Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:30

Петербургда полициядан паспортини қайтаришни талаб қилган ўзбек судга тортилди


Санкт-Петербургда рейд пайтида олинган паспортини қайтаришни талаб қилган ўзбекистонлик муҳожир, депортация қилиш учун судга тортилди.

Самарқандлик 25 ёшли Жасурнинг иддао қилишича, паспортини қайтариши учун полиция ходими ундан пора талаб қилган.

Ўз навбатда полиция расмийси, Озодлик билан сўҳбатда, ўзбекистонлик йигит даъволарини рад этди.

Самарқандлик Жасур яқинларидан бирининг Озодликка маълум қилишича, Жасур 2016 йилнинг 17 апрелида ўзбекларга қарашли “Уч қудуқ” кафесидан полиция бўлимига келтирилган.

Жасур яқинига кўра бўлимдаги полиция ходимларидан бири муҳожир паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, “2000 рубл жарима пули топиб кел, кейин ҳужжатларингни оласан,” дея ўзини қўйиб юборган.

"Жасур пулни ўз вақтида тополмай, 3 кундан кейин яна полиция бўлимига келган. Ҳужжатларни олган полиция ҳодими бир неча кунга таътилга кетган бўлган. Самарқандлик йигит паспортни қайтариб олиш учун 4 ой полиция идорасига натижасиз қатнайди," деб айтди самарқандлик муҳожир яқинларидан бири.

Сарсон-саргардонликдан тоқати тоғ бўлган муҳожир 14 сентябрда полиция бўлимига келиб, яна паспортини беришлари ёки паспорт йўқолгани ҳақида ҳужжат беришларини,акс ҳолда шикоят қилишини билдирган.

Полициячилар “биз сени паспортингни олганимиз йўқ, бизга тўҳмат қилаяпсан, эртага сени депортация қиламиз”, дея самарқандлик йигитни полиция бўлимига қамаб қўйишади.

Озодлик Ўзбекистон ватандоши ушланган Санкт-Петербург шаҳри, Адмиральтийский тумани 77 полиция бўлимига мурожаат қилди.

Ўзини полиция навбатчиси Андрейко деб таништирган шахс, Жасур Нуруллоев паспорти полиция ходими томонидан олингани рад этди.

"Жасурнинг ҳужатлари йўқ. Мен ундан ҳеч қандай ҳужжат олганим йўқ . Ўзбекистон ватандошини судга олиб боришлари керак. Унинг ҳақ-ноҳақлигини суд ҳал қилади," деди полиция навбатчиси Андрейко.

Жасур саргузаштидан яхши хабардор бўлган ўзбекистонлик фаол Бек Назар Озодлик билан сўҳбатда ўзбекистонлик муҳожирнинг бошига тушган муаммо Россияда ўта кенг тарқалганини айтди.

"Жасурга ўша пайтда паспортини полициячи олгани ҳақида ариза ёзишини айтдим, адвокатгача гаплашиб қўйдим, рози бўлмади, қўрқди. Ана шундай пайтларда полициячиларга пора бергандан кўра шикоят аризасини ёзиш керак. Мигрантлар ўзларини ҳақ-ҳуқуқларини билишлари керак. Полиция ушлаган пайтда “нима сабабдан ушладинг, нимага асосланиб паспортимни олаяпсиз деб сўраш керак. Полициячи паспортини олган бўлса, ундан паспорти олингани ҳақида ҳужжат талаб қилиши керак. Ҳозир Жасурни ўзини айбдор қилиб, депортация қилишяпти. Аслида унинг мутлақо айби йўқ," дейди Бек Назар.

Меҳнат муҳожирга нисбатан депортация қилиш қарори чиқарилгандан сўнг, муҳожир 10 кун давомида суд ҳукмидан норози бўлиб шикоят аризасини топшириши мумкин.

Кузатувчиларга кўра, миграция қонунларини бузганлигда гумон қилинган муҳожирлар иши, маҳкамда аксар ҳолларда муҳожирлар зарарига ҳал этилади.

XS
SM
MD
LG