Линклар

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси очилди


Чегаралардаги ўтказиш пунктларидан бири.

Чегаралардаги ўтказиш пунктларидан бири.

Душанба - 19 сентябрь куни эрталабки соат 8да Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида шу кунгача ёпиқ қолаётган чегаралар расман очилди. Озодликка етиб келган хабарларга қараганда, чегара ёпилиши муносабати билан 3 сентябрдан 18 сентябргача қамал ҳолатида қолган Ўзбекистоннинг Сўх экславидаги чегара ўтказиш пунктида ўнлаб одам чегарадан ўтиш учун навбат кутмоқда. Чегаралар Ўзбекистон икки давлат ўртасида баҳсли экани айтилиб келинаётган Унгартепа ҳудудига киритган милиция десантини олиб чиқиб кетганидан бир кун ўтиб очилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараси 19 сентябрь тонгида очилганини Озодлик радиосига Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Сажира Чўқўлўева тасдиқлади.

-Ўзбекистон ва Қирғизистон ватандошларининг чегарадан ўтиши бўйича жорий этилган чекловлар бекор қилинди. Яъни, бундан буён бу икки давлат ватандошлари чегарадан ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтиши мумкин, -деди Сажира Чўқўлўева.

Унга кўра, чекловлар Ўзбекистон томонидан ҳам, Қирғизистон томонидан ҳам тенг равишда бекор қилинган.

Сажира Чўқўлўева чегарадан ўтиш жараёнида Ўзбекистон ватандошлари қандайдир тўсиқларга ёки ноқонуний ҳаракатларга дуч келсалар Қирғизистон Чегара хизмати ишонч телефонларига мурожаат қилишлари кераклигини айтди:

-Ҳар бир чегара пунктида стендлар бор. Ўша ерда ишонч телефонлари кўрсатилган. Ҳар бир ватандош мана шу телефон орқали биз билан боғланиши мумкин, - деди Сажира Чўқўлўева.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси очилиши тўғрисидаги гаплардан хабар топган ўнлаб сўхликлар чегара ўтказиш пунктига келиб навбат кутиб тургани ҳақида Озодликка маҳаллий аҳоли вакилларидан бири маълум қилди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, эрталабки соат 10ларда ҳам Ўзбекистон томонидан чегара очилмаган. Чегарачилар бу ҳолатни ҳали расмий буйруқ келмагани билан изоҳлаган.

-Ҳозир қирғизларга келган буйруқ бўйича нарги томон чегараси очилибди, лекин Ўзбекистондан ҳозирча топшириқ бўлмабди. Бироқ одамлар шунга қарамай чегарадан ўтиш учун навбатга туришибди. Чегарачилардан сўрасам: “Чегара очилишини эшитганмиз, расмий буйруқ кутаяпмиз”, дейишди. Буйруқ бир соатлар ичида келиб қолар экан, -деди сўхлик суҳбатдош.

Сўхликларнинг Озодлик радиосига маълум қилишича, чегаранинг Ўзбекистон қисми Тошкент вақти билан соат 11ларда очилган.

Суҳбатдошимиз Қирғизистон Ўзбекистон билан чегараларини ёпиб қўйган 3 сентябрдан бери қамал ҳолатида қолган Сўхда қийинчиликлар юзага келганини айтди:

-Ҳақиқатан бензин нархлари кўтарилди. Баъзи уколлар ва дори-дармонлар танқис бўлиб қолди. Озиқ-овқат нархлари ҳам бир оз ошди, лекин озиқ-овқат тақчиллиги бўлмади, ҳамма маҳсулотлар магазинларда сотилди. Чегаралар ёпилганидан иқтисодий зарар кўп бўлгани йўқ, лекин маънавий зарар катта бўлди, -деди суҳбатдош.

Озодлик радиоси аввалги эшиттиришларида чегара ёпиқлиги туфайли Сўх ва Шоҳимардон эксклавларда яшайдиган ўқувчи ва талабалар Ўзбекистоннинг асосий ҳудудидаги ўқув юртларига етиб боролмаётгани, бу ерларга қариндошларини кўриш ёки дам олиш учун келган ватандошлар ўз уйларига қайтолмаётгани ҳақида хабар берган эди. Биргина Сўхнинг ўзида қарийб 400 ўғил-қиз ўқув жойларига боролмай қолгани айтилган.

Сўх ва Шоҳимардон экславлари деярли 40 кун қамал ҳолатида бўлди. Қирғизистон чегарани 3 сентябрда беркитган бўлса, Ўзбекистон ўз чегарасини август ойида ёпган эди.

Қирғизистон томони чегаранинг ёпилишини мамлакатда Кўчманлар 2-бутунжаҳон ўйинлари ва МДҲ саммити ўтказилиши билан боғлаган эди. Бироқ чегара 18 сентябрда Ўзбекистон Унгартепага киритган 20 нафар милиционерни баҳсли ҳудудан олиб чиқиб кетганининг эртаси куни очилди.

Тошкент икки давлат ўртасида баҳсли экани айтилиб келинадиган Унгартепа ҳудудига 22 августда милиция десантини киритгани ортидан Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларида кескинлик пайдо бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG