Линклар

ЕХҲТ Ўзбекистон президенти сайловига кузатувчилар жўнатишдан олдин вазиятни ўрганади


Марказий сайлов комиссияси

Марказий сайлов комиссияси

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) Ўзбекистондаги президент сайловига ўз кузатувчиларини юборишдан олдин бу мамлакатдаги сайловолди муҳитини ўрганиб чиқади.

Бу ҳақда Озодликка ДИИҲБ сўзчиси Томас Раймер маълум қилди.

Томас Раймернинг айтишича, бюро Ўзбекистон таклифномасини бугун олган ва ҳозирда сайловолди муҳитини ўрганиш учун Ўзбекистонга баҳоловчиларнинг кичик гуруҳини юбориш масаласини кўриб чиқмоқда.

Ушбу гуруҳ, Томас Раймерга кўра, дастлаб Тошкентга сафар қилиб, Ўзбекистон ҳукумати расмийлари, Марказий сайлов комиссияси, мамлакатдаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказади.

Ушбу гуруҳ хулосалари асосида ДИИҲБ Ўзбекистондаги президент сайловига кузатувчилар гуруҳини юбориш ёки юбормаслик борасида якуний қарор қабул қилади.

18 сентбярда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда бошқа бир қатор халқаро ташкилотларга Ўзбекистондаги президент сайловига ўз кузатувчиларини юборишни сўраб, таклифномалар юборди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг таъкидлашича, “халқаро ва хорижий кузатувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши бутун сайлов жараёнининг ошкоралиги ва очиқлиги тамойиллари мустаҳкамланишига, умумийлик, тенглик, эркинлик ва яширин овоз бериш каби демократик сайловларнинг тамойилларига риоя этилишига хизмат қилади”.

2015 йил баҳорида Ўзбекистон президенти сайловига кузатувчиларни эмас, чекланган баҳоловчиларини юборган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ўз баёнотида "сайловда ҳақиқий мухолифат мавжуд бўлмаган ҳолатда сиёсий саҳнада жорий раҳбар сиймоси устуворлик қилган"ини таъкидлаган, сайлов “қонун устуворлигига” зид равишда ўтказилгани тўғрисида хулоса қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG