Линклар

logo-print

Ўзбекистон рекорд натижаларга эришган паралимпиячиларни тантанали кутиб олди


Паралимпия чемпиони Ўткиржон Нигматов (чапдан иккинчи) Рио де Жанейрода медал олган қўшни давлат спортчилари билан.

Паралимпия чемпиони Ўткиржон Нигматов (чапдан иккинчи) Рио де Жанейрода медал олган қўшни давлат спортчилари билан.

Бугун, 21 сентябрь куни эрта тонгда Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида ўтган паралимпия ўйинларида 176 давлат орасида 16 -ўринга эгалик қилиб, рекорд натижаларга эришган Ўзбекистон терма жамоаси Тошкент аэропортида карнай-сурнайлар билан тантанали кутиб олинди. Ўзбек спортчиларини кутиб олиш маросимида Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, Олимпия қўмитаси расмийлари, спортчиларнинг яқинлари ва ишқибозлар иштирок этди.

Ўзбекистон спортчилари 6 та жаҳон рекорди ўрнатди

Ўзбекистоннинг 32 кишидан иборат терма жамоаси Бразилиядаги Рио де Жанейро шаҳрида 7 сентябрдан 18 сентябргача ўтган паралимпия ўйинларида 31 медални қўлга киритди. Қўлга киритилган 31 медалнинг 8таси олтин, 6 таси кумуш ва 17таси бронзадир.

Паралимпия ўйинларида 176 мамлакатдан 4000 дан зиёд паралимпиячи 23 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб борди. Бу мамлакатлардан 82тасигина паралимпия медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Мана шу мамлакатлар орасида Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 16-ўринни, медаллар сони бўйича 12-ўринни эгаллади.

Эслатиб ўтиш жоизки, 2012 йилда Лондонда ўтган паралимпия ўйинларида Ўзбекистондан 10 спортчи ишитрок этиб, 166 давлат орасида 71 ўринни эгаллаган эди.

Рио паралимия ўйинларида енгил атлетика, сузиш, дзюдо, ўқ отиш ва оғир атлетика бўйича мусобақаларда иштирок этган ўзбек паралимпиячилари мусобақларда 6та жаҳон, 7 та паралимпия ва 12та Осиё рекордини ўрнатди.

Пралимпиячилар медалларини "Ислом Каримов хотирасига бағишлади"

Ўзбекистон паралимпия жамоасига биринчи олтин медални олиб келган дзюдочи Шерзод Намозов ўзбек матбуотига берган интервюсида ўз ғалабасини марҳум президент Ислом Каримов хотирасига бағишлаганини айтган эди.

-Мен мана шу олтин медалимни биринчи президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг руҳларига бағишлайман. Келгусида ҳам, Худо хоҳласа, мана шундай медалларни кўп оламиз, деб ният қиламан, -деган эди Шерзод Намозов 9 сентябрь куни берган интервьюсида.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Рио де Жанейрода бўлиб ўтган ХV ёзги паралимпия ўйинлари совриндорларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармонда айтилишича, олтин медалга 200 минг доллар, кумуш медалга 100 минг доллар, бронза медалга 75 минг доллар пул мукофоти берилади.

“Пул мукофотларини тўлаш Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан хорижий валютада – АҚШ долларида, банкда жисмоний шахслар учун белгиланган тартибда очиладиган депозит ҳисоб рақамларидан, солиқ ундирилмасдан амалга оширилади”, деб хабар берди Kun.uz нашри. Шунингдек, спортчиларга “Малибу” автомашиналари ҳам топширилади.

Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида август ойида ўтказилган Ёзги Олимпиада ўйинларида ҳам ўзбек спортчилари катта ютуқларга эришиб, биринчи марта жами 13та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Олимпиадада медалларга сазовор бўлган 87 давлат орасида 21-ўринни эгаллаган эди. Ўзбекистон терма жамоаси сазовор бўлган 13 медалдан 4таси олтин, 2 таси кумуш ва 7таси бронзадир. Ўзбекистон жамоаси2012 йилдаги Лондон Олимпиадасида битта олтин, учта бронза медал билан 47-ўринни эгаллаганди.

XV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон ҳисобига медаллар олиб келган барча спортчилар рўйхати.

Олтин медаллар:

1. Шерзод Намозов - дзюдо (60 кг);

2. Ўткиржон Нигматов - дзюдо (66 кг);

3. Ҳусниддин Норбеков - диск улоқтириш;

4. Одил Тулиндебаев - дзюдо (100+ кг.);

5. Фотимахон Амилова - брасс усулида сузиш (100 м.);

6. Фирдавсбек Мусабеков - брасс усулида сузиш (100 м.);

7. Александр Свечников - найза улоқтириш;

8. Нозимахон Қаюмова - найза улоқтириш.

Кумуш медаллар:

1. Кирилл Панков - баттерфляй усулида сузиш (100 м.);

2. Муслима Одилова - баттерфляй усулида сузиш (100 м.);

3. Хайтжон Алимова - дзюдо (70+ кг.);

4. Фотимахон Амилова - комплекс усулда сузиш (200 м.);

5. София Бурхонова - ядро улоқтириш;

6. Муслима Одилова - эркин усулда сузиш (50 м.).Бронза медаллар:

Бронза медаллар:

1. Севинч Салаева - дзюдо (62 кг);

2. Музаффар Турсунхўжаев - баттерфляй усулида сузиш (100 м.);

3. Фотимахон Амилова - баттерфляй усулида сузиш (100 м.);

4. Турсунпошша Нурматова - дзюдо (63 кг.);

5. Феруз Сайидов - дзюдо (73 кг.);

6. Сервер Ибрагимов - пистолетда 10 м.га ўқ отиш;

7. Ширин Шарипов - дзюдо (100 кг.);

8. Шухрат Бобоев - дзюдо (90 кг.);

9. Гулруҳ Раҳимова - дзюдо (70 кг.);

10. Шоҳсанам Тошпўлатова - комплекс усулда сузиш (200 м.);

11. Дониёр Солиев - узунликка сакраш;

12. Аҳрор Бозоров - паурлифтинг (80 кг.);

13. Дмитрий Хорлин - эркин усулда сузиш (400 м.);

14. Ўзбекистон жамоаси - 4х100 метрга югуриш бўйича жамоавий эстафета;

15. Ҳусниддин Норбеков - ядро улоқтириш;

16. Музаффар Турсунхўжаев - эркин усулда сузиш (50 м.);

17. Шоҳсанам Тошпўлатова - эркин усулда сузиш (50 м.).

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG