Линклар

18 сентябрда Россия Давлат Думасига бўлган сайловда, президент Путин партияси - "Единая Россия" ("Ягона Россия") парламентдаги 450 ўриндан 343 ўринни эгаллаб, мутлақ ғалаба қозонди. Россия Марказий сайлов қўмитаси эълон қилган сўнгги маълумотга кўра, путинчилар партияси билан бирга Россия коммунистлари 42 ўрин, Россия Либерал-демократик партияси (ЛДПР) 39 ўрин, "Справедливая Россия" партияси 23 ўрин билан янги Думага киришга муваффақ бўлди. Сайловда қатнашган мухолифат партиялари Думага кириш учун талаб этилган 5 фоизлик тўсиқни ўта олмади.

Сайлов натижалари эълон этилишидан олдин президент Владимир Путин ва бош вазир Дмитрий Медведев "Единая Россия" сайловда ғолиб чиқди, дея баёнот тарқатди.

Марказий сайлов қўмитасидан келаётган хабарларга кўра, “Единая Россия” ЖАМИ 50 фоиздан ортиқ овозларни тўплаган.

Кремл сўзчиси Дмитрий Песков "18 сентябрда ўтган сайловда сайловчилар аслида президент Владимир Путин учун овоз беришди," деб айтди.

Расмийларга кўра, парламент сайловлари "адолатли ва ошкора" ўтди.

Мухолифатчилар эса сайловда иқтидордаги "Единая Россия" партиясини ҳокимият ресурсларидан фойдаланганликда айблади.

Сайловда қатнашган мухолифатдаги "Яблоко" ва “ПАРНАС”(Халқ озодлик партияси) Думага кириш учун талаб этилган 5 фоизлик тўсиқни ўта олмади.

Россия Думасининг собиқ депутати, медиа эксперт Игорь Яковенко Озодликка 2016 йилги Дума сайлови мухолифат партияларга қарши қаратилган энг "жирканч" сайловлар қаторидан ўрин олганини айтди.

- Россия федерал телеканали мухолифат партиялари, жумладан Компартия, "Яблоко" ва "ПАРНАС" партияларига қарши махсус кўрсатувлар намоиш этди. Бу гал федерал телеканаллар кўрсатувларида мухолифат вакилларига қарши жирканч технолигиялар кенг кўламда ишга солинди. Шу билан бирга, сайлов берувчилар сонини атайин кўп этиб кўрсатиш хамда маъмурий ресурсларни ишга солиш ватандошларнинг овоз бериш истагига салбий таъсир кўрсатди, деди эксперт Игорь Яковенко.

Бу галги сайловлар Қрим ороли Россия томонидан аннексия этилиши ортидан Ғарб киритган санкциялар манзарасида ўтди.

Россия парламентининг қуйи палатаси – Давлат Думасига сайловларда жаъми 14 та партия ва сиёсий ҳаракат иштирок этди.

Улар парламентдаги 450 та ўрин учун кураш олиб борди.

Марказий сайлов кумитаси маълумотига кўра, малакат бўйлаб 94 мингдан ортиқ сайлов участкаси иш олиб борди.

Сайловда 111 миллион 600 минг Россия ватандоши овоз бериш ҳуқуқига эга бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG