар Шайбазян ҳам бор.

АҚШ Молия вазирлигининг билдиришича¸ Шайбазян "Биродарлик халқаси" етакчиларидан бири Владислав Леонтевнинг яқин одами сифатида унинг номидан иш кўради.

АҚШ санкциясига тортилган "Биродарлик халқаси" гуруҳи раҳбарлари¸ хусусан Ғафур Раҳимовнинг ҳам ҳозирда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида истиқомат қилиши айтилади.

АҚШ Молия вазирлиги баёнотида санкциялар жорий қилинган шахсларнинг исм-шарфлари, қайси давлат ватандоши экани, яшаш манзиллари, паспорт рақамлари ва бошқа маълумотлар ҳам келтирилган.

Ғафур Раҳимовнинг қидирувга берилгани тўғрисидаги ҳужжат

Ғафур Раҳимовнинг қидирувга берилгани тўғрисидаги ҳужжат

Санкция жорий қилинган “Биродарлик халқаси” аъзоларининг аксари бир неча давлат ватандошлари бўлгани ҳолда¸ (Василий Христофоров (Россия), Қамчибек Колбаев (Қирғизистон), Владислав Леонтев (БАА, Греция, Гана, Венесуэла), Александр Мануйлов (Россия), Ғафур Раҳимов (Ўзбекистон), Лазар Шайбазян (Ўзбекистон), Алексей Зайцев (БАА, Гана, Россия) ҳужжатда Ғафур Раҳимовнинг икки ном билан олинган иккита Ўзбекистон паспортига эга экани қайд этилган.

АҚШ Молия вазирлиги баёнотида мазкур шахсларга қарши санкция жорий қилишдан мақсад АҚШ молия тизимини ҳамда АҚШ молиявий ташкилотларини ўзи билмаган ҳолда мазкур гуруҳнинг ноқонуний фаолиятига аралашиб қолишидан ҳимоялаш экани билдирилган.

Айни пайтда жазо чоралари тилга олинган шахсларнинг АҚШ иқтисодиётига кириб келишини олдини олиш таъминлаб келинмоқда.

АҚШ вазирлиги қора рўйхатга қўшган "Биродарлар халқаси"даги аксар криминал авторитетлардан фарқли Ғафур Раҳимовга қарши у ватандош бўлган Ўзбекистонда ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан бирор расмий ëда норасмий айблов қўйилгани ҳақида маълумот йўқ.

Аммо Осиë Бокс федерациясининг собиқ президенти¸ Осиё Олимпия кенгашининг собиқ вице-президенти, Ўзбекистондаги йирик бизнес тизимлари эгаси Ғафур Раҳимов (Ғофир-Арслонбек Аҳмад ўғли Раҳимов) 2012 йилда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раис ўринбосари ва Ўзбекистон Миллий Бокс федерацияси президенти лавозимларидан ҳам четлатилгани ҳақида Озодликда маълумот мавжуд.

Ғафур Раҳимов ўзбек боксининг хомийларидан бири сифатида танилган

Ғафур Раҳимов ўзбек боксининг хомийларидан бири сифатида танилган

Ғафур Раҳимовга оидлиги иддао қилинган Ўзбекистондаги бизнес тизимларида 2012 йилда жиддий тафтиш ўтказилгани ортидан унинг Бирлашган Араб Амирликларида ихтиёрий сургунда яшаб келгани айтиб келинади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2012 йилнинг 28 июн куни эълон қилган хабарномада айтилишича, “Sezam” ва “Lessor Plyus” ширкатларидан мамлакатга ноқонуний тарзда олиб кирилган 362,5 миллион сўмга тенг маиший техника ва аудио-видео аппаратура мусодара қилинган.

"Тергов давомида мазкур ширкатлар раҳбарлари 2010-2011 йиллар давомида 6,4 миллиард сўмлик молни ноқонуний тарзда мамлакатга олиб кириб, сотгани, 6,7 миллиард сўмлик молни сотишда қонунларни бузгани ва давлатга 2,4 миллиард сўм миқдорида солиқ ва бошқа тўловларни тўлмагани ҳам фош этилди”, дея ёзган бош прокуратура ҳабарномасида Раҳимовнинг бу ширкатларга алоқадорлиги аниқ айтилмаганди.

Ўзбекистон бизнес доираларига яқин манбанинг айтишича, “Прокуратура келтирган хабарлардаги бизнес тизилмалар Ўзбекистондаги бизнеси тортиб олинаётган Ғафур Раҳимовга дахлдор".

Спортсмен¸ савдо вазирлиги мулозими ва тадбиркор?

Ғафур Раҳимов, Вахтанг Кикабидзе ва Салим Абдувалиев

Ғафур Раҳимов, Вахтанг Кикабидзе ва Салим Абдувалиев

Ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб Ўзбекистон ва Марказий Осиëдаги криминал тўдалар ичидаги нуфузини кучайтириб келаëтгани айтиладиган Ғафур Раҳимов Тошкент ҳукумати томонидан мамлакат спорти¸ хусусан, боксини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаëтган йирик тадбиркор сифатида эътироф этилиб¸ шахсан президент Каримов томонидан берилган олқиш ва мукофотларга сазовор бўлган.

Айни пайтда бундан 2002 йилги Сиднейдаги халқаро Олимпиада ўйинларида Осиë олимпия қўмитаси расмийси сифатида қатнашишга борган Ғафур Раҳимовни Австралия хавфсизлик идоралари, "халқаро наркобарон" деган шубҳа билан, мамлакат ҳудудига киритмаган ва бу воқеа халқаро майдонда шов-шувга сабаб бўлган эди.

Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидов Озодлик билан суҳбатда Ғафур Раҳимовни Ўзбекистонда ҳам Марказий Осиëда ҳеч қандай ғайри-қонуний ишларга аралашмаган деб ҳисоблашини билдирди.

Бундан олдин Ғафур Раҳимовнинг АҚШ Молия вазирлиги томонидан халқаро наркосиндикатлардаги муҳим шахс сифатида қора рўйхатга киритилиши юриспруденция нуқтаи назаридан унинг жинояти исботланганини англатмайди¸ деган эди Озодлик билан суҳбатда нуфузли Лондон Иқтисодиëт университетининг халқаро ҳуқуқ бўйича профессори Луиз Ариматсу.

"У ëки бу шахснинг АҚШ банкларидаги активлари музлатилар экан¸ бу маъмурий ҳуқуққа оид ва бу ишни жиноий ишдан мутлақ фарқлаш лозим. Кимнидир террор тармоғига алоқадор ëки уюшган жиноий тўдага аъзо¸ дейиш бу баëнот - сиëсий баëнот. Агар АҚШда Ғафур Раҳимов ëки санкция қўлланилган бошқа шахсларнинг глобал миқëсда наркотиклар контрабандасига алоқадор эканини исботловчи жиддий далиллар бўлса¸ улар жиноий таъқибни ҳам бошлаши мумкин. Аммо бу бутунлай бошқа жараëн ва ҳозирги босқичда санкция киритилган шахслар айбсизлик презумпциясига кўра¸ гуноҳсиз ҳисобланади¸" деган эди ғарблик ҳуқуқшунос.

Норасмий манбалар президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан бизнесдаги мавқеини сақлаб қолиш учун рақобатга киришганидан сўнг Ғафур Раҳимовнинг ҳукумат¸ хусусан Ислом Каримов марҳаматидан мосуво бўлгани ва 2010 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетганини айтиб келишади.

Айни манбалар иддаосига кўра¸ Ўзбекистон президенти ўлимидан кейин Раҳимов учун қулай вазият юзага келди.

Озодлик Интерполнинг Ўзбекистондаги миллий бюроси билан боғланиб Ғафур Раҳимов исмининг қидирув рўйхатидан олиб ташланишига ойдинлик киритишга уринди.

Аммо Интерполнинг Ўзбекистондаги миллий бюросига оид телефон рақамлардан бирортаси билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG