Линклар

Ўзбекистонда ëймачи тужжорларга касса аппаратсиз савдо қилишга изн берилди


Ўзбекистонда ëймачи савдогарларга касса аппаратсиз савдо қилишга рухсат берилгани тўғрисидаги маълумотни Озодлик Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасидаги ўз манбасидан олди.​

Бухоро ва Жиззах вилоят ҳокимлигидаги манбаларидан олинган маълумотларга қараганда, вилоятлар ҳокимларининг "Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиëевнинг буйруғига таяниб" чиқарган фармойиши билан кичик тадбиркор ва ҳунармандларнинг касса апаратларисиз ишлашига рухсат берилган.

Бундан буён ягона солиққа тортиладиган кичик тадбиркорлик субъектлари ва индивидуал тадбиркорлар¸ ëдгорлик ва халқ ҳунармандлиги маҳсулотлари билан савдо қиладиган дўкондорлар¸ кўчма ва ëйма савдо нуқталари эгаларига касса-назорат техникасини қўлламасдан нақд пул ëки пластик карта терминаллари орқали савдо қилиш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон Давлат солиқ идорасидаги Озодлик манбасининг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил декабридаги "Улгуржи ва чакана савдо тўғрисида"ги 407- қарорига 2016 йилнинг 15 сентябрида ўзгартириш киритилган.

Бу ўзгартиришга кўра¸ ëйма ва кўчма дўконлар¸ ëдгорлик ва ҳунармандлик маҳсулотлари сотадиган савдо шоҳобчаларида касса аппаратисиз нақд пул билан савдо қилишга изн берилади.

Озодлик манбасининг айтишича¸ "касса аппаратисиз ишлашига изн берилган" савдогарлар Давлат солиқ идорасидан ягона солиқ тўлайдиган савдогар сифатида қайддан ўтишлари лозим.

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2013 йилдаги қарорига биноан, чакана савдо билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун ягона солиқ миқдори энг кам иш ҳақининг 10 баравари қилиб белгиланган.

Айни пайтда касса аппаратларидан фойдаланмасликка рухсат олган тадбиркорлар зиммасида харидор олдидаги масъулият сақланиб қолади.

- Ҳозир иқтисодият мажмуаси солиқ идораси билан биргаликда тадбиркорлар орасида тушунтириш олиб боряпти. Кичик тадбиркор касса аппаратисиз савдо қилганида мижоз сўровига кўра, товар сотилгани ëки хизмат кўрсатилгани ҳақида квитанция ëки чек бериши керак. Чекда товар ë хизмат учун қанча пул олингани аниқ ëзилиши керак. Чек устида дўкон ëки тадбиркорнинг аниқ исми ëзилиши керак. Шунингдек, солиқ тўловчининг идентификацион номери¸ савдони амалга оширган кишининг исми¸имзоси ва муҳр бўлиши керак¸ деди Жиззах вилоят ҳокимлигидаги Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра¸ “чек қоғозини мижозга беришдан бош тортган тадбиркорлар ҳуқуқбузар сифатида жаримага тортилади”.

Кичик тадбиркорларга касса аппаратидан фойдаланмасликка рухсат беришдан ташқари уларни ортиқча текширишдан ҳам ихоталамоқчилар.

Бухоро вилоят ҳокимлиги иқтисод мажмуидаги манбанинг айтишича¸ шу кунларда солиқчиларга харидор қиёфасида синов харидини амалга ошириш тақиқлаб қўйилган:

-Тадбиркорларга бир оз бўлса ҳам эркинлик керак эканлигини фармойишсиз ҳам тушуниб турувдик. Шу кунларда вилоят ҳокими ўринбосари солиқчиларга ортиқча назоратдан тийилишни тайинлади¸ деди манба.

Ўзбекистон савдо шаҳобчаларидаги назорат-касса аппаратларини текшириш тартиби 2011 йил 17 ноябр куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилиниб¸ 2012 йил 1 январдан кучга кирган қарорга кўра, солиқ ходимлари қонунбузарлик ҳолатини аниқлаш учун харидор қиёфасида махфий текширув ўтказиб келган эди.

Бухоро марказида ëдгорликлар билан савдо қиладиган дўконча эгасининг Озодликка айтишича, Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ходимларининг касса аппаратини махфий текширувлари ўзига ҳос қароқчиликка айланиб кетган:

- Солиқ идоралари ходимлари берилган чекларни касса аппарати хотираси билан солиштириб¸ устингдан иш очаман деб пул ундириб келишди. Шояд шу фармойишнинг умри узун бўлиб касса аппарати бошқа қайтиб келмасин¸ дейди исми айтилишини истамаган дўкон эгаси.

Айни пайтда мамлакатнинг кўпгина савдо шаҳобчаларида касса аппаратлари хўжакўрсин учун тургани, асосий харидлар уни четлаб амалга оширилгани ҳақида ҳам Озодликда маълумотлар бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG